Мурожаатлар масъулиятсизлик ва эътиборсизликдан келиб чиқади

Вилоят телерадиокомпанияси "Очиқ мулоқот" кўрсатувининг бу галги сонида Нарпай тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари, сектор раҳбарлари, тумандаги корхона ва ташкилот мутасаддилари иштирок этди. Аҳолини қийнаётган муаммолар, келиб тушаётган саволларни ўрганар экан, туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Шерзод Раҳмонов шундай деди:

– Туманимизда аҳолини қийнаётган катта муаммолардан бири бу – ишсизлик. Туман бўйича ишга яроқли аҳолининг 9,8 фоизи (!) ишсиз ҳисобланади. Доимий иш  ўринлари яратиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш учун туманда ишлаб чиқариш, саноатни ривожлантиришга эътибор қаратяпмиз. Бу муаммони бартараф этиш учун 2019 йилда 1 триллион сўмлик 53 та лойиҳани амалга оширишни белгилаб олдик. Ушбу лойиҳаларнинг амалга оширилиши билан 600  та янги иш ўрни яратилади. Зирабулоқ кичик саноат зонасида 48 та лойиҳа амалга оширилаётган бўлса, уларга қўшимча равишда Тепа ва Оромгоҳ кичик саноат зоналари ҳам ташкил этилади. Туманда ишлаб чиқаришни кенгайтириш, тўғридан-тўғри хорижий инвес­тицияларни жалб этиш мақсадида тадбиркорларимиз куни кеча туман ҳокими Б.Жабборов бошчилигида Россиянинг Москва шаҳрига жўнаб кетишди. Россиялик ишбилармонлар билан туманга 1 миллион долларлик инвестиция киритиш бўйича келишув олиб борилмоқда.

Ҳақиқатан ҳам мулоқот давомида аҳоли мурожаатларининг аксарияти ишсизлик, коммуникация соҳаларидаги камчиликлар, электр энергияси, табиий ва газ баллонлари, йўлларни таъмирлаш, тадбиркорликни ривожлантириш, солиқ механизмлари, банк кредитлари, кам таъминланган оилаларга ёрдам кўрсатиш, бозорлар ободончилиги ва хизматлар сифатини ошириш, қишлоқ хўжалигидаги муаммолар билан боғлиқ бўлди. Жумладан, Тинчлик маҳалласидан Н.Алиев, Янгиобод маҳалласидан С.Умбарова, Зирабулоқ маҳалласидан М.Рўзимуродова, Гулистон маҳалласидан З.Равшановнинг иш бўйича мурожаати жойида ҳал этилди. Аммо тумандаги "Севинч Жўрақулова" фермер хўжалиги бошлиғи Фотима Қаҳҳорованинг етиштирилган қалампирни сотолмаётгани, Алишер Навоий маҳалласидан У.Худоёровнинг бувиси қисқартириш туфайли ишдан бўшатилгани ва эндиликда иш стажи етмаётганлиги туфайли пенсияга чиқолмаётган­лиги каби саволларга аниқ жавоб берилмади.

Умуман, бир ярим соатлик мулоқот давомида телерадиокомпаниянинг телефон рақамлари, ижтимоий тармоқлар ва "Зарафшон" газетаси орқали 70 дан ортиқ муаммолар билдирилди.

– Тумандошларимизнинг мурожаатларидан келиб чиқиб туманда ўша соҳаларда биз ҳали етиб боролмаган нуқталаримиз кўплиги ойдинлашди, аҳолини кўпроқ қайси йўналишлардаги муаммолар  қийнаётганини билдик, – деди Ш.Раҳмонов кўрсатув якунлангач, бизга берган интервьюсида. – Бу мурожаатлардан хулоса қилиб, биз «Йўл харитаси»ни тузиб оламиз, ҳар бир мурожаатни алоҳида ўрганиб чиқамиз. Тепа, Саловот ва Нарпай маҳаллаларидаги қишлоқларимизда "Обод қишлоқ" дастури асосида қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилади. Бундан ташқари, 5 та мактабни жорий ва тўлиқ таъмирлаш, 22 та хусусий мактабгача таълим муассасаси қурилиш ишлари бажарилади. Ҳозирда туман аҳолисининг 50 фоизга яқини тоза ичимлик суви билан таъминланган бўлса, қолган аҳоли учун 20 дан ортиқ махсус техникада тоза ичимлик суви етказилмоқда. Шунингдек, жорий йилда «Мирбозор» сув иншоотини таъмирлаш ва 6 километр ичимлик сув тармоғи тортиш учун 1 миллиард 700 миллион сўм маблағ ажратилди. Оқтош шаҳридаги Исломобод маҳалласида янги сув иншооти ва канализация тармоғини қуришга 20 миллиард сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилади. Янгиқўрғон қишлоғида 18 километрлик сув тармоғи, Чақар қишлоғига 13,6  километрлик «Дамхўжа» сув тармоғини, Қорасероб қишлоғига 14 километрлик сув тармоғи тортиш режалаштирилган. Электр энергиясидаги узилишларни бартараф этиш учун 2019 йилда 40 километрлик янги электр тармоғи тортилади, 10 та янги трансформатор қўйилиб, 5 таси таъмирланади. Жорий йилги туман дастурида белгиланган ушбу вазифаларнинг бажарилиши аҳоли муаммоларига ечим бўлади.

 Ўктам ХУДОЙБЕРДИЕВ.