Маҳкумаликдан маъсумаликка: 20 нафар аёл жазони ижро этиш муассасаларидан озодликка чиқарилди

Жорий йилнинг 21 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий суди залида жазони ижро этиш колониясида жазо муддатини ўтаётган 24 нафар маҳкумалардан 22 нафарининг иши тўлиқ кўриб чиқилди.

Улардан 2 нафарининг иши кейинги суд мажлисига қолдирилди, 2 нафарининг жазо муддати камайтирилди, 20 нафари жазони ижро этиш жойларидан озодликка чиқарилди.

“Мен энди жиноят қилмайман, оиламни тиклайман” бу қамоқдан озод этилаётган аёлларнинг ҳаммасида бўлмаса-да, кўпчилигида кузатиладиган  хулоса.

Аввало ўзбек давлатчилигининг бағрикенг сиёсати ҳамда ушбу ҳужжат асосида шу кунга қадар ўнлаб маҳкума аёллар ўз оиласи бағрига қайтарилди.

Қайтарилиб, ўз ҳолига ташлаб қўйилгани йўқ, албатта. Уларни иш билан таъминлаш, ҳаётга мослаштириш, қайтиб жиноят кўчасига кирмаслигининг чоралари ҳам кўрилмоқда.

Умид қиламизки, озодликка чиққан опа-сингилларимиз уларга билдирилган ишончни оқлайдилар.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ўртасида хотин-қизларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш масалалари акс этган ўзаро ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланган.