Маърифатли жамият - Учинчи Ренессанс бунёдкори

Азалдан маънавият, маданият бешиги бўлган Кўҳна Шарқ ўз бағрида минг-минглаб даҳоларни, донишманд, алломаларни етиштирди. Бу замин тупроғида не-не кашфиётлар туғилмади дейсиз. Бу ажиб маскан қучоғида қанчадан-қанча асрларга татигулик шоҳ асарлар яратилди, мангуликка юз тутди. Инсоният учун, бани-башар учун руҳий туганмас озуқа манбаини ўтади. Албатта, ҳар қайси даврда маърифатли жамият ҳар қандай мафкуравий жамиятдан устун бўлиб келган.

Хўш, бугунги Янги Ўзбекистон ёшлари, аниқроғи, бунёдкорлари олдинги Ренессанс даври алломалари каби бани-башарга хизмат қилувчи, жамият учун янгидан-янги кашфиётлар, ўлмас асарларни юзага чиқара олишадими?

Бу мавзуда қалам тебратиш, менимча, жуда долзарб масала. Чунки ёшлар жамиятнинг ҳаракатлантирувчи асосий кучи ва эртанги кун ворисларидир. Бугунги ёшлар ўз ҳаётини нима билан безамоқда? Умр, тириклик мазмунини улар қандай тушунадилар? Донолар «Ёшликни умр гулшанининг гултожи» дейдилар.

Шу ўринда мен эътиборни аждодларимизнинг ҳаёт йўлларига қаратгим келади. Буюк бобокалонимиз Алишер Навоий ёшлигидан илм ўрганишга, китобга меҳр қўйган. Тинимсиз мутолалар сабаб, у йигирма саккиз ёшида мукаммал билимлар эгаси, мутафаккир, эл-юртга танилган шоир ва тажрибали, инсонпарвар давлат арбоби даражасига эриша олган.

Дунё халқларини ўз илми билан ҳайратга солган Абу Али ибн Сино ўн олти ёшидаёқ Қуръони Каримни ёддан билган ва тиббиёт илмига ихлос қўйиб, табиб мақомини олган. Бу каби инсонлар навқиронлик даврининг қадрига етиб, фурсатни ғанимат билиб, уни билим ва ҳунар ўрганиш учун сарфлаганлар. Шунинг учун оламшумул даражадаги фозиллар қаторидан ўрин олганлар.

Бугунги ёшларимизнинг аксарияти комил ишонч билан айта оламанки, буюк аждодларимизга муносиб авлод бўла олишади. Чунки Юртбошимиз Ш.Мирзиёевнинг олиб бораётган оқилона сиёсатлари ва ёш авлодга кўрсатаётган ғамхўрликлари бунга ёрқин мисолдир. Айниқса, «Беш муҳим ташаббус», таълим квоталарининг оширилиши, олий ўқув юртларининг сони ва сифатининг ошиши, ёшлар учун таълим кредитларининг ажратилиши, хотин-қизларга берилаётган эътибор, магистратура босқичида таълим олаётган хотин-қизларнинг тўлов шартномасиз ўқишлари ва турли-туман имтиёзлар фикримнинг ёрқин далилидир. Шулар қаторида бугунги кун ёшлари пахта даласидан, йиғим-теримдан озод этилиши, шу билан бирга биз, ўқитувчилар ҳам бу ишлардан тамоман озод бўлишимиз нур устига аъло нур бўлди, десак муболаға бўлмайди.

Замонамиз ёшлари ҳам бу ғамхўрликларга жавобан ўз иқтидорлари ва истеъдодларини намойиш этиб келмоқдалар. Кўпгина ёшларимиз тил ўрганиб, турли сертификат ва имтиёзларни қўлга киритиб, грант асосида дунёнинг энг нуфузли олийгоҳларига ўқиб келмоқда.

Ёшларимиз орасида ўта қобилиятли, истеъдодлилари кўп. Спорт соҳасида дейсизми, IT соҳасида дейсизми, санъату илм дейсизми барча-барчасида илғор.

Юқоридаги фикрлардан келиб чиққан ҳолда шуни айтишим мумкинки, ёшлик ҳар бир инсонга ўзлигини англаш, комилликка интилиш, ҳаётда ўзининг муносиб ўрнини топиши учун бериладиган катта имкониятдир. Бугунги маърифатли жамият бунёдкорлари ватанимиз келажаги, Янги Ўзбекистон эртаси уларнинг қўлида эканлигини ҳис қилмоқлари даркор. Бугунги жамиятдаги мавқе масъулиятларини ошириш учун ҳар бир дақиқани ғанимат билиши, қайтарилмас ёшликнинг қадр-қимматини тўғри баҳолашлари ҳамда Учинчи Ренессансни бунёд бўлишига астойдил камарбаста бўлишлари лозим.

Дилором Раҳмонова,
Тойлоқ туманидаги 15-ИДУМ она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси.