Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг “1146” қисқа рақамли ишонч телефони иш бошлади

Вазирлик ахборот хизмати хабар беришича, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида вазирликка жисмоний ва юридик шахслардан жами 150 156 та мурожаат келиб тушди. Шунингдек, кейинги уч ой давомида вазирлик ва Вазирнинг ижтимоий тармоқ саҳифаларига 800 дан ортиқ фуқаролар мурожаат қилган.

Мамлакатнинг энг чекка ҳудудларида яшовчи кўплаб фуқаролар маҳаллий ҳокимлик даражасида ечим топиш мумкин бўлган муаммоларини ҳал қилиш мақсадида узоқ йўл босиб, ортиқча вақт ва маблағ сарфлаб пойтахтга мурожаат қилиб келмоқда. Бу ҳолни Вазир ва вазирлик раҳбариятининг шахсий қабулида бўлган 2450 нафар фуқаро мурожаатларидан ҳам кўриш мумкин.

Ишонч телефонини ташкил этишдан кўзланган асосий мақсад мамлакатимиз фуқароларининг соҳага оид барча мурожаатлари, савол ва таклифларини онлайн шаклда, 24 соат давомида узлуксиз қабул қилиш, аҳоли билан мулоқот жараёнларини янада соддалаштириш, мурожаатларни тезкор ҳал этиш орқали фуқароларнинг маҳалла тизимига ишончини ошириш, маҳаллани аҳолига энг яқин халқчил тузилмага айлантириш, оилалар, хусусан, хотин-қизлар ҳаётига оид турли ижтимоий муаммоларни бартараф этишдан иборат.