Лицей ва коллежларнинг 42 нафар ўқувчиси фан олимпиадасининг республика босқичида беллашади
Вилоятимиздаги академик лицей ва касб-ҳунар таълими муассасалари ўқувчилари ўртасида фан олимпиадасининг вилоят босқичи бўлиб ўтмоқда.
– 14 та умумтаълим фанлари бўйича ёшларнинг билими ёзма иш ва тест синовлари орқали аниқланади, – дейди ташкилий қўмита раиси ўринбосари Розиқ Файзиев. – Олимпиадада 243 нафар 3-босқич ва 107 нафар 2-босқич ўқувчилари билимларини синовдан ўтказмоқда. 3-босқич ўқувчиларининг энг юқори балл тўплаган 42 нафари олимпиаданинг республика босқичида қатнашади. Олимпиадани шаффоф ва адолат билан ўтишини таъминлаш мақсадида синов хоналарига кузатув камералари ўрнатилган. Шунингдек, ўқувчи-ёшларнинг ота-оналари ҳам жараённи бевосита кузатиш имкониятига эга.
Вилоят касб-ҳунар таълими ҳудудий бошқармаси маълумотига кўра, 2-босқич ўқувчилари орасида биринчи ўринни эгаллаганлари 2019-2020 ўқув йилида ўтказиладиган олимпиаданинг тўғридан-тўғри вилоят босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритади.
Ўқувчиларнинг ишлари олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари ҳамда ўрта махсус ва умумий ўрта таълим мактабларининг тажрибали ўқитувчилари томонидан баҳоланмоқда.
Дарвоқе, фан олимпиадаси якунлангач, математика, физика, кимё, биология, информатика фанидан 1-5-ўринларни эгаллаган академик лицей ҳамда касб-ҳунар коллежларининг 2-,3-босқич ва умумий ўрта таълим мактабларининг 10-,11-синф ўқувчиларидан иборат ёшлар томонидан халқаро олимпиадада куч синашувчи республика терма жамоаси аъзолари шакллантирилади.