Жомбой тумани ҳокимига янги ўринбосар тайинланди

Туман ҳокимлигида бўлиб ўтган фаоллар йиғилишида “Обод маҳалла – хавфсиз маҳалла” ғоясини амалга ошириш борасидаги ишлар муҳокама этилди.

Қайд этилганидек, маҳалла жамиятимизнинг энг муҳим ва таянч бўғини ҳисобланади. Охирги уч йилда ушбу тузилмани ривожлантириш борасида қатор ишлар амалга оширилди.

Хусусан, маҳалла институтига оид 38 та қонун ва меъёрий ҳужжатлар қабул қилинди, 50 дан ортиғи такомиллаштирилди. Жамият ҳаётида жонбозлик кўрсатган соҳа ходимлари давлат мукофотлари билан тақдирланди. Фуқаролар йиғинлари раислари ва масъул котибларининг ойлик иш ҳақи ўтган йилнинг ўзида 1,5 баробарга оширилди.

Бироқ бу жойларда кутилган натижа ва самарани бермаяпти. Шу боис давлатимиз раҳбарининг тегишли қарор ва фармонлари билан ушбу тизим фаолиятини ташкил қилиш ва қўллаб-қувватлаш борасида янги идора ташкил қилинди.

Йиғилишда янги - маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи ва бошлиқ ўринбосарлари таништирилди.

Жумладан, Жомбой тумани маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи лавозимига Асроров Иляс Аббосович тайинланган.

И.Асроров 2017 йилдан бугунги кунгача Жомбой тумани фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича ҳудудий кенгашларнинг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаб келмоқда.

Жомбой тумани маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғининг хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш бўйича биринчи ўринбосари лавозимига Юсупова Зарифа Абдусаламовна тайинланган.

З.Юсупова 2019 йилдан бугунги кунгача Жомбой тумани ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси лавозимида ишлаб келмоқда.

Жомбой тумани маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғининг хавфсиз маҳалла фаолиятини ташкил этиш ва мувофиқлаштириш бўйича ўринбосари лавозимига Қобилов Зафаржон Абдуқаюмович номзоди тасдиқланган.

З.Қобилов 2017 йилдан бугунги кунгача Жомбой тумани ички ишлар бўлими бошлиғининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари-ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлинмаси бошлиғи лавозимида ишлаб келмоқда.

Жомбой тумани маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғининг кексалар ва фахрийларни қўллаб-қувватлаш ва ижтимоий фаоллигини ошириш бўйича ўринбосари лавозимига Ниязов Илҳом Нормуҳамедович номзоди тасдиқланган.

И.Ниязов 2015 йилдан бугунги кунгача Ўзбекистон фахрийларининг фаолиятини ижтимоий қўллаб-қувватлаш жамоат фонди шаклидаги "Нуроний" жамғармаси Жомбой тумани бўлими раиси лавозимида ишлаб келмоқда.

Фаоллар йиғилишида Олий Мажлис Сенати аъзоси, "Зарафшон" ва "Самаркандский вестник" газеталари бирлашган таҳририяти бош муҳаррири Фармон Тошев, вилоят маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғининг хавфсиз маҳалла фаолиятини ташкил этиш ва мувофиқлаштириш бўйича ўринбосари Акрам Халимов иштирок этди.