МРБнинг собиқ бошлиғи АҚШ қўшинларини Афғонистондан олиб чиқилиши қандай оқибатларга олиб келиши мумкинлигини айтди
«АҚШ қўшинларининг Афғонистондан олиб кетилиши натижасида қонли фуқаролар уруши бошланиши мумкин. Ваҳоланки, агар Қўшма Штатлар қўшинлар контингентини мамлакатда қолдиришга қарор қилганда, бунинг олдини олиш мумкин бўлар эди», деди Марказий разведка бошқармасининг собиқ раҳбари, Афғонистондаги халқаро контингент қўмондони, генерал Дэвид Петреус.
"Энг ёмони, биз 1990 йилларда «Толибон» ғалаба қозонгани каби қонли ва шафқатсиз фуқаролар урушини кўришимиз мумкин. Агар шундай бўлса, эҳтимол "Ал-Қоида" истеҳкомининг қайтишини кузатиш мумкин бўлади. Аммо яқин келажакда у ватани ва Европага таҳдид сола олади, деб ўйламайман. Шу билан бирга "Ал-Қоида"га назоратни «Толибон» қўлга олгани маъқул", деди Петреус Британиянинг Times газетасига берган интервьюсида.
Унинг таъкидлашича, шу тариқа Қўшма Штатлар ўзи курашган қадриятлардан воз кечмоқда.
"Барча кўради, биз демократия ва бутун дунё бўйлаб тарғиб қилинаётган қадриятларимиз - инсон ҳуқуқлари, айниқса аёллар ҳуқуқи, таълим олиш ҳуқуқи, сўз ва матбуот эркинлигини қўллаб-қувватламаймиз. Булар барчаси Афғонистонда мукаммал даражада эмас, лекин «Толибон» ўрнатмоқчи бўлган ўрта асрлардаги исломий режимдан кўра яхшироқ", деди Петреус.
Агар «Толибон» Афғонистонда устунликка эга бўлса, дея қўшимча қилди у, миллионлаб "қочоқлар" Покистон ва бошқа мамлакатларга йўл олади. Бундан ташқари, маҳаллий аҳоли, айниқса, аёллар эркинлиги чекланади.
"Агар биз қолишда қатъият ва ирода кўрсатганимизда, "толибон"лар билан музокараларда анча кучли позицияга эга бўлар эдик. Аммо душманга биз чиқиб кетамиз, десак, нега улар нимадандир воз кечиши керак? Менга нима учун биз ҳеч кимнинг манфаатларига жавоб беролмайдиган «Толибон»нинг ўта консерватив исломий теоктратиясини қайтаришга тўсқинлик қилиш учун 3500 аскарни қолдириш ҳақида ўйлаб кўрмаганимиз тушунарсиз», дея қўшимча қилди у.
Қўшма Штатларнинг ушбу ҳарбийлари ёрдамида фуқаролар урушининг олдини олиш мумкин эди. Афсуски, ҳозирги вазиятда "уруш давом этади ва аҳвол бунда-да ёмонлашади", деди генерал.
Афғонистонда ҳукумат кучлари ва қишлоқларда муҳим ҳудудларни эгаллаб олган, йирик шаҳарларга ҳужум бошлаган «Толибон» ҳаракати жангарилари ўртасида қарама-қаршилик тобора авжига чиқмоқда. Мамлакатдан АҚШ маъмурияти қўшинларини 11 сентябргача олиб чиқишни тугатиш ҳақидаги ваъдалари фонида Афғонистонда беқарорлик кучаймоқда.
Гулнора Холдорова тайёрлади.