«Маҳалла» хайрия жамоат фонди ва “Саховат ва кўмак” жамғармасига келиб тушган 109 миллиондан ортиқ хайрия маблағлари талон-торож қилингани аниқланди
Тошкент вилояти Оққўрғон тумани ҳокимининг маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш масалалари бўйича ўринбосари М.А. ва туман «Маҳалла» хайрия жамоат фонди ҳисобчиси Б.Н.лар олдиндан тил бириктириб, тумандаги эҳтиёжманд оилаларни моддий қўллаб-қувватлаш мақсадида «Маҳалла» хайрия жамоат фондига ҳамда 2020 йилда “Саховат ва кўмак” жамғармасига келиб тушган маблағларни турли йўллар билан нақдлаштириб, жами 109,2 миллион сўм пулларни ўзлаштирган.
Шу билан бирга, 2020 йилда “Саховат ва кўмак” жамғармасига келиб тушган маблағлардан 44 миллион сўмни мақсадсиз сарфлаб, растрата йўли билан талон-торож қилганликлари аниқланди.
Мазкур ҳолат юзасидан 2020 йил 16 майда Департаментнинг вилоят бошқармаси томонидан ЖКнинг 167-моддаси 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилди.
Бош прокуратура матбуот хизмати хабарига кўра, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.