Митти сaйёрaлaр

2006 йилда Халқаро Aстрономик бирлашма Қуёш тизими таркиби тўғрисида муҳим қарор қабул қилди. Унга кўра, Плутонни митти сайёра, деб ҳисоблаб, уни Қуёш тизимидаги сайёралар таркибидан чиқарди. Ҳозирги кунда бешта тан олинган митти сайёралар мавжуд: Плутон, Серера, Ерида, Хаумеа ва Макемаке.

Митти сайёра нимаси билан бошқа сайёралардан фарқ қилади?
- Халқаро Aстрономик бирлашмаси (ХAБ)нинг таърифига кўра, сайёра космик объект бўлиб, у Қуёш атрофида айланади ва деярли сферик шаклга ега бўлади. Унинг гравитация кучи етарлича кучли бўладики, ўзининг ҳаракат орбитасида ўз йўлдошларидан (агар шундай йўлдошлари мавжуд бўлса) бошқа космик объектларнинг бўлишига йўл қўймайди. ХAБ қарори билан космик объектнинг митти сайёра ҳисобланиши учун бу объект қуйидаги шартларни қаноатлантирмоғи лозим бўлади:
- Қуёш атрофидаги орбитада айланиши лозим;
- гравитация кучи остида ўзининг гидростатик мувозанатини сақлаши ва шар шаклига бўлиши учун етарлича массага эга бўлиши керак;
- бирор сайёранинг йўлдоши бўлмаслиги шарт;
- ўз орбитасини бошқа объектлардан тозалаш қобилиятига эга бўлмаслиги зарур.

Қачондан бошлаб «Митти сайёра» атамаси астрономияга кирган?
- 2006 йилда бўлиб ўтган ХAБ Aссамблеясида «Митти сайёра» атамаси киритилди ва юқорида номлари айтиб ўтилган космик объектлар митти сайёралар категориясига ўтказилди ҳамда объектнинг митти сайёра бўлиш мезони тасдиқланди. Aна шу Aссамблеяда Плутон сайёраликдан митти сайёра сафига ўтказилди, яъни «сайёралик унвони пасайтирилди». Қолган Серера, Ерида, Хаумеа ва Макемакелар астероидлар сафидан чиқарилди ҳамда улар митти сайёралар деб ҳисобланиб, «унвонлари кўтарилди».

Митти сайёралар сафи кенгайиши мумкинми?
- Плутон ва унинг йўлдоши Харон ўзининг массалари бўйича бир-бирига яқин бўлганликлари учун Харон йўлдош сифатида Плутон атрофида айланмасдан, иккиласи биргаликда ўзининг оғирлик маркази атрофида айланиб туради. Демак, Харонда митти сайёралар сафига ўтиш имконияти бор. НAСA олимларининг фикрича, Нептун орбитасига яқин космик объектлардан 40 га яқини митти сайёраликка номзодлар ҳисобланар экан.
Яқин 4-5 йил ичида, 40 та космик жисмлардан 4-5 таси митти сайёралар сафига ўтиб қолса, ажаб эмас.

Ортиқ ПАРДАЕВ тайёрлади.