Матонатлилар баҳсида Осиё чемпионлари аниқланди
“Паратриатлон бўйича Самарқанд – 2023 Осиё чемпионати” якунланди.
Самарқанд мезбонлик қилган чемпионат 9 тоифада ўтказилди ва ҳар бир тоифа бўйича ғолиблар тақдирланди. Мусобақада 6 нафар пара-триатлончи юртимиз шарафини ҳимоя қилди.
- Пара-триатлонда биринчи марта иштирок этдим, - дейди Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Саидакбар Ғозиев. - Шу пайтгача сузиш спорти билан шуғулланиб келардим. Юртимизда ўтказилган илк Осиё чемпионатида PTS 2 тоифаси бўйича ғолибликни қўлга киритдим. Энди ушбу спорт тури билан профессионал даражада шуғулланиб, бундан-да юксак натижаларга эришмоқчиман.
Эртага, 10 июнь куни “Самарқанд – 2023 Осиё триатлон кубоги” бўлиб ўтади. Унда дунёнинг энг яхши спортчилари: 50 нафар аёл ва 50 нафар эркак иштирок этади. Шу куни Осиё кубоги доирасида Марказий Осиё спортчилари ўртасида (CАТА – Central Аsia Triathlon Association) алоҳида мусобақа ва тақдирлаш маросими ҳам бўлиб ўтади.