Мутолаа: Жўравой ва Қорбола (ҳикоя)
Январь ойининг охирида қор кўп ёғди. Жўравой акаси билан ҳовлида қорбола ясади. Унга сабзидан бурун, кўмир бўлакларидан оғиз ўрнатди. Бошига эски челакни кийгизди. Ҳовлида бироз юргач, совқота бошлашди. Иккаласининг ҳам бурни, юзи совуқдан қизарди.
Онаси қанча тайинламасин, панага ўтиб, қор ейишди. Тарновда осилган сумалакни олиб ялаб, қарсиллатиб тишлади. Кейин уйга югурди. Кечқурун дарсларини бажармоқчи эди, эринди. Телевизор томоша қилди-да, ухлаб қолди.
Ҳовлида буни кўриб турган Қорбола бошларини сарак-сарак қилди:
- Эҳ, Жўравой! Иссиққина уйда маза қилиб дарсларингни тайёрламайсанми?
Кечаси Жўравойнинг иссиғи ошиб, йўтала бошлади. Боши қизиб, алаҳсиради. Қанча ётди, билмайди...
***
Бир маҳал эшик очилиб, хонага Қорбола кириб келди.
- Хўш, - деди у бошидаги челакни олиб. – Сиз болаларга қор, муз ейиш мумкин эмас-да. Ойинг буни тайинламаганми?
- Айтувдилар, - зўрға минғирлади Жўравой.
- Катталарнинг айтганини қилиш керак, - таъкидлади Қорбола. – Мана, бизга ҳам Аёз бобо қаттиқ тайинлаган – оловга яқин борма, оқар сувга яқинлашма, деб.
Жўравойнинг иссиғи ошиб, боши оғрий бошлади.
- Мен сенинг ўрнингда бўлсам, математикадан масалаларни ечиб, мактабда биринчи ўринни олар эдим, - деди Қорбола. - Адабиётдан шеърларни шариллатиб ёдлардим. Ойингнинг айтганини қилмадинг-а? Ана энди касал бўлиб ўтирибсан. Ҳаммага ташвиш келтирасан. Қулоқсиз бола экансан!
- Эҳ, сен билмайсан-да, - деди Жўравой. – Мактабдаги дарслар роса жонга тегди!
- Кел бўлмаса, бундай қиламиз, - қўлларини ишқалади Қорбола. – Иккаламиз ўрин алмашамиз. Менга ҳам ҳовлида бир ўзим туришим ёқмаяпти.
- Қандай қилиб? – бошини кўтарди Жўравой.
- Мен сенинг ўрнингга мактабга бораман. Сен менинг ўрнимга ҳовлида турасан, - дебди Қорбола.
Жўравой бироз ўйланиб қолди, кейин рози бўлди. Дарс қилмаса, мактабга бормаса бўлди-да.
- Бўпти, розиман.
Иккаласи қўл ташлашди.
- Лекин билиб қўй, - огоҳлантирди Қорбола. – Жойингдан қимирламайсан, уйга кирмайсан. Агар шартни бузсанг, Аёз бобо қаттиқ жазолайди. Музга айлантириб қўяди.
- Бўпти, бўпти, - қўл силкиди Жўравой. - Дарс қилмасам бўлгани. Айниқса, ўқитувчиларнинг дашноми шунчалик жонга тегдики...
Хуллас, иккаласи ўрин алмашди. Жўравой эрталаб туриб Қорболанинг жойига турибди. Қорбола эса Жўравойнинг кийимларини кийиб, сумкасини кўтариб мактабга йўл олибди. Астойдил ҳаракат қилиб, дарсларда ўзини кўрсатибди. Математикадан масалаларни ечиб, адабиётдан шеърлар ёдлабди. Уйга берилган вазифаларни бажариб, чарчаб ухлаб қолибди.
Жўравой эса ҳовлида бир соат турибди, икки соат турибди. Охири тик туриш жонига тегибди. Қимирласа бўлмайди, ваъда берган. Тик турганича ухлабди. Энг ёмони кечқурун бўлибди. Ойиси ошхонада ширин палов дамлаб, уйга олиб кираётганида қорни очлигидан йиғлаб юборибди