Менинг дорилфунунларим

1967 йилда ўрта мактабни тамомлаб, Самарқанд давлат университетининг роман-герман филологияси факультетига ўқишга кирдим. Факультетимизда академиклар, профессорлар, таниқли олимлар фаолият кўрсатарди. Биз хорижий тиллар факультети талабаси бўлсак-да, академик Воҳид Aбдуллаевнинг «Ўзбек адабиёти тарихи» фанидан лекцияларига қатнашиб турардик. Ёки таниқли тилшунос олима, профессор Ю.Aвалианининг жаҳон тилшунослиги ва фразеология илми бўйича ўқиган маърузалари биз ёшларни илмга жалб этарди.

Ёдимда, биринчи курсда «Aдабиётшуносликка кириш» фанидан профессор Орифжон Икромов маъруза ўқиди. Домла имтиҳон олаётган пайтида талабалардан бирор таниқли шоирнинг шеърларидан ёддан айтиб беришни сўрарди. Имтиҳон билетидаги саволларга жавоб берганимдан сўнг, устоз: «Қайси шоирнинг шеърини ёдлагансан?», дедилар. Ҳамид Олимжоннинг «Ўзбекистон» шеърини айтиб бердим.

- Бўлди, баҳонг беш, - деди домла шеърни охиригача табассум билан тинглаб. - Сен «чет тиллар»да нима қилиб юрибсан, Нуриддин Шукуров ва Сайдулла Мирзаевга айтаман, сени ўзбек филологиясига ўтказсин.

Иккинчи курсда факультетимизга ёш, чет тили бўйича талабчан мутахассис М.Нушаров декан этиб тайинланди. Ректор - академик Ёлқин Тўрақуловнинг қўллаб-қувватлаши ва деканимизнинг саъй-ҳаракати билан факультетмизда ҳам ўзгаришлар бўлди. Ўнлаб ёш ўқитувчилар Москва, Санкт-Петербург, Киев университетларига стажировка ва аспирантурага юборилди. Охирги курс талабаларидан бир гуруҳимиз Ленинград университетида таржимонлик амалиётини ўтадик. Ўша кезларда профессор Ибодулла Мирзаев менда таржима ва таржимашунослик илмига иштиёқ уйғотганди.

1972 йил университетни тамомладим ва йўлланма билан Самарқанд давлат педагогика институтининг чет тиллар кафедрасига ишга бордим. У ерда икки йил ишлаб, яна қадрдон университетимга қайтдим. Сабаби, бу ерда Ю.Aвалиани, A.Ҳаютин, М.Нушаров, A.Бушуй каби хорижий тилшунослик, адабиётшунослик ва таржимашунослик илми билимдонлари фаолият кўрсатишарди. Улардан илмга йўлланма олдим, жаҳон адабиёти тарихи ва таржимашунослик назарияси йўналишида илк мақолаларимни ёздим.

1976 йилда деканимиз Мелиқул Маҳмудович мени ҳузурига чақириб «Муҳаммад, факультетда яхши ишлаяпсан, ўзингни кўрсатдинг, илмга чанқоқлигинг кўриниб турибди. Сени тўрт ойга Москва давлат университети (МДУ)га илмий стажировкага юборсам нима дейсан?», дедилар. Мен ҳаяжон билан «Раҳмат, домла, ишончингизни оқлайман, илмий иш қиламан», дедим.

Шундай қилиб, тўрт ой МДУнинг француз филологияси кафедрасида малака оширдим ва 1982 йилда «Француз бадиий адабиёти ўзбек тилида (таржима тарихи ва амалиёти мисолида)» мавзусида номзодлик диссертациямни муваффақиятли ҳимоя қилдим.

1983 йил бўлган бир воқеа ҳеч ёдимдан чиқмайди. Самарқанд давлат чет тиллар институти мажлислар залида Алишер Навоий ижодига бағишланган илмий конференция бўлди. Конференцияни академик Воҳид Абдулла бошқарарди. Мен “Ҳазрат Алишер Навоий шеърияти француз тилида” номли маъруза билан қатнашиб, Навоий ғазалларининг французча таржималарини қироат билан ўқидим. Шунда Воҳид Абдулла бир-икки марта «Яна қайтариб ўқи», деб тўхтатдилар. Маърузам тугагач, “Навоийни француз тилида ҳам ўқиса бўларкан-ку. Яшавор, тулпор! Навоийнинг руҳи қўлласин”, дея дуо қилдилар.

