Махсус рухсатнома бериш тартиби тасдиқланди
Республика махсус комиссияси йиғилиши қарори билан Автотранспорт воситалари ҳаракатланишига махсус рухсатнома расмийлаштиришнинг вақтинчалик тартиби тасдиқланди.
Вақтинчалик тартибга кўра, рухсатнома ариза берувчининг тегишли автотранспорт воситаларига вилоятлараро, Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоятлар марказларида ҳаракатланиш ҳуқуқини беради.
Бунда, рухсатномага илова қилинган стикер автотранспорт воситасининг олд ойнаси пастки ўнг бурчагига ўрнатилади.
Рухсатнома ДХМлар томонидан берилади.
Рухсатнома берилганлиги учун тўлов ундирилмайди.
Ариза берувчи рухсатнома олиш учун Ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП)да рўйхатдан ўтади ва мустақил равишда сўровномани электрон шаклда тўлдиради.
Сўровномага рухсатнома олиш учун асос бўлган ҳужжат нусхаси (лицензияланадиган фаолият тури бўйича лицензия, рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжат, ходимнинг меҳнат дафтарчаси ва лавозимга тайинланганлиги тўғрисида буйруқ, автотранспорт воситаси ижара ёки ишончнома асосида фойдаланилганда ижара шартномаси ёки ишончнома) илова қилинади.
Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ ва Зангиота туманларида, Тошкент шаҳрининг Олмазор, Чилонзор ва Яшнобод туманларида барпо этилаётган шифохона ва хиёбонлар қурилишига жалб этилган юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларга тегишли М1 тоифадаги автотранспорт воситалари учун тегишли туман ҳокимлигининг ва Қурилиш вазирлигининг хати илова қилинади.
ДХМ ариза расмийлаштирилгандан сўнг 8 иш соати ичида QR-код қўйилган рухсатномани ёки рухсатнома беришни рад этиш хабарномасини шакллантириб, ариза берувчини ахборот-коммуникация технологиялари орқали хабардор қилади.
Ариза берувчи хабарнома олгандан кейин 1 иш куни ичида ДХМга рухсатномани олиш учун ўзи келиб мурожаат этади.
Бунда, ДХМ томонидан юборилган хабарнома ариза берувчининг автотранспорт воситасида ДХМгача ҳаракатланишига асос ҳисобланади. ДХМга келган ариза берувчига муҳр босилган рухсатнома ва стикер рухсатномалар реестрида имзо қўйдирган ҳолда тақдим этилади.