Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Маҳмудхўжа Беҳбудий географ бўлмаган, аммо ўзидан қимматли географик мерос қолдирган

Кўпчилик Маҳмудхўжа Беҳбудийни буюк маърифатпарвар, Туркистондаги жадидчилик ҳаракати йўлбошчиларидан бири, янги мактаб ғояси яратувчиси ва амалиётчиси, ўзбек драматургияси асосчиси, театр саҳналаштирувчиси, биринчи ношир сифатида билади. Лекин Беҳбудийнинг география фанига атаб ёзган буюк илмий мероси ҳам бор. Мазкур мақолада маърифатпарварнинг бизгача етиб келган географик мероси ҳақида тўхталмоқчимиз.

Маҳмудхўжа Беҳбудий «Рисолаи жўғрофия Русий» (Россия географияси, 1904), «Рисолаи жўғрофия умроний» (Аҳоли географиясига кириш, 1905), «Мунтаҳаби жўғрофияи умумий» (Қисқача умумий география, 1906) каби асарларида ўзининг географик қарашларини баён этган. Жумладан, «Мунтаҳаби жўғрофияи умумий» асарининг кириш қисмида ўша давр тарғибот-ташвиқотларини инобатга олган ҳолда асарнинг ижмол (хулоса ва мухтасар) тафсилотларини туркча, арабий, форсча ва рус тилларидаги луғатлардан тўласинча фойдаланиб, газета, журнал, атлас, харита, глобус ва ер шари ҳақидаги маълумотларни ҳамда рақамли ҳисоботларидан фойдаланилганлигини қайд этади. Унда «Отияга (қуйида) – баён бўлган фан ва илм тўғрисида биз ҳануз комил эмас, навқадаммиз», дейди. Шунингдек «…яна жўғрофияи олам ва аҳволи замон бу олами рўзғорни инқилоби ва улуши асрия фунуна замонияни тараққийси ила ҳар он тағёр топадур», деб камтарлик билан, хокисорона географик олам тўғрисидаги тушунча ва унинг тамойиллари ўзгариб боришини китобхонга етказиб беради.

Беҳбудий «Мунтаҳаби жўғрофияи умумий» асарида «География» атамасига изоҳ бериб: «Жўғрофия деган сўзнинг маъноси, юнон луғати арабияча таърифи арз маъносига, яъни ер ва туфроқни баён қиладургон илмни айтадур», дейди. Беҳбудий таърифига кўра, география ер шари ва унинг тузилиши (яъни, тупроғи) нимадан иборат эканлигини ўрганувчи фандир. Бугунги кунда «География» сўзи (грекча «гео» - ер ва «графо» - ёзаман, тасвирлаб ёзаман) бирлик сонда ишлатилганлигидан бу сўз биргина фаннинг номини англатар экан, деб тушуниш мумкин. Ҳақиқатда эса бу сўз табиий ва ижтимоий фанларнинг маълум гуруҳини билдиради. Бундан табиий фанлар ер шари юзасидаги табиий ҳодисаларни ўрганса, ижтимоий фанлар турли мамлакатларда кишилик жамиятининг хўжалик фаолиятини хусусиятларини ўрганади.

Маҳмудхўжа Беҳбудий: «Жўғрофия илмини нега навъ ҳолда ва баёнлари бўладур. Анга қараб ушбу илмға тейишли баён ва фанлар бир неча исм ила аталадур», дейди. Жумладан, ер шакли (гавда, ҳажм)дан осмон ила ер орасидаги хосияти ва осмондаги нимарсалар ила инобатни ва ҳаракатидан баён қиладурғон илмни «Жўғрофияи риёзий» ернинг хосияти, туфроқ паст ва баландлиги, ҳар хил гиёҳ ва конлари, тоғ, дарё, кўл, мижоз ва ҳавосидан қилатурғон илмни «Жўғрофияи табиий» аталадур. Ер юзидаги катта ҳодисалар ила уруғ, ҳукуматдорлик, хулоса ва бошқа илмни ушбу илмға баён қилиб, жўғрофия калимасини охирига қўшилишиға тааълуқ илм ва фанни оти қўшиладур», дейди ва «Жўғрофияи тарихий», «Жўғрофияи сиёсий», «Жўғрофияи умроний» ва бошқаларни мисол келтиради.