1985 йил СамДУга йирик математик олим, ЎзФA академиги Шавкат Aлимов ректор бўлди. Ўша пайт университетнинг француз филологияси кафедраси доценти вазифасида ишлардим. Бир куни ректор чақиртирди. Домланинг ҳузурига бордим, ҳурмат билан кутиб олдилар-да «Сиз москвалик академик Н.Балашевнинг шогирдимисиз? Неча ёшдасиз, қайси кафедрада ишлайсиз?», деди. «35 ёшдаман, француз филологияси кафедрасида ишлаяпман», дея жавоб қайтардим.

«Фан доктори бўлишни хоҳлайсизми?» дея яна савол берди ректор. Мен «Ҳа» ишорасини қилгач, «Сизни докторантурага юборамиз, аризангизни ёзинг», деди.

1986 йилнинг сентябрида Москвадаги жаҳон адабиёти институти (ИМЛИ)нинг докторантурасига қабул қилиндим. 1989 йилда академик Н.Балашев ва профессор Н.Владимирова консультантлигида докторлик диссертациясини ёздим. Аммо «қайта қуриш» деган алғов-далғов йиллар бошланиб, уни ёқлаш жуда қийин бўлди. Ниҳоят 1991 йилнинг охирида таниқли драматург Иззат Султон бошқариб борган илмий кенгашда докторлик диссертациямни ёқладим.

1992 йилда Тошкентда академик Б.Тошмуҳаммедов раҳбарлигида Олий аттестация комиссиясини ташкил этишда қатнашдим.

Ўша йили СамДУга таниқли физик олим, академик Толиб Мўминов ректор бўлди. У кишининг ташаббуси билан чет тиллар факультети қошида «Жаҳон адабиёти кафедраси» очилди. 1992-1998 йиллар университетда кафедра мудири, филологик марказ директорининг илмий ишлар бўйича ўринбосари, факультет декани, филология йўналиши бўйича ҳимоя кенгашининг аъзоси бўлиб ишладим.

1999-2005 йилларда Самарқанд давлат чет тиллар институти француз филологияси факультети декани ва кафедра мудири лавозимларида фаолият кўрсатдим. Бир муддат Москва давлат очиқ университетида лекциялар ўқиб, 2006 йил сентябридан Жиззах давлат педагогика институти инглиз тили ва адабиёти кафедраси мудири, профессор лавозимларида ишладим. Aйни пайтда Ўзбекистон жаҳон тиллари университети, Жиззах давлат педагогика институти, Қарши давлат университети ва Самарқанд давлат чет тиллар институтида ёш тадқиқотчиларга раҳбарлик қиламан. Фаолиятим давомида 16 нафар фан номзоди ва 2 нафар фан доктори тайёрладим. Ҳозиргача ўнлаб илмий рисолаларим, 200 дан ортиқ мақолаларим эълон қилинди. Француз адабиётидан қилган таржималарим нашр этилган.

Университетда академик Ботирхон Валихўжаев, профессорлар Нуриддин Шукуров, Сайдулла Мирзаев, Раҳим Муқимов, Раҳматулла Қўнғуров, Назар Ражабов, Мелиқул Нушаров, Бекмурод Йўлдошев, Ҳ.Умуров, A.Бушуй, Н.Турниязов, Ш.Сафаров, С.Каримов, И.Мирзаев каби олимлар билан ёнма-ён ишлаганим, ишлаётганимдан  фахрланиб юраман. Умуман, СамДУ, МДУ, ИМЛИ каби илмий даргоҳлар бағрида олимлик мартабасига эришдим. Устозларим ва менга таълим-тарбия берган дорилфунунларимга ҳамиша таъзимдаман.

Муҳаммаджон ХОЛБЕКОВ,

филология фанлари доктори, профессор.

Таҳририятдан: Муҳаммаджон Холбеков Самарқанд адабий муҳитида камол топган ва таржимашунослик бўйича ўз мактабини ярата олган олим. Унихорижда ҳам  билимдон адабиётшунос сифатида тан олишади.

Муҳаммаджон ака қирқ йилдан бери «Зарафшон»нинг фаол муаллифларидан бири. Янги таржималар, таржима санъати мавзусидаги долзарб мақолалари билан қатнашиб туради.

Изланувчан, заҳматкаш олим бугун 70 ёшга тўлди. Муҳаммаджон акани ушбу табаррук ёши билан муборакбод этамиз. Устозга фарзандлар ва шогирдлар камолини кўриб юриш насиб этсин!