Муносиб шароитда яшаш инсоннинг кайфияти, амалига таъсир қилади
![](https://static.zarnews.uz/crop/7/1/720__80_71953abc07efac64a7a823235b0f2bd0.jpg?img=self&v=1739418050)
Обод жойда барака бўлади, дейди ёши улуғлар. Дарҳақиқат, тоза-озода, муносиб шароитда яшаш инсоннинг кайфияти, юриш-туриши ва амалига ҳам таъсир қилади, уларни ҳаракатга келтиради. Буни бир вақтлар шароити оғир бўлган, кейин тегишли дастурлар асосида обод қилинган маҳаллалар мисолида кўрганмиз. Масалан, кўчаси асфалт бўлган хонадонлар эгаси машина олмоқчилигини билдирган. Мақсад ҳаракатга, ҳаракат эса барака ошишига хизмат қилади.
Жорий йил ҳам вилоятимизнинг бир қатор маҳаллалари “Обод хонадон – обод кўча – обод маҳалла” дастурига киритилиб, ҳар бирининг назорати сектор раҳбарларига юклатилди. Режалар катта, баъзиларида ҳудудни ободонлаштиришга қаратилган амалий ишлар бошлаб юборилган. Биз Паяриқ туманининг Халқобод маҳалласида бўлиб, жараён билан танишдик.
3407 нафар аҳоли истиқомат қиладиган бу маҳаллани туман ёки вилоятнинг энг шароити оғир ҳудуди деб бўлмайди. Биринчидан, у туман марказидан узоқда эмас. Шунга қарамай аҳоли даромадининг асосий қисми деҳқончилик ва чорвачиликдан. Ҳар ким меҳнатига яраша ризқ топиб, шаротини қиляпти. Лекин танганинг иккинчи тарафи ҳам бор. Яъни, магистрал йўл ёқасида жойлашган айни маҳалланинг салоҳиятидан тўлиқ фойдаланилмаяпти. Агар етарли инфратузилма яратилса, у туманнинг ривожланган маҳаллалари қаторига қўшилиши мумкин.
Биз маҳаллага борганимизда ундаги эски симёғочлар ўрнига темир-бетон устунлар ўрнатилиб, янги электр тармоқлари тортилиши бошланган экан. Маҳалла раиси Баҳром Норжигитовга кўра, бунгача ҳудуд масъуллар томонидан батафсил ўрганилиб, маҳалла фаоллари ва фуқароларнинг таклифлари қабул қилинган.
— Маҳалламиздаги трансформаторлар, симёғочлар маънан эскирган, кейинги ўн йилда уй қуриб кўчиб ўтганлар кўчасига ўзлари, ёғочли устунлар ўрнатиб, сим тортишга мажбур бўлган эди, - дейди Баҳром Норжигитов. – Электр таъминоти ҳам шунга яраша, сифатсиз эди. Дастурга киритилишимиз билан биринчи навбатда шу муаммомиз ҳал бўладиган бўлди. Бундан ташқари, маҳалладаги 29 та ички кўчани асфалтлаш, 1800 метр пиёдалар йўлагини қуриш таклифларини берганмиз. Ҳозир маҳалламиз кўчаларининг бор йўғи 30 фоизи асфалтланган, тош ётқизилганларида ҳам қиш кунларида ҳаракатланиш қийин. Одамлар улардан юрмай, манзилларига айланма йўллар орқали боради. Албатта, маҳалладошларимиз ҳам қараб ўтиргани йўқ. Мисол учун, ўтган йили ҳашар йўли билан қурилиши бошланган маҳалла биноси ҳамда нуронийлар маскани битай деб қолди. Агар кўчаларимизни ободонлаштириш бошланса, хайрли ишга барча ўз ҳиссасини қўшади.
Маҳалладаги 38-давлат мактабгача таълим ташкилоти девор билан ўралмаган. Омборхона ва кўмирхонаси йўқ. Ишчилар кўмирни қор остидан кавлаб олишга мажбур бўлмоқда. Боғча мудираси Зебо Абдураҳмонованинг билдиришича бутун бинони иситиш учун битта қозонхонанинг кучи етмаётган экан. Бинонинг фасад қисми ҳам таъмирга муҳтож.
— Боғчамизнинг ичини ўз имкониятимиздан келиб чиқиб таъмирлаяпмиз, - дейди Зебо Абдураҳмонова. – Бунинг учун ҳовлимизнинг бўш жойида тўқсонбости экин экиш орқали қўшимча маблағ ҳосил қиляпмиз. Лекин имкониятимиз етмаган ишлар ҳам бор.
Бугун бу маҳаллада 59 та камбағал оила бор экан. Шундан 10 таси масъул раҳбарларга, 15 таси нуронийларга биритиктирилган. “Маҳалла еттилиги” ҳар бир оиланинг имкониятларидан келиб чиқиб, даромадли ишга йўналтириш чораларини кўряпти. Агар ҳудуд обод қилинса, кўчалар таъмирланса, магистрал йўл ёқасида янги ошхонаю дўконлар, хизмат кўрсатиш шохобчалари очилиб, қўшимча иш ўринларини яратиш мумкин бўлади. Энг асосийси, одамларда ҳам ҳаёт тарзини яхшилашга қизиқиш ортади.
Маҳаллада ҳозирги шароитда ҳам берилган имкониятлардан унумли фойдаланиб, оғир вазиятдан чиқиб кетган оилалар талайгина. Жумладан, Акмал Бердиев илгари пул топиш учун хорижда ишлаб келган. У икки йил олдин маҳалла тавсияси билан имтиёзли кредит олиб, иссиқхона ташкил этди. Ҳозир унинг иссиқхоналари ери 10 сотихдан ошган. Асосан бодринг ва помидор етиштириб сотаётган Акмал ака йил якунигача кредитини қоплаб, соф фойдага чиқишини маълум қилди. Эътиборлиси, унинг натижалари бошқаларда ҳам иссиқхоначиликка қизиқиш орттирган.
Хуллас, бу йил Халқободда катта ўзгаришлар бўлиши кутилмоқда.
Асқар БАРОТОВ.