МИБ: Қарздорлиги бўлмаган фуқароларни безовта қилмаймиз

Жорий йилнинг 20 май куни ижтимоий тармоқларда «Карантинда пулсиз ўтирган аҳолига коммунал тўловларни тўламаса, судга тортиш билан таҳдид қилинмоқда» сарлавҳаси остида мақола эълон қилинган эди.

Мақолада баён қилинган ҳолатлар ўрганилиб, ҳолатга ойдинлик киритилди.

2017 йил 29 май куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Электр энергияси ва табиий газ етказиб бериш ҳамда истеъмол қилиш соҳасида тўлов интизомини янада мустаҳкамлаш, шунингдек, ижро иши юритиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони ҳамда 2020 йил 15 апрелдаги “Коронавирус пандемияси даврида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети барқарорлигини таъминлаш ва биринчи навбатдаги тадбирларни ўз вақтида молиялаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорида давлат бюджети барқарорлигини таъминлашнинг устувор йўналишларидан бири сифатида фуқаролик-шартномавий келишувлар асосида кўрсатилган хизматлар учун тўловларни амалга ошириш белгиланган.

Ўрганиш давомида Тойлоқ тумани Туёқли қишлоғи, 71-уйда яшовчи С.Қаршиев хонадонида завод рақами 34288720 бўлган “МЕРКУРИЙ 201” русумли электр ҳисоблагич ўрнатилганлиги, ҳисоблагич “Электр ҳисоб” дастурида С.Қаршиевнинг отаси Ҳ.Қаршиев номига расмийлаштирилганлиги, кўрик давомида ҳисоблагич 5471 кВт ишлаганлиги аниқланди. Ҳисоблагич кўрсаткичи “Электрҳисоб” дастурига юборилгандан сўнг истеъмолчига вужудга келган 324 минг сўм қарздорлиги мавжудлиги аниқланган. Бу фуқаро тўлов имкониятига эга бўла туриб, қарздорликка йўл қўйиб келган.

Шундан сўнг давлат инспектори Ф.Самадов томонидан мазкур қарздорликни бартараф этиш тўғрисида 2020 йил 19 май куни

№0013081-сонли талабнома берилган. Шунингдек, давлат инспектори Ф.Самадов томонидан фуқаро С.Қаршиевга санитария ва гигиена талабларига риоя қилинган ҳолда талабнома бериш давомида қарздорликни ўз шароитидан келиб чиқиб, имконияти даражасида бартараф қилиши мумкинлиги тушунтирилган. Бироқ фуқаро буни тўғри тушунмаган ҳолда ижтимоий тармоқларга мурожаат қилган.

Дарҳақиқат, давлат инспектори ўз вазифасини бажариш чоғида бошқа қарздор истеъмолчилар қаторида С.Қаршиевнинг уйига борган. Қарздорликни тушунтириб берган ва талабнома берган. Талабномада қарздорликни вақтида бартараф этмаса, қонунчиликдаги мавжуд чоралар кўрилиши мумкинлигини эслатган.

Шу ўринда таъкидлаш лозимки, Мажбурий ижро бюроси ходимлари тўлов маданияти ва ижро интизомига риоя этувчи ва асосийси қарздор бўлмаган фуқароларни безовта қилмайди.

Бу фуқароларимизда фойдаланилган электр ва табиий газ учун тўловларни амалга оширмаса ҳам бўлар экан, деган нотўғри фикрни уйғотмаслиги лозим.

Унутмаслик керакки, ҳозирги мураккаб ва аҳолининг аксарият қисми уйда бўлиб турган вазиятда электр ва табиий газ ресурслари хонадонларимиз фаровонлиги учун муҳим манба ҳисобланади.

Аҳолининг асосий қисми бу даврда ўз уйида бўлишлари сабабли энергия ресурсларига бўлган эҳтиёж сезиларли даражада ортиб, тўловларнинг ўз вақтида, амалга оширилмаслиги қарздорликларнинг кўпайишига сабаб бўлади.

Қолаверса, хонадонларимизга ушбу неъматлар карантинли вазиятга қарамасдан, соҳа ходимларининг машаққатли меҳнати ва маълум харажатлар эвазига кириб келмоқда. Энергия ресурслари ва қаттиқ маиший чиқиндилар учун тўловларимиз аввало, энергия ресурсларидан тўлақонли фойдаланиш ҳамда атроф-муҳит муҳофазаси, аҳоли саломатлиги учун улкан ҳисса қўшади.

Коронавирус пандемияси даврида истеъмолчиларга қулайлик яратиш мақсадида ўз хонадонларидан чиқмаган ҳолда, коммунал хизматлар учун тўловларни электрон тарзда “PayMe”, “Paynet”, “Click”, “UPay” ва бошқа мобил тўлов тизимлари орқали тўлаб боришлари мумкин.

Мажбурий ижро бюроси ваколатлари доирасида қарздорлардан ундирилаётган пул маблағлари бюджетимизнинг салмоқли ҳиссасини ташкил этиб, булар пенсия олувчиларга, ўқитувчи ва шифокорларнинг ойликларига, бошқа ижтимоий соҳаларга йўналтириладиган маблағлардир.

Мажбурий ижро бюроси Самарқанд вилояти бошқармаси.