Мардон бобонинг хазинаси ёхуд пахтачилик фидойи инсон, қатағон қурбони Мардон Райимқуловни эслаб
Мардон Райимқул жувозчининг тўнғич фарзанди бўлган. Пахтачининг Зарафшон дарёсига яқин Харсанг қишлоғида яшашган, жувозчиликдан кун кўрган. Тирикчилигини бир амаллаб ўтказган.
Райимқул бобо "Кармана пахта тозалаш заводи"да 13 соатгача ишлагани, тинка-мадори қуриб уйга қайтгани алам қилдими, болаларига ўқиш имкониятини берди.
Қолаверса, Мардон ёшига нисбатан анча тетик ривожланди. Фаросати, зеҳни ҳам ўткир. Бирор ишни бир марта қилиб кўрсатсанг, бинойидек уддалаб кетади. Ота-онасининг замона ҳақидаги суҳбатларини ҳам берилиб тинглайди. Шунинг учун эр-хотин ана шу фарзандига катта умид боғлади.
Райимқул бобо Мардонни ўзи ишлаётган пахта тозалаш заводига олиб кетди. Зийрак ўспирин у ердаги ишчилар даврасида яна ҳам ўсди, ишлаш баробарида дунёдан хабардор бўлди. Бир-икки сафдошига қўшилиб, саводсизликни битириш мактабида ўқиди, отасининг қистови билан муаллимлардан қўшимча таҳсил олди. Ишда ҳам Мардон тезда назарга тушди. Шу сабабли бир йил ичида ўша давр ёшларининг авангарди - комсомол сафига қабул қилинди. Кейин Санкт-Петербургдаги бир йиллик махсус ҳарбий мактабга ўқишга юборилди. Дарвоқе, у бу ерда ўзбек армиясининг бўлғуси асосчиларидан бири Миркомил Миршаропов билан бирга таҳсил олди. Мактабни муваффақиятли тамомлагач, 126-тоғ кавалерия полкининг 3-эскадронига сиёсий комиссар этиб тайинланди. Бу эскадроннинг вазифаси Чоржў, Қарши, Нурота ва Хатирчи ҳудудлари аҳолиси хавфсизлигини таъминлашдан иборат эди.
М.Райимқулов сафдошлари қаторида бу вазифани сидқидилдан бажарди ва М.Фрунзенинг қўлидан қилич совғасини олди.
1926 йилда армия сафидан захирага бўшаган 23 ёшли Мардон командир Тошкўприк (ҳозирги Пахтачи) ва Нарпай волосларида ер-сув ислоҳоти ўтказиш, комсомол ташкилотлари, батрак ва қўшчи уюшмалари тузиш, хотин-қизларни маърифатга чорлашга сафарбар этилди. У Тоткент, Мирбозор, Зиёвуддин ва Султонободда янги турмушни барпо этиш борасида одамлар ўртасида чинакам ибрат кўрсатди. Шунинг учун ўша қишлоқларнинг катта ёшли аҳолиси ҳозиргача Мардон бобо номини ҳурмат билан тилга олади.
Фидойилик, тажриба эътиборсиз қолмади. Уни 1928 йилда Хатирчи тумани партия қўмитасига бўлим мудири, етти ойдан кейин эса ЎзКП Марказий Қўмитасининг тумандаги ташкилотчиси этиб тайинлашди. 1930 йилнинг май ойидан Каттақўрғон, 1931 йилнинг январидан эса Нарпай туманида партия қўмитаси биринчи котиби бўлиб ишлади. Ўшанда у Зарафшон округи партия қўмитаси бюроси ҳамда пленум аъзоси этиб сайланганди.
Округ тугатилгач, М.Райимқулов Нарпай, кейинчалик Қоракўл туманлари партия назорати комиссияси ва ишчи-деҳқон инспекцияси раиси бўлиб ишлади.
Минг афсуски… Қатағон сиёсати Зарафшон воҳасининг етук жамоат арбоби М.Райимқуловни ҳам четлаб ўтмади. 1933 йилда у бир қатор сафдошлари қатори сиёсий айблов билан қамоққа олинди ва жазо муддатини Сибирнинг совуқ ўлкаларида ўтади. Ана шундай аламли ва изтиробли кунларда, оғир шароитларда бу давлат миллат фидойиларига ён босмаслигини тушуниб етди. Ҳаётга бўлган нуқтаи назарини ўзгартирди. Гарчи, 1938 йилда муддатни ўтаб қайтиб келган бўлса-да, фақат И.Сталин вафотидан кейин бутунлай оқланди.
Мардон бобо дардини ичига ютиб яшади. Бир пайтлар «халқ душмани»нинг фарзандлари бўлган ўғил-қизларини илмли қилишга, халқ хизматида бўлишга тайёрлади. Фарзандларининг айтишига қараганда, Мардон бобо 1991 йилнинг 31 август куни мустақиллик эълон қилинганида ўкириб-ўкириб йиғлаб олган. Ундан кейин умрининг охирги куни - 1992 йилнинг кузигача ҳар куни эрталаб фотиҳага қўл кўтарган:
- Э, Худо, мен кўрган оғир кунлар тарих бўлсин! Эркинлигимизга, болаларимнинг бахтига кўз тегмасин.
Мақола сарлавҳасини бежиз қўймадик. Жувоз ҳайдаган пайтда ёш Мардон бобосига туя чарчаганини, ёшроқ туя сотиб олиш кераклигини айтди. «Ҳозирча маблағ йўқ, ҳазина излаяпман, топсам, туя ҳам оламиз, от ҳам оламиз».
- Бобо, хазинангизни қачон топасиз?
- Топаман, болам, топаман!
Райимқул бобо ўшанда бежиз ваъда бермаган. Бу хазина ўзининг ўғли бўлиб чиқди. Халқнинг обрўсига, давлатнинг эътирофига сазовор бўлди. Бу хазинанинг қолганларини Мардон бобонинг ўзи топди. Мисол учун, ўғли Отақул қарийб 40 йил Пахтачида муаллим бўлиб ишлади. Ҳозирда ҳам атрофдагиларнинг иззатида, каттаю кичик бу одамни танийди.
Дарвоқе, М.Райимқулов Бувиш ая билан тўққиз нафар фарзандни тарбиялади. Қурбон ва Мелининг умри калта экан. Саодат, Сафар, Муҳаббат шифокор бўлди. Баҳром, Санжар муҳандис, Холиқул эса ички ишлар тизимини танлади. Айтгандай, Отақул аканинг невараси Лолахон Москва давлат университетида таҳсил оляпти. Бу ҳам Мардон бобонинг битта хазинаси. 30 нафарга яқин невара ва 15 дан ортиқ чевараларнинг барчаси олий маълумотли. Мана буниси эса туганмас хазинадир. Умуман, пахтачиликлар Райимқуловлар сулоласига ҳамиша ҳавас қилишади. Бу гапларимиздан эса туғилганига 100 йил тўлган Мардон Райимқуловнинг пок руҳи шод бўлишидан умид қиламиз.
Олим ХЎЖАЕВ.