«Мақсади йўқнинг тайини йўқ»

Автобусда Аҳмад ака билан танишиб қолдим. У киши ҳам сиҳатгоҳга бораётган экан. Ўкиниб хасталиги, қийналиб яшаётганлигини айтди.

- Фарзанларингиз йўқми, - сўрадим ачиниб.

- Бор, худога шукур, уч ўғил. Лекин бирортаси ҳаётда ўз ўрнини топа олишмади. Иккитаси четда, бири шу ерда мардикорлик қилиб, кун кечиради. Ўқиган, ҳунарманд, жамиятда мавқега эга, ҳеч нарсага зориқмай, бахтиёр яшаётган йигитларга ҳавасим келади. “Нега менинг болаларим ўшалардай бўлмади”, деб ўкинаман ва ўзимни айбдор ҳис этаман. Қийинчилик билан сағир ўсганман, болаларим ҳам мендай хўрланмасин деб катта хатога йўл қўйган эканман. Уларни ҳаддан ташқари яхши кўрардим, ўзим емай, киймай топганимни уларга тутардим. Болалигидан ўқишига, ишлашига, ҳунар эгаллашига қизиқмабман. “Ҳали ёш, улғайсин, мактабни тамомласин, бир гап бўлар”, деб хотиржам юраверибман.

Уларнинг бирор соҳага қизиқиши, қобилияти борлигини сўраш, мақсад сари йўналтириш хаёлимга келмади. Хатойимни англаганимда кеч бўлганди…

  Аҳмад аканинг ўксиниб айтган гапларини тинглаб, хаёлга толдим. Дарҳақиқат, инсон ҳаётидаги омадсизлик, руҳий тушкунлик, ночор яшаш, хасталик мақсадсиз яшашдан келиб чиқади. Одамзод фақат еб-ичиш, қорин қайғусида яшаш учун дунёга келмайди. У ҳаётдан, табиат гўзаллиги, одамлар меҳр-муҳаббати, аниқ мақсадидан завқ олиб яшаши, севган касби билан оиласига, жамиятга фойда келтириши зарур. Бу фазилатлар эса болаликдан инсон онгига сингдирилиши, оилада, боғча, мактабда лаёқатини тарбиялашни таълаб қилади.

Ривоят қилинишича, бир киши донишманднинг ҳузурига бориб:

- Тақсир, фарзанд тарбиясини қачондан бошлаш керак? - деб сўрабди.

- Фарзандингиз неча ёшда? - дебди донишманд. 

- Энди туғилди, ҳали чақалоқ.

- Сиз тўққиз ойга кечикибсиз, - дебди донишманд. - Боланинг тарбиясини она қорнидалигидан бошлаш керак эди!

Афсуски, ҳамма ота-она ҳам фарзанд тарбиясининг бу жиҳатларига эътибор бермайди. Онгимизда “ҳали бола, катта бўлса, бир гап бўлар», деган ақида ўрнашиб қолган. Вақт бой берилгач, Аҳмад акага ўхшаб афсусланамиз.

Дунё, одамлар, жамият ўзгаряпти. Тарбия масаласи эса тобора оғирроқ тус оляпти. Энди «ҳали ёш, боғча бор, мактаб бор, давлат бор», деб хотиржамликка берилиб бўлмайди. Фаровон яшаяпмиз. Аммо тўқликка шўхлик қилиб ҳаддан ташқари эрка ўсган болаларга, белбоғига яримта нон тугиб, мардикор бозорда иш қидириб юрган йигитларга ачинаман.

Армиядаги хизматдош дўстим Муродилла ўн яшарлигида онадан етим қолиб ўсган. Сағирлик уни эрта улғайтириб қўйганди. Асосий тарбияни ўқишдан олганди, қўлидан китоб тушмасди. Фикри тиниқ, мақсади аниқ эди.

- Битта ҳақиқатни англаб етдим, жўра, - дерди. - Одам бахтли бўлиши учун олдига аниқ мақсад қўйиб, унга эришиш йўлида курашиши керак экан.

Ҳарбий хизматдан қайтгач, мақсадга етиш учун Тошкендга кетди. Университетнинг кечки бўлимига ўқишга кирди. Кундуз куни ишлади: вагондан кўмир, ёғоч, цимент туширди, гоҳо оч, гоҳо тўқ. Барча қийинчиликни енгиб ўқишни битирди. Шаҳардаги заводлардан бирида муҳандис бўлиб ишлади. Уйланди, фарзандли бўлди, уларни мақсади сари интилиш руҳида тарбиялади. Бир куни таҳририятга хурсанд бўлиб кириб келди.

- Табрикла дўстим, - деди қучоқлашиб. - Қизим грант асосида ўқишга кирди.

Дўстим ўзида йўқ хурсанд эди. Аввал ўғли ички ишлар академиясига, катта қизи тиббиёт университетига грант асосида ўқишга киришганди.

Интилганга толе ёр, деганлари шу бўлса керак-да. Чунки халқимиз «Мақсади йўқнинг, тайини йўқ», деб бежиз айтмайди.

Тоғаймурод ШОМУРОДОВ.