МАГАТЭ: Запорожье АЭС хавфсизлик тизимлари тўлиқ ишламаяпти, кузатув давом этади

Ушбу ҳолатни оғир деб бўлмасада, Запорожье АЭСдаги хавфсизлик тизимлари тўлиқ ишламаяпти. Бу ҳақда текширувнинг иккинчи куни якунлари бўйича МАГАТЭ раҳбари Рафаэль Гросси маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, ушбу сафар мутахассислар учун жуда муҳим:

“Сайтга ташриф буюриб, ҳаммасини ўз кўзим билан кўрмаслик – кечаю кундуз каби катта фарқдир. Мени айниқса, станциянинг жисмоний яхлитлиги, электр таъминоти ва, албатта, ходимлар ташвишлантиради. Бу энг муҳими. Биз устида ишлашимиз лозим бўлган бошқа нарсалар - бу радиация тизимлари, таъминот занжирлари - буларнинг барчаси жуда-жуда муҳим, аммо, албатта, иккинчи фонга ўтмоқда"

Гросси ташкилот ўз мутахассисларини Запорожье АЭСда доимий равишда қолишини тасдиқлади. Асосий миссия эса яна бир неча кун давом этади – агентлик мутахассислари станция ҳолати ва ўқ отиш оқибатлари ҳақида ҳам маълумотлар йиғишмоқда. Москва ва Киев бир-бирини ядровий иншоотга ҳужум қилиш ва фалокат таҳдиди яратишда айбламоқда. Тахминларга кўра, МАГАТЭ вакилларининг доимий иштирок этиши, отишмалар давом этган тақдирда, станцияда вазият ёмонлашишини ўз вақтида сезиш имконини беради, деб тушунтиради МАГАТЭ собиқ эксперти Олли Хейнонен.

Запорожья АЭСга ташрифи якунларига кўра, МАГАТЭ раҳбари Рафаэль Гросси ҳисобот тузади ва келгуси ҳафта охирида агентлик бошқарувчилар кенгашига тақдим этилиши кутилмоқда.