Маматжон ТУРДИЕВ: Муаммолар ўзимизники, ечимни ҳам ўзимиз топишимиз керак

Вилоят телерадиокомпаниясида бўлиб ўтган навбатдаги "Очиқ мулоқот" кўрсатуви давомида Ургут тумани ҳокими Маматжон Турдиев, секторлар ҳамда ташкилотлар раҳбарлари аҳолидан тушган 73 та мурожаатнинг 40 га яқинига жавоб берди.

Кўрсатувда асосан уй-жой, электр энергияси, сув, йўл, тадбиркорликни ривожлантириш, тиббий соҳа, канализация ва аҳолини иш билан таъминлаш каби мавзулардаги саволлар йўлланди.

Мулоқот аввалида туман раҳбарлари ўз секторлари доирасида қилинган ишлар ва навбатдаги режалар ҳақида маълумот берди.

Таъкидланишича, 2018 йилда туманда аҳолига кўмир етказиш ва кўмир захираларини кўпайтириш мақсадида иккита омбор ташкил этилган. Натижада, аҳоли 273 минг сўмдан истаганича сифатли кўмир харид қилиш имконига эга бўлган. Шунингдек, туманнинг аксарият маҳалласида ичимлик сув муаммоси бартараф этилган. 2019 йил учун ҳам ушбу мақсадларга вилоят ҳокимлиги томонидан 3 миллиард сўм маблағ дастурдан ташқарaи ажратилган. Шу боис, туманнинг айрим ҳудудларида учрайдиган ичимлик сув танқислиги бу йил бартараф этилади.

Шундан сўнг фуқаролардан келган саволлар ўқиб эшиттирилди. Аҳолидан тушган 10 га яқин мурожаатга тўртта сектор раҳбари тез фурсатда ечим топилишини айтди ва қолган саволлар ҳам кейинги мулоқотгача ҳал этилишига ваъда берди.

Шунингдек, кўрсатувда ўқилмай қолган саволлар билан шуғулланиш юзасидан масъул корхона ва ташкилот раҳбарларига кўрсатма берилди.

"Очиқ мулоқот"дан сўнг Маматжон Турдиев фикрларини биз билан ўртоқлашди:

– Ургутликларнинг асосий муаммоларидан бири туманда канализация тизимининг йўқлиги эди. Канализация учун туманга 13 миллиард сўм ажратилди ва айни пайтда қурилиш ишлари кетяпти. Эндиликда туманнинг Мерганча массивида "Янги Ургут шаҳри" барпо этилади ва у ерда 1406 хонадонга мўлжалланган 10 та 12 қаватли уй ҳамда арзон уй-жойлар қурилади. Шунингдек, жорий йил якунигача "Ургут савдо комплекси"нинг олд қисмида 5 қаватли, замон талабларига мос келадиган автотураргоҳ қуришни режалаштирганмиз.

Очиғи, мулоқот орқали тумандаги муаммо ва камчиликлардан янаям кенгроқ хабардор бўлдик. Бугун аҳолидан тушган мурожаатлар, улар айтаётган муаммолар ҳаммаси ўзимизники. Шунинг учун имкон қадар уларни ўрганиб, ечим топишга ҳаракат қиламиз. Олдинги "Очиқ мулоқот"га 60 дан ортиқ фуқаро савол йўллаганди. Уларнинг 30 дан ортиғини ўрганиб, ижобий ҳал қилган бўлсак, 15 нафарига тушунтириш бердик. Қолган фуқароларнинг муаммоси ҳам яқин муддатларда ҳал бўлади.

Абдужаббор ПЎЛАТОВ.