МИБ қарздорнинг автомашинасини хатлаб олиб кетгач, ундан солиқ қарздорлиги ундирилди

Паст Дарғом туман иқтисодий судининг қарздор “Расул Турум Култонсой пахтаси” фермер хўжалигидан ундирувчи Паст Дарғом туман Давлат солиқ инспекцияси фойдасига 40 миллион 198 минг сўм солиқ қарзини ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжатлари Мажбурий ижро бюроси Паст Дарғом туман бўлими ижро иш юритувига келиб тушган.

Шу куннинг ўзида ижро иши юритишни қўзғатиш тўғрисида қарор қабул қилиниб, қарор нусхалари томонларга юборилган. Бу ҳақда Мажбурий ижро бюроси Паст Дарғом туман бўлими хабар бермоқда.

Ижро ҳаракатлари давомида қарздор “Расул Турум Култонсой пахтаси” фермер хўжалигининг банк ҳисоб-рақамларининг чиқим қисмига банд солинган.

Қарздор “Расул Турум Култонсой пахтаси” фермер хўжалигига тегишли бўлган мол-мулкларни аниқлаш мақсадида мутасадди идораларга сўров хатлари юборилган.

Шунингдек, мазкур ижро ҳужжати ижросини таъминлаш мақсадида давлат ижрочининг далолатномасига асосан қарздорга тегишли бўлган, бир дона “LACETTI” русумли автотранспорт воситаси хатланиб олиб чиқилган.

Мазкур ижро ҳужжати юзасидан олиб борилган мажбурий ижро ҳаракатлари давомида қарздор “Расул Турум Култонсой пахтаси” фермер хўжалигидан ундирувчи Паст Дарғом туман Давлат солиқ инспекцияси фойдасига 40 миллион 198 минг сўм солиқ қарздорлиги ундириб берилди.