Мутаносиблик керак

Муҳаррир дўстим бор. Таҳририят биноси йўлим устида бўлгани ҳамда  ишдан кейин хонасида қолиб, бироз ижод қилиш одати борлигини билганим  учун баъзан ишдан уйга қайтишда уни йўқлаб тураман. Шундай йўқловлардан бирида суҳбатимизни телефон қўнғироғи бўлди. Дўстим телефонда гаплашар экан, вақтни бекор ўтказмаслик учун стол устидаги газетани олиб, шунчаки варақладим. Учинчи саҳифада чоп этилган икки таъзия ва бир табрик хабарлари эътиборимни тортди. Вафот этганларни танимасам-да, суратларга қараб, ҳар бир инсон бошида бор бўлган бу қисматни ўйладим. Афсусли ҳолат.

Гапини тугатиб, гўшакни жойига қўйган дўстимга газетани кўрсатдим.

- Мана бу қирчиллаган йигит 60 ёшга кирибди. Шу муносабат билан  қутлашган, мингга кирсин. Келгусида юбилей ёшига етганларнинг ҳозирги кўринишидаги суратини беришсин. Табрик остида икки нафар вафот этган киши ҳақидаги хабарга ҳам эътирозим бор. Нохуш маълумот учун алоҳида жой ажратиб, табрикларни бошқа саҳифага жойлаштириш мумкин эмасми?  Мутаносибликка риоя этиш шарти газетада ҳам қўлланилиши керак. Мотам ўқувчига салбий таъсир этар экан. Хато гапирган бўлсам, узр.

- Тўғри, - деди у куюнганимни ёқлаб, - реклама ва эълонлар бир жойда бўлгани учун ходимлар шундай қилишган. Лекин фикрингиз тўғри.

Ижодкор одамга халақит бермаслик мақсадида дўстим ёнида узоқ ушланмай, уйга қайтдим. Лекин кела-келгунча газетадаги уч хабар хаёлимдан кетмади. Демак, хабарлар қолдирган таассурот фақат менинг кайфиятимга эмас, бошқаларда ҳам пайдо бўлиши мумкин. Агар адади қарийб 25 минг экани ҳисобга олинса, газетани бир киши ўқиган тақдирда ҳам минглаб одам хабарларни кўздан кечирган ва вафот этган кишилар билан  қутланган кишининг суратини ёнма-ён кўрган.

Бундай номутаносиблик бошқа жойларда ҳам борлиги хаёлимдан ўтди. Айниқса, бундай ҳолатга никоҳ тўйларида кўп дуч келганман. Эсимда, бир қанча вақт илгари қишлоғимиз тўйларини ўтказадиган қўшиқчи йигитга “Бевафо ёрим” деган ва шунга ўхшаш тароналарни никоҳ маросимида  айтмаслигини сўраб, сабабини тушунтиргандим. Кейинроқ у мени кўрганда, берган маслаҳатим жуда тўғри эканлигини, эндиликда никоҳ тўйларида келин-куёвга бахт тилаш ҳақидаги қўшиқлар ижро этаётганини айтиб, миннатдорчилик билдирганди.

Шунга ўхшаш ҳолатни радио тўлқинларида ҳам учратиш мумкин. Бугун маълум бир машҳур кишининг таваллуд куни деб, у ҳақда қисқача маълумот  беришади ва тирик бўлганида у шунча ёшга кирган бўларди, дея орқасидан шўх бир қўшиқни эфирга улашади. Ўйлаб қоласан киши, наҳотки, режиссёр бундай вақтда бирор мумтоз тарона қўйиш кераклигини билмаса. Балки бунга уни ўқитишмагандир?!

Хуршид НУРУЛЛАЕВ.