Моҳир педагог, талабчан раҳбар, халқ таълими аълочиси Барот Амиров вафот этди

Барот Амиров 1928 йилда Паст Дарғом туманида дунёга келди. Ўзи туғилиб ўсган қишлоқ мактабида аъло баҳоларга ўқиди. Мактабни битиргач, Самарқанд давлат университетининг биология факультетига ўқишга кирди.

1954 йилда иш фаолиятини Паст Дарғом туманидаги 21-ўрта мактабда бошлади. Ундаги қобилият, талабчанлик, ўз ишига масъулият билан ёндашиш сабаб кўп ўтмай мактаб директорининг ўқув ишлари бўйича ўринбосари вазифасига тайинланди.

Барот Амиров мактаб жамоаси билан яхши ишлагани, ўз касбини севгани унинг мавқеини янада оширди. 1959 йилда тумандаги 24-ўрта мактабга директор вазифасига тайинланди. Ушбу лавозимда 1963 йилгача меҳнат қилди. Сўнгра тумандаги 13-ўрта мактабга директор этиб тайинланди.

Тажрибали ўқитувчи Барот Амиров 1976 йилда Паст Дарғом тумани халқ таълими бўлими мудирлигига муносиб кўрилди. У мактаб таълими ривожи йўлида самарали меҳнат қилди. Унинг меҳнатлари ҳукуматимиз томонидан муносиб тақдирланди. 1970 йилда Ўзбекистон халқ таълими аълочиси, 1994 йилда «Шуҳрат» медали, 1995 йилда «Меҳнат шуҳрати» ордени, 2015 йилда «Иккинчи жаҳон урушидаги ғалабанинг 70 йиллиги» юбилей медали ва бошқа мукофотлар билан тақдирланди.

Б.Амиров 1985-1994 йиллар давомида тумандаги 28-умумий ўрта таълим мактабида директор, сўнгра Паст Дарғом тумани халқ таълими бўлими услубчиси, «Фахрийлар уюшмаси» раиси вазифаларида меҳнат қилди.

Устознинг ҳаёт йўли шогирдлари ва фарзандларига ибрат бўлди. Устознинг жойлари жаннатда, охиратлари обод бўлсин, илоҳим.