Мутолаа: Деворлардан ўта оладиган одам. (Ҳикоя, қисқартирилган)

Марсель Эме

Монмартрда, Оршан кўчасидаги 75-уйнинг тўртинчи қаватида Леон Дютийелль исмли ажойиб одам яшар эди. Кичкина қора соқолли, занжирли пенсне тақиб юрадиган Дютийелль Рўйхатга олиш вазирлигида кичик амалдор бўлиб ишларди ва ғаройиб - заррача ноқулайлик сезмасдан деворлардан ўтиш қобилиятига эгалиги билан бошқалардан ажралиб турарди.

43 ёшли Дютийелль бу қобилиятини тасодифан пайқаб қолди. Бир куни  кечқурун у ўзи бўйдоқ яшайдиган квартирасининг даҳлизида турган эди, тўсатдан чироқ ўчиб қолди. Зулматда тусмоллаб юрган Дютийелль чироқ ёнганда ўзини тўртинчи қаватнинг майдончасида кўрди. Уйининг эшиги ичкаридан беркитилгани боис, бу ғалати воқеа уни ўйлантириб қўйди ва идроки баҳоналарига қарамай, қандай қилиб чиққан бўлса, худди шу тарзда, яъни, девор орқали уйига қайтишга қарор қилди. Эртага - шанба куни иш кунининг қисқарганидан фойдаланиб, вазиятни тушунтириш учун шифокорга борди. Шифокор беморга фақатгина соғлом турмуш тарзини олиб боришни ва йилига икки марта гуруч кукунидан тайёрланган доривор ичишни маслаҳат берди. Биринчи кукунни ичиб, Дютийелль дорини тортмачага ташлаб, у ҳақда бутунлай унутди. 

Шу тарзда бир йил ўтди, унинг деворлардан ўтиш қобилияти ҳали ҳам ўзи билан сақланиб қолинган эди, лекин тасаввур васвасасига бефарқ ва саргузаштларга мойиллиги бўлмаган Дютийелль ўз қобилиятидан фойдаланиб қолгудек бўлса, у фақат эътиборсизлик оқибатида содир бўлган бўларди. У ҳатто ўз квартирасига ҳам ҳамма оддий одамлар сингари эшик қулфини очиб кирарди. 

Агар кутилмаган бир ўзгариш унинг борлиғини безовта қилмаганда эди эҳтимол, у қобилиятини кўз-кўз қилмасдан, ўз одатлари дунёсида қариган бўларди. Унинг бошлиғи жаноб Моурон бошқа лавозимга тайинланди ва унинг ўрнига узук-узук гапирадиган, чўтка мўйловли жаноб Лекюйер тайинланди. Янги бошлиқ биринчи кунданоқ занжирли пенснели ва қора соқолли ходимига қандайдир малоллик келтирадиган, фойдасиз лаш-луш сифатида қарай бошлади. Энг ёмони, Лекюйернинг гўё атайин қўл остидагиси тинчилигини бузиш ниятида ўз бўлимида жиддий ислоҳотлар ўтказиш нияти бордай кўринарди. Камида йигирма йил давомида Дютийелль ўз хатларини “...Жорий йилнинг фалон санасида ёзилган хатингизга жавобан ва аввалги мактуб алмашинувимизни эслатиб, Сизга шуни маълум қилиш шарафига эгаманки...” деб бошларди. Жаноб Лекюйер эса бу ифодани бошқача, кўпроқ америкача услуб, яъни, “Фалон санадаги хатингизга жавобан шуни маълум қиламизки...” билан алмаштиришни талаб қилди. Бироқ Дютийелль бу янги эпистоляр шаклга кўника олмади. Рўйхатга олиш вазирлигидаги муҳит борган сари оғирлашарди.

Унинг барча ислоҳотларини бекор қилган тескаричининг қаршилигидан ғазабланган Лекюйер Дютийелни ўз хонасига туташган коридорга чиқадиган тор эшигида катта ҳарфлар билан “ОМБОРХОНА” деган ёзуви бор ярим қоронғи тор хоначага сургун қилди. 

Бир куни бошлиқ бир мактубни кўтарганча хонага бостириб кирди ва бақира кетди:

- Дарҳол бу қоғозни қайта ёзинг! Эшитяпсизми, менинг бўлимимни шарманда қилаётган бу бемаза қоғоз парчасини қайтадан ёзинг!

Дютийелль эътироз билдирмоқчи бўлганди, лекин жаноб Лекюйер уни кекса суварак деб лаънатлади ва кетишидан олдин хатни ғижимлаб қўл ости ходимининг юзига отиб юборди. Дютийелль камтарин, аммо мағрур одам эди. Хонада ёлғиз ўзи қолганида ёноқлари қизиб кетганини сезди ва бирданига миясида бир фикр равшанлашди. Жойидан туриб ўзи ва бошлиғини ажратиб турган деворга кирди-да, ундан шундай эгилиб чиқдики, бошқа томондан фақат боши кўриниб турарди. Столда ўтирган жаноб Лекйюер қалами ҳамон ғазабдан рақсга тушарди, у ходимларидан бирининг матнидаги вергулини ўзгартираётган эди, тўсатдан қулоғига йўтал эшитилди. Бошини кўтариб, даҳшат билан Дютийелнинг овланган илвасиндек боши деворга ёпишиб қолганини кўриб қолди. Бундан ташқари, бош тирик эди ва занжирдаги пенсне орқали бошлиғига тўла нафрат билан тикилиб қарарди. Бу ҳам етмагандай, у гапирди.

- Муҳтарам жаноблари,  - хитоб этди калла, - сиз сурбет, ярамас ва аблаҳсиз!

Даҳшатдан оғзини очган жаноб Лекюйер, девордан кўзини узолмай қолди. Ниҳоят, у қандайдир тарзда ўриндиғидан узилиб, коридорга чиқди ва омборхона томон  югурди. Дютийелль қўлида қалам билан одатдаги ўрнида ўтирар, осойишта қиёфаси унинг қунт билан ишлаётганини кўрсатарди. Бошлиқ унга узоқ қараб турди-да, сўнг бир-икки оғиз сўз ғўлдираб, хонасига қайтди. У иш столига ўтириши биланоқ девордаги бош яна пайдо бўлди.

- Муҳтарам жаноблари, - сиз сурбет, ярамас ва аблаҳсиз!

Ўша куннинг ўзида даҳшатли бош 23 марта пайдо бўлди, кейинги кунларда ҳам у тез-тез “ташриф” буюриб турди. У бошлиғига ваҳимали қарар, таҳдид қилар, бўғиқ овози иблисона кулгига ўтиб кетарди:

- Гуру-Гару! Бўри келди! (кулги) Ҳаво шунчалик совуқ бўлдики, сумалаклар думи музлаб қолди (кулги). 

Буни эшитган бечора бошлиғининг ранги оқариб, бўғила бошлади. Биринчи куни у танасидаги вазнининг учдан бирини йўқотди. Кейинги ҳафтада у шўрвани санчқи билан ичар, тартибот ходимларига ҳарбийларча салом беришдек номақбул одатларга ҳам эга бўлди. Иккинчи ҳафтанинг бошида унинг уйига тез тиббий ёрдам ходимлари келиб, жаноб Лекюйерни руҳий касалликлар шифохонасига олиб кетишди.

Хўжайинининг зулмидан халос бўлган Дютийелль ўзининг қимматли “олди-берди”сига қайтишга муваффақ бўлди: “...Жорий йилнинг фалон санасида ёзилган хатингизга жавобан ва...”. Лекин энди бу унинг учун етарли эмасдек туюла бошлади. У қандайдир тарзда юзага чиқишни, янги, кучли эҳтиёжни - бу эса каммас-кўпмас деворлардан ўтиш заруратидан бошқа нарсани талаб қилмас эди.

Дютийелль томонидан амалга оширилган биринчи ўғирлик Сена дарёсининг ўнг қирғоғидаги йирик кредит муассасасида содир бўлди. У ўнлаб девор ва тўсиқлардан ўтиб, сейфларга кириб, чўнтакларини банкноталар билан тўлдирди ва кетишидан олдин Гару-Гару тахаллусини танлаб, қизил бўр билан имзо қолдирди. Ўша ҳафтада содир бўлган машҳур Бордугал олмоси ва Муниципал кредит уйининг ўғирланишидан сўнг, оломоннинг иштиёқи авжига чиқди. Ички ишлар вазири истеъфога чиқишига тўғри келди, рўйхатга олиш вазири эса унга эргашди. Дютийелль энди Париждаги энг бой одамлардан бири бўлса-да, у барибир ишга ўз вақтида келарди. Эрталаблари рўйхатга олиш вазирлигида у ҳамкасбларининг ўзи тўғрисида янгиликларни муҳокама қилаётганини тинглашни яхши кўрарди. “Бу Гару-Гару – таъкидлашарди улар, - ғайриоддий одам, шунчаки даҳо!”. Бундай мақтовни эшитган Дютийелль хижолатдан қизариб кетар, пенсне остидаги кўзлари миннатдорчилик ва мамнуният билан порларди. У тортинчоқлик билан газета устида тўпланиб, Франция банкининг талон-талож қилиниши ҳақида ҳаяжон билан гапираётган ҳамкасбларига қараб, камтарона эълон қилди:

- Биласизларми, Гару-Гару менман.

Унинг сўзлари истиҳоласиз, узоқ давом этган қаҳқаҳа билан кутиб олинди ва ҳамкасблари томонидан унга ҳазил аралаш “Гару-Гару” лақаби берилди. Кечқурун, у  вазирликдан кетгач, ўртоқлари уни тинимсиз масхара қилишарди ва ҳаёт унга зерикарли туюла бошлади. 

Бир неча кундан сўнг тунги патруль Гару-Гаруни рю-де ля Пэ  кўчасидаги заргарлик дўконида қўлга олди. Дютийелль учун деворга кириб, полициядан яшириниш оппаосон эди, бироқ барча аломатлар унинг ўзи қўлга олинишини истаётганини ва эҳтимол ҳамкасбларини лол қолдириш учун бўлгандир, чунки ишончсизлик уни қаттиқ ҳақорат қилган эди. Дарҳақиқат, эртаси куни барча газеталарнинг биринчи саҳифасида Дютийелнинг фотосурати чиққанда, улар жуда ҳайрон қолишиди. Улар ўзларининг даҳо ўртоқларини вақтида эътироф этмаганликларидан афсусда эди ва унинг шарафига кичик соқол ўстира бошлашди.

Дютийелль қўрқчинли Санте қамоқхонасига жойлаштирилиши биланоқ, соқчилар маҳбус деворга мих қоқиб, унга қамоқхона бошлиғининг олтин соатини осиб қўйганидан ҳайратга қолишди. Санте ходимлари бутунлай издан чиқди, бундан ташқари ходимлар ҳамма жойда уларни келиб чиқиши мутлақо тушунарсиз тарздаги тепиб юборишлар ҳақида шикоят қилишарди. Гўё деворларнинг нафақат қулоқлари, балки оёқлари ҳам бордек.

Гару-Гару бир ҳафта қамоқда ўтирган эди, бир куни эрталаб ўз кабинетига кирган Санте бошлиғи столи устида қуйидаги мазмундаги хатни топди:

“Жаноб бошлиқ, шу ойнинг 17 кунидаги суҳбатимизга жавобан ва 15 майдаги кўрсатмаларингизни эслатиб, “Уч мушкетёрлар”нинг иккинчи ва охирги жилдини эндигина ўқишни тугатганимни ва бугун тунда соат 11.25дан 11.35гача қочиб кетишимни маълум қилиш шарафига эгаман. Сиздан ҳурмат-эҳтиромимни қабул қилишингизни сўрайман. Гару-Гару”.

Дютийелль жиддий назоратга олинишига қарамай, у ўша кеча соат 11.30да ғойиб бўлди. Қамоқхонадан қочганидан уч кун ўтиб, у дўстлари билан Коленкур кўчасидаги “Мечта” кафесида лимон рангли шароб ичган пайтида қўлга олинди. Тушга яқин маҳбус қамоқхона яқинидаги ресторанда тушлик қила туриб, у ердан қамоқҳона бошлиғига қўнғироқ қилди:

- Алло! Жаноб бошлиқ, жуда хижолат тортиб турибман, лекин муассасангиздан чиқаётганимда ҳамёнингизни олишни унутибман. Илтимос, ҳисобни тўлаш учун бирон кишини юборсангиз. 

Бошлиқ шахсан ўзи югуриб келиб, маҳбуснинг бошига лаънат ва ҳақоратлар ёғдирди. Дютийелнинг нафси жароҳатланди, ўша кечаси у ҳеч қачон қайтиб келмаслик учун қамоқдан қочиб кетди. Бу сафар уни таниб қолмасликлари учун эҳтиёт чораларини кўрди. Бунинг учун қора соқолини олди, занжирли пенснени тошбақасимон ғилофли кўзойнакка алмаштирди. Қиёфа ўзгаришини спорт қалпоқчаси ва катак-катак костюм билан якунлади. У биринчи ҳибсга олинишидан олдин ўзи учун энг қадрли бўлган баъзи жиҳоз ва нарсаларини келтириб қўйишга муваффақ бўлган Жюно кўчасидаги кичкина квартирага жойлашди. Машҳурлик уни чарчатиб қўйган эди, энди у энг улкан пирамидалардан бирининг юрагига чиқишни орзу қиларди ва Мисрга саёҳат қилиш режасини туза бошлади.

Мисрга жўнаб кетиш арафасида Лепик кўчасида у чорак соат оралиғида икки марта учратган малла сочли гўзал аёлни севиб қолди. Малла сочли аёл ҳам унга катта қизиқиш билан қаради. Афсуски, бу гўзалнинг рашкчи қўпол эри бор экан. Эр мунтазам равишда кечқурун соат ўндан эрталаб тўртгача калитни икки марта айлантириб қулфлаб уни уйга қолдириб кетарди. Кундузи ҳам хотинини кузатишдан тўхтамас, ҳатто сайр қилган пайтлари ҳам унинг ортидан эргашишдан қолмас экан.

Кейинги куни Дютийелль бу гўзални Толозе кўчасида учратди ва уни сут дўконигача кузатиб борди, дўконда у ўзига хизмат кўрсатишни кутатаётанида олдига бориб унинг жирканч эри, қулфланган эшик ва  ҳамма-ҳамма нарсани билиши, шунга ҳам қарамасдан уни ҳурмат билан севишини ва кечқурун унинг хонасига келишини айтди. Малласоч гўзал қизариб кетди, кўзларида миннатдорчилик ёшлари келди, у зўрға пичирлади: 

- “Жаноб, афсуски бунинг иложи йўқ!”.

Ўша ажойиб куннинг оқшомида Дютийелль Норвин кўчасида пойлаб ўтирди, эшик очилиб, ундан бир киши чиқди. У эҳтиёткорлик билан эшикни калит билан қулфлаб, бошқа томонга қараб кетди. Дютийелль рашкчи одам ниҳоят кўздан ғойиб бўлгунча кутди. Ишончли қадамлар билан у барча тўсиқларни енгиб ўтди ва ниҳоят узлатда яшайдиган гўзалнинг хонасига кирди. Қиз уни хурсанд бўлиб кутиб олди ва улар анча маҳалгача суҳбатлашиб ўтиришди.

Девордан чиқиб кетаётиб Дютийель оёқлари ва елкаларида қандайдир ғайриоддий сиқилишни ҳис қилди, лекин бунга аҳамият бермади. Тош девордан ўтаётгандагина унинг қаршилигини аниқ ҳис қилди. У гўё бир қалин елимшакл суюқлик бўйлаб ҳаракатланаётгандек, бу суюқлик эса ҳар лаҳза тобора зичлашиб борарди. Бутун вужудини девор ичига суқиб қўяркан,  у узоққа ҳаракат қилолмаслигини тушуниб етди ва даҳшат билан бир кун олдин ичган иккита кукунни эслади. У аспирин деб ўйлаган бу кукунлар аслида шифокор ўтган йили ёзиб берган доривор эди. Дорининг таъсири фаол дам олишга ўз таъсирини кўрсатди ва барчаси биргаликда шу натижага олиб келди.

Дютийелль девор ичида қотиб қолди. У ҳамон ўша ерда, ҳар томондан тошлар билан сиқилганча туради. Кечалари Париж шовқинлари сўнаётган вақтда Норвин кўчасидан тушиб кетаётган тунги йўловчилар гўё ердан чиқаётгандек бўғиқ овозни эшитишади, бу овоз уларга Монмартр чорраҳасидаги ҳуштак чалаётган шамолдек туюлади. Бу - Дютийелль, яъни Гару-Гару, ўзининг якунланган буюк шуҳрати ва эрта сўнгган муҳаббатидан қайғуриб йиғлайди.

Баҳора Муҳаммадиева таржимаси.

 

Таҳририятдан: Парижнинг Монмартрида ёзувчи Марсель Эме ва унинг “Деворлардан ўта оладиган одам” ҳикоясига бағишланган ҳайкал бор. Санъат асарида тош девордан чиқаётган эркак кишининг боши, танасининг тепа қисми, қўллари ва бир оёғи кўриниб турадиган бронзадан ясалган жуссаси мужассамлашган. Гўё бир неча сониядан сўнг у чиқиб келади, лекин у совуқ тош асирида қолишга маҳкумланган. 

“Деворлардан ўта оладиган одам” ҳайкалининг яна бир сири бор. Айтишларича, Дютийелнинг чап қўлидан тутиб, тилак қилган кишининг ниятлари албатта амалга ошар экан. Бу тўғрими-йўқми билмадик, сиз буни фақат шахсий тажрибангизда текшириб кўришингиз мумкин. Шунинг учун Парижда бўлганингизда бахтсиз Леон Дютийелнинг чап қўлини силкитиш имкониятидан фойдаланмай қолманг.