Умуман, жўғрофия қачон пайдо бўлган? Маҳмудхўжа Беҳбудий ўз асарларида жўғрофия фанининг пайдо бўлиши ва ривожланишига доир бир қанча маълумотларни келтириб ўтади. Жумладан, унинг ёзишича: «Тарих ва жўғрофия китоблари ёзилибдурки, жўғрофия илми илк маротаба Миср мамлакатига Ҳазрат Мусодан илгари фиръавнлар замонида бошланиб, ер, туфроқ, денгизлар борасиға баёнотлар ёзилиб харита – картаға ўхшаш «планлар» ихтиро бўлинганлиги маълум бўладур. Чин мамлакатига ҳам ушбу илм сироят қилиб Йу деган подшо Хитой мамлакати хариталарини чиний косалар устига нақш қилдирибдур. Сўнгра ушбу илм юнон халқиға сифат қилиб, ала заминиға ривож топибдур».

Беҳбудий Арасту, Страбон, Клавдий Птоломей каби олимлар ишларини таҳлил қилиб, уларнинг географик қарашларини ўрганиб чиқади. Жумладан, у: «Искандари Кабир милоддан 350 сана илгари тириклик қилар эди. Ани устоди Арасту ҳоким бу очилган мактаблар тўғрисиға баённомаю китоблар ёзиб, жўғрофия илмига ривож берди. Ушбу ҳоким милоддан 384 сана илгари таваллуд бўлиб эди. Сўнгра Истрабўн (Страбон - қадимги юнон географи ва тарихчиси, 17 китобдан иборат «География» асарининг муаллифи), Батлимус (Птоломей – қадимги юнон мунажжими) деган юноний олимлар жўғрофия ва ҳайъат илмлари тўғрисида яхши китоблар тасниф қилиб, бу илмларга кўп ривож берубдирлар. Осмон тўққиздур ва ер атрофиға айланадур, деган киши ушбулар ва низоми маҳдуд эгасидур», деб ёзади.

Бундан ташқари, Беҳбудий «Хорун ар-Рашид замони 198 санаи ҳижрияға ва андан сўнгра мадрасаларга юноний уламолардан вақтинча мударрис тайинлаб, мусулмон уламолари юнонийча ўқуб сўнгра барча улуши ақлияи юнонияни таҳқиқға бошладилар. Ўшал замонда жўғрофияга тааълуқ «даража ҳисоби»ға амалиёт-ўлчов қилдилар..» деб хулоса қилади ва жўғрофия, ҳайъат, риёзий, тиб, ҳикмат, кимё, ҳисоб, илми табоқат ул-арзи (ер қатламлари илми) мисол келтиради. Жумладан, у 290 тарихи ҳижриятга Абулқосим Абдуллоҳни таърифлаб «Китоб ал-масолик ва-л-жўғрофия тўғрисида»ги китоби Франса ва Гирмония тилларига таржима бўлгандур», деб улуғлайди.

У «Мунтаҳаби жўғрофияи умумий» асарида буюк географик кашфиётлар даврини таърифлаган. Жумладан, «Аввалги замонларга оти эшитилмаган Амриқа (Америка), Пулинизия (Полинезия), Орази Қутбий (Ернинг қутблари) ва минглар ила жазираларни топиб, ҳозирги барча мамлакат ва жазира (орол) ва денгизларни масофати (ўлчови) ила ҳаммаға билинмағи боис бўлдилар. Дунё илми бирдан ривож топди. 898 санаи ҳижрияға фаранги тоифасидан Христофор Колумб деган илми риёзийга доно ва денгиз сафарига моҳир боруб, Амриқа ерларини топди. Ўнланчи аср ҳижрияға Русия одамларидан Ермак деган киши ҳозирги Сибир мамлакатини кашф қилиб, Русия ҳукуматига қўшди. 1741 санаи мелодияға Беринг, Черикоф деган кемачи капутанлар Шимолий Америкага боруб, Саника деган жазирани топиб, Янги Архангил деган шаҳарни бино қилиб, Беринг буғозини топдилар. Хулоса, уч-тўрт асрдан бери йилдан-йилга илгари билинмаган ва эшитилмаган жазира мамлакат ва қутблар тарафидаги ерларни аҳволи фарангий-Оврупо уламойи жўғрофийюн ва сайёҳларнинг ғайрати ила олам ёйинки илм аҳлига билинди», деб Американи ва унга туташ ҳудудларни кашф қилинганлигини айтади.

Маҳмудхўжа Беҳбудий ўз асарларида ўша даврда Европа мамлакатларида география жамиятлари тузилганлиги, унинг аъзолари ва географиянинг пайдо бўлиши, ривожланиш босқичларини ифодалайди. Бундан ташқари, бутун дунёда «География жамияти» ташкилоти тузилганлиги, унинг аъзолари сони ниҳоятда кўп эканлигини, ҳар бир жамият аъзолари географик янгиликларни етказиб туришини изоҳлайди.

Беҳбудий «Жўғрофия ўқимоқни нафъи» асарида айнан географ бўлмаса-да география фанини ўқимоқнинг фойдасини, география ва унинг илмларини кўп ва хўп улуғлайди. Бу борада «одам боласини қанча илми зиёда бўлса, дунё, тарих, жўғрофия илмидан хабари бўлса шунча яхшидур. Бу илм одамға бутун дунёни ва кўп нимарсаларни билдирадур. Дунё одамларини дин ва мазҳаби, тириклик ва рафтори, тараққий ё таназзул сабаби, яхши ва ёмонликлари, мамлакатларни тинч ва осойиш ё зулм ва жаврға турғони, хулоса бутун аҳволи дунёни, подшоларни қуввати, давлати, одамларни одати, ер юзини аҳволини билдиратурғон ушбу илмдур» деб одамларни географияни ўқишга даъват этади.

 Бундан ташқари, ер юзида одамларнинг жўғрофия илмига қизиқиши, фақат туркистонийлар бу илмдан бебаҳра эканидан афсусланиб, сувда сузувчи пароход, поездлар, самолёт орқали узоқ йўлларни яқин бўлгани ва бошқа янги географик кашфиётлар бўлаётганини айтиб ўтади.

 Беҳбудий табиатдаги цикллик ва ритмик ҳодисаларни, яъни ерни ўз ўқи ва қуёш атрофидаги ҳаракати натижасида ҳосил бўладиган географик ҳодисларни қуйидагича таърифлайди: «Ёйинки ерни ўртаси хатти истивора (қиём, туш вақти), кеча ва кундуз доим баробар бўлган сувратга, бизни Туркистонға на учун гоҳ узун ва қисқа бўлуб, кунимиз 9 ила 15 соат орасиға юрадур? Ҳар қанча ерни шимол ё жанубидаги чет (қутб)ларига қараб борилса, кун ва ётун улайдур. Қутблар тарафиға бир-икки, ҳатто, 6 ойгача кун ботмайдур. Петурбург шаҳрига қиш олти соат, ёз 19 соат кундуз бўлиб турадур (бу ерда М.Беҳбудий қутб куни ва тунини назарда тутган) сабаби нима деб, бир киши сўраса ёйинки бир ой кун ботмайдурғон жойға мусурмонни ибодатлари ва амри наҳйини қандай баржой келтуруладур? Ёйинки на учун кеча ва кундузни фарқи ер ила осмончадур? Ҳар шаҳарни тул ва ғуруби (кун чиқиши ва унинг ботиши назарда тутилмоқда) ва учун олдин ва кейиндур деб сўралса, бизлар, хусусан, уламомиз на жавоб берармиз? Билмаймиз, ёйинки «ундай бўлмаса керак»дан бошқа жавоб айтолмасак керак. Бу саволларга жўғрофия ўқимагунча жавоб бериб бўлмайдур ва жўғрофия илми жавоб берадур». Шу хулосаси билан Беҳбудий географияни билишликнинг афзалликлари нимада эканини айтиб ўтади.

Буюк маърифатпарвар ер айланганда нега устидагиларининг йиқилмаслигини «Мунтаҳаби жўғрофияи умумий» асарида турли табиий географик ҳодисаларга боғлаб ифода этади. Ер ўз ўқи атрофида ғарбдан шарққа қараб айланишини ва сутка деб аталадиган давр давомида бир марта айланиб чиқишини таъкидлайди.  

 Атроф жиҳоти аслия (асл томонлар), харита, план. Маҳмудхўжа Беҳбудий географик асарларида бу борада ҳам дадил фикрлар беради: «Қутб шимолий юлдузи яъни, Темур қозиқ тарафи «шимол» жиҳади ҳисобланадур. Ани ўнг тарафимизға олиб, кун ботишга қараганда, юзимиз «ғарб», орқамиз «шарқ», чап қўлимиз «жануб» тарафлариға бўладур. Қибланома (компас) деган асбоб шимол тарафини кўрсатадурки, андан иқлим ва мавзенга қараб қибла тарафи тахмин қилинадур».

Беҳбудий горизонт томонларини изоҳлар экан, уларни «жиҳоти аслия» деб атайди. Унинг айтишича, «харита ёки планга қараганда бирор одамни кўзини юқориси шимол, қуйи тарафи жануб, ўнги шарқ ва сўли ғарбдур». Бундан ташқари, у горизонтнинг оралиқ томонларини ҳам ўзгача эътироф этади: «Бу тўрт жиҳати аслия аролалариға яна тўрт жиҳоти фаръийя (иккинчи даражали) борки, тўрт жиҳотни кунжи ҳукмиғадур. Шарқий-шимолий, ғарби-шимолий, шарқи-жанубий, ғарби-жанубий деб аталадур.

У дунё карталарини тузиш, уларнинг пайдо бўлиши ва ясалиши тўғрисида ўз илмий қарашларини ифода этиб: «Бизни фикр ақлимизға сиғмайдурғон ер юзи шаклини бир тахта қоғоз устиға нақш қилибдурлар, деган ҳолға ушбу катта дунёни қандай бир тарроҳ (тархини чизувчи), аққос (акс эттирувчи, фотограф), планчи юруб неча муддатга нақшасини (тасвирини) олди, деган савол келадур. Бир аққос, бир планчи эмас, минг-минг устозлар, сайёҳлар, муҳандислар дунё юзига аввалдан, хусусан, беш юз йилдан бери пайдар-пай, доим юруб, ўлчаб, ёзиб оҳиста-оҳиста ҳозирги мартабасиға жўғрофия илмини ва дунё нақшасини келтурдилар», дейди.

Ундан ташқари Маҳмудхўжа Беҳбудий дунё океани, материк, қитъалар, орол ва яримороллар карталарини яратилиши ва ундаги ўлчов ишлари, яъни, масштаб ҳақида қуйидагича ёзади: «Аммо катта бир қитъа ёйинки бир ботмон ерни бир тахта қоғоз устиға планини кўрсатмоқ тариқаси тузурки, масалан, бир ерни узунлиги 60 сажин, эни 40 сажин экан. Ушбу тул ва арз масофаларини бир варақ қоғоз устига 60 сажин ўрнига 60 нуқта масофатини кўрсатган ила фаҳмламоғи «тарсим» (расм) қилинмоғи мумкиндур. Ҳар бир план, харита устиға бир неча сифр ва рақамлар борки, «миқёс» (масштаб) аталадурки, ўшал харитадаги мамлакатни асл вусъатидан ушбу харита қанча маротаба кичиклигини билдирадур. Чунончи, бир жойни турли юз чақирим экан, қоғоз устиға бир вертўқ хат узунлиги бор ва харита охириға «бир вертўқ юз чақиримдур», деган ишора ва миқёс бордур. Яна муфассал харита, планлар бордурки, тоғларини баландлиги, тошларини хосияти, ҳайъати, наҳрларини чуқурлиги, балиғларини камаригача кўрсатадур», деб тоғ ва текисликларини баландлиги, тоғ тош қатламларининг хусусияти, океан ва денгизларнинг чуқурлиги, чўкмалар тўғрисида аниқ маълумотлар келтирилишини айтиб ўтади.

Мақоламиз бошида Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг географ олим эмаслигини таъкидлаб ўтган эдик. Лекин биз, Самарқанд давлат университети олимларининг маърифатпарвар ёзиб қолдирган илмий меросини ўрганишимиз ва таҳлил қилишимиз жараёнида унинг географик қарашларини нечоғлик кенг ва серқирра бўлганлигига гувоҳ бўлдик. Қолаверса, ушбу мақоламизда Беҳбудийнинг географик меросининг бир қисминигина таҳлил қилдик, холос. Чунончи, мутафаккирнинг ёзиб қолдирган асарларини ўқиган киши ўнлаб илмий рисола ва монографиялар ёзиши муқаррар.

Субҳон Аббосов,
география фанлари доктори, профессор.
Бахтиёр Мелиев,
география фанлари номзоди, доцент.