Мактабларда ўқув йили якунланди: Эришилган ютуқлар, йўл қўйилган камчиликлар, соҳага киритилган янгиликлар

Мактабларда 2024-2025 ўқув йили якунланди. Йил давомида вилоятимиз мактаб ўқувчилари қандай ютуқларга эришди? Педагоглар учун қандай янгиликлар бўлди? Келинг, шулар ҳақида мушоҳада юритамиз.
Шу йилнинг март ойида умумтаълим фанлари бўйича асосий олимпиаданинг республика босқичи бўлиб ўтди. Асосий олимпиаданинг республика босқичида Самарқанд вилоятидан 51 нафар ўқувчи иштирок этди. Фан олимпиадасининг республика босқичи натижаларига кўра: давлат ва ҳуқуқ асослари фанидан Оқдарё туманидаги 45-мактаб ўқувчиси Дилора Ҳошимова 3-ўринни;
тожик тили фанидан Самарқанд туманидаги 43-мактаб ўқувчиси Иззатилла Негматов 3-ўринни;
она тили ва адабиёт фанидан Самарқанд шаҳридаги 59-сонли “Нурли маскан” мактаб-интернати ўқувчиси Назокат Бутунбоева 1-ўринни;
тарих фанидан Самарқанд шаҳридаги 59-сонли “Нурли маскан” мактаб-интернати ўқувчиси Наврўзбек Қўйлиев 2-ўринни эгаллади.
Умумжамоа ҳисобида вилоятимиз республика бўйича 6-ўринни қўлга киритди.
Ўтган ўқув йили сарҳисобига назар ташласак, 9 нафар ўқувчи фан олимпиадасининг мамлакат босқичида ғолиб бўлиб, умумжамоа ҳисобида республикада биринчи ўринни эгаллаган эди. 2024-2025 ўқув йилида эса бу кўрсаткич анча пасайиб кетди. Бу пасайиш фан олимпиадасининг туман (шаҳар), вилоят босқичлари шаффоф ўтмаганидан дарак беради. Ўтган йили фан олимпиадасининг туман, вилоят босқичларида мактабгача ва мактаб таълими бошқармасининг талабчанлиги сезилиб турганди. Бу йил ана шундай назорат сезилмади.
Шунингдек, 2024-2025 ўқув йилида ўқувчилар халқаро олимпиадаларда ҳам иштирок этиб, бир қатор ютуқларга эришди. Жумладан, Ҳиндистонда 30 та давлатдан 576 нафар иқтидорли ўқувчи иштирок этган халқаро математика мусобақасида Каттақўрғон туманидаги 48-мактабнинг 9-синф ўқувчиси Давронбек Дониёров 3-ўринни қўлга киритиб, бронза медали соҳиби бўлди.
2024 йил 2-12 декабрь кунлари Руминияда ўтказилган 21-халқаро ёшлар табиий фанлар олимпиадасида Пайариқ тумани ихтисослаштирилган мактабининг 9-синф ўқувчиси Ўзбекистон терма жамоаси сафида иштирок этди.
2025 йил 8-13 май кунлари Тошкент шаҳрида Ал-Хоразмий номидаги халқаро математика ва информатика олимпиадаси бўлиб ўтди. Унда Туркия, Озарбайжон, Беларусь, Малайзия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон жамоаларидан 202 нафар иштирокчи қатнашди. Ушбу нуфузли халқаро мусобақада Каттақўрғон туманидаги 1-сонли ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаби 8-синф ўқувчиси Ашрафжон Равшанов кумуш медаль, Паст Дарғом тумани 2-сон ихтисослаштирилган мактаби 7-синф ўқувчиси Жаъфар Нурмуродов бронза медалини қўлга киритди.
Шунингдек, 2024-2025 ўқув йили давомида ўқувчи-қизлар ўртасида информатика фанидан ҳам қўшимча олимпиадалар ташкил этилди. Жумладан, спорт дастурлаш ва информатика бўйича иқтидорли қизларни кашф этувчи “ICT4Girls” Ўзбекистон ўқувчи қизлар олимпиадаси ташкил этилди. Олимпиаданинг республика босқичида IT бўйича Каттақўрғон шаҳар 20-умумий ўрта таълим мактабининг 11-синф ўқувчиси Солиҳа Дагарова 1-ўринни, Самарқанд туманидаги 9-умумий ўрта таълим мактабининг 11-синф ўқувчиси Жасмина Тармашева 2-ўринни қўлга киритди.
Умуман олганда, вилоятимиз ўқувчилари жорий йилда халқаро кўрик-танловларда 186 та, республика кўрик-танловлари, мусобақа ва фестивалларда 374 та фахрли ўринларни эгаллашди.
Бундан ташқари, Самарқанд шаҳридаги 42-умумий ўрта таълим мактабининг 9-синф ўқувчиси икки карра жаҳон чемпиони, шахмат бўйича Ўзбекистон аёллари терма жамоаси аъзоси Афруза Ҳамдамова ва Паст Дарғом тумани 52-мактабнинг она тили фани ўқитувчиси Гулҳаё Анорова Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирланди.
Ёш авлод ўртасида китобхонлик муҳитини юксалтириш мақсадида ҳар йили анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган “Ёш китобхон” танловининг 10-14 ёш тоифаси бўйича республика босқичида Нуробод туманидаги 4-умумтаълим мактабининг 8-синф ўқувчиси Гулмира Норпўлатова фахрли 2-ўринни эгаллаб, 75 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.
Жорий йил апрель ойида мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ва MY5 телеканали ҳамкорлигида ташкил этилган “Гравитацион идрок” билимдонлар беллашувида Иштихон тумани 48-умумий ўрта таълим мактаби 11-синф ўқувчиси Мадина Каттақулова фахрли 1-ўринни эгаллаб, Chevrolet Tracker автомобили билан тақдирланди.
Ўқувчиларнинг бундай ютуқларни эгаллашида педагогларнинг ҳиссаси катта. Бугун мактаб педагоглари ҳар томонлама қўллаб-қувватланяпти. Уларнинг меҳнатига яраша ҳақ тўлаш, қўшимча устама пуллари беришнинг ҳам бир қатор талаблари бор. Масалан, миллий ёки халқаро сертификатга эга бўлиш, ўқувчисини халқаро ёки республика фан олимпиадаларига олиб чиқиш каби талаблар ўқитувчиларнинг устамаси, тоифаси ошишига ёки бир марталик пул мукофоти билан тақдирланишига сабаб бўлади.
55 фоиз педагог аттестация имтиҳонидан қониқарсиз балл олди
Бу йилги педагоглар учун аттестация имтиҳонлари билимли ва тажрибали ўқитувчиларга яна бир имконият эшигини очди. Тест синовларидан 86 ва ундан юқори балл тўплаган педагогларга 70 фоиз устама пули бериладиган бўлди. Албатта, бундай натижага эришиш осон эмас, аттестация жараёнларида қатнашган ўқитувчиларнинг аксарияти тест саволларининг мураккаб эканидан шикоят қилди.
- Жорий йилнинг апрель-май ойларида педагогларнинг малака тоифаси учун бўлиб ўтган аттестация жараёнларида 17466 нафар ўқитувчи қатнашди, - дейди вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Музаффар Ҳамдамов. – Натижалар шуни кўрсатдики, тест синовларида иштирок этган педагогларнинг 55 фоизи қониқарсиз балл олди. Тўғри, уларнинг ичида навбатдан ташқари ўз хоҳиши билан иштирок этган ўқитувчилар кўп. Бундай педагоглар ўз тоифасини сақлаб қолди, аммо навбатдаги аттестация имтиҳонида қатнашган ўқитувчилар малака тоифасини йўқотди. Аттестация натижаларидан шу хулосага келдикки, педагогларимизнинг билим ва маҳоратини ошириш учун малака оширишга кенгроқ жалб қилишимиз керак экан.
Педагоглар табақалаштирилган шаклда малака оширади
Республика Президентининг 2024 йил 21 июндаги “Мактабгача ва мактаб таълими ташкилотлари ходимларини узлуксиз касбий ривожлантириш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, мактабгача ва мактаб таълими ташкилотларининг ходимлари беш йилда бир маротаба ишдан ажралган ҳолда малака оширади.
Жорий йилдан бошлаб, малака ошириш тизими табақалаштирилган шаклга ўтказилиб, вилоятдаги олий ва биринчи тоифали педагогларга алоҳида, иккинчи, мутахассис ва ўрта махсус маълумотли педагогларга алоҳида дастур бўйича малакаси ошириладиган бўлди.
- 2025 йилда вилоятда 12315 нафар педагог ходимлар узлуксиз касбий таълим платформаси ва менежерлик ўқув курсларида малака оширади, - дейди вилоят педагогик маҳорат маркази директорининг академик фаолият бўйича ўринбосари Сарвар Муродов. – Уларнинг 1275 нафари мактабгача таълим ва 10290 нафари мактаб таълими ўқитувчилари, 500 нафар жисмоний тарбия фани ўқитувчилари, 250 нафар мактаб директорларидир. Жорий йилнинг биринчи чорагида 3698 нафар педагогнинг малака ошириши режалаштирилган бўлиб, бугунги кунга қадар 3739 нафар педагог малака оширди.
Яна бир муҳим янгиликлардан бири, ўқитувчиларнинг узлуксиз касбий ривожланишини қўллаб-қувватлаш ва касбий маҳоратини ошириш учун тегишли шарт-шароитларни яратиш мақсадида таълим муассасалари педагоглари учун “Касбий ривожланиш куни” ва “Касбий ривожланиш соати” тадбирлари жорий этилди.
Вилоятда ташкил этилган “Касбий ривожланиш куни” ва “Касбий ривожланиш соати” тадбирларига аниқ фанлар (математика ва информатика), табиий фанлар (физика, биология, кимё, география), бошланғич таълим ва инглиз тили йўналишлари бўйича жами 182 та таянч мактабларига 16 нафар мастер-тренер, 194 нафар ментор-тренер, 5020 нафар етакчи ўқитувчилар ва 26043 нафар фан ўқитувчилари жалб этилди.
Раҳбарларнинг ҳам иш ҳақи оширилди
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 19 мартда “Мактабгача ва мактаб таълими соҳасида бошқарув тизими самарадорлигини оширишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига асосан мактабгача ва мактаб таълими бошқармалари ва туман (шаҳар) бўлимлари ходимларининг маошига кўп йиллик хизматлари ҳисобга олинган ҳолда устамалар тўланадиган бўлди. Ушбу соҳа ходимларининг меҳнат стажи қанча кўп бўлса, уларнинг маошига шунча кўп устама пуллари тўланади.
Шунингдек, ушбу фармонга асосан 2025 йил 1 сентябрдан бошлаб умумий ўрта таълим ташкилотлари директори лавозимининг базавий тариф ставкаси 20 фоизга, умумий ўрта таълим ташкилотлари директори ўринбосари лавозимининг базавий тариф ставкаси 15 фоизга оширилади.
Хуршида ЭРНАЗАРОВА.