Маҳаллийлаштирилган маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми 10 фоизга ошади

Бош вазир ўринбосари Ж.Қўчқоровнинг 2020 йил 8 июлдаги “Республика саноат маҳсулотларини ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ҳамда электрон кооперация портали фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар”ни амалга ошириш бўйича топшириғига асосан вилоятимизда бажариладиган ишларнинг режаси тасдиқланди.

Режага кўра, маҳаллийлаштириш дастури доирасида ҳудудий корхоналар кесимида 2 та (1,6 миллиард сўм) амалга оширилиши кечикаётган маҳаллийлаштириш лойиҳалари ишга туширилади. Мавжуд ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш ҳамда саноат маҳсулотларининг янги турларини ишлаб чиқаришни ўзлаштириш ҳисобига маҳаллийлатирилган маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми камида 10 фоизга оширилади.

Маҳаллийлаштириш дастурида иштирок этаётган корхоналар учун божхона тўловлари 120 кунга кечиктириб тўлашни келгусида соддалаштириш юзасидан таклифлар тайёрланади. Ҳар ойда битта тармоқда кооперация алоқаларини ривожлантириш юзасидан вилоят ҳокимлигига ахборот киритилади. Электрон кооперация порталида экспорт, импорт ва маҳаллий маҳсулотлар ҳақидаги ташқи иқтисодий фаолият номенклатураси 10 талик коди асосида маълумотлар базасини шакллантириш ва онлайн тарзда янгилаб бориш жорий этилади. Электрон кооперация порталида рўйхатга олинган шартномалар ижроси доимий мониторинг қилинади.