“Мeн кeлажагимни коррупциясиз қураман”

Самарқанд давлат архитектура ва қурилиш университетида ушбу ном билан аталувчи лойиҳа асосида тадбир ўтказилди. Унда университетнинг ёш илмий тадқиқотчилари ҳамда уларнинг илмий раҳбарлари иштирок этди.

Тадбир аввалида университетнинг илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори Аброр Гадоев архитектура, техника, физика-математика, педагогика фанлари бўйича фалсафа докторлиги даражасини олган ёш олимларга PhDни тасдиқловчи дипломларни топширди. Шунингдек, ходимлар ва талабалар бошланғич касаба уюшмаси томонидан эсдалик совғалари билан тақдирланди.

- Талабаларни илмий ишга тайёрлаш, уларда илмга бўлган рағбатни уйғотиш уларнинг олий таълим муассасасига қадам қўйган илк кунлариданоқ бошланиши керак, - деди университет профессори Асқар Ҳасанов. - Талабаларимиз 4 йил давомида илмий семинарлар, илмий-амалий конференциялар, баҳс-мунозараларда қатнашиб, тобланиб боришлари лозим. Талаба бакалавриат босқичида илмнинг заҳмати ва роҳатини ҳис қилмас экан, магистратура ва докторантура йиллари ҳам самарасиз кетади.

Тадбирда ҳақиқий илм йўлини танлаган олимлар учун коррупция билан боғлиқ ҳолатлар ҳеч қандай тўсиқ бўла олмаслиги алоҳида таъкидланди.

СамДАҚУ ахборот хизмати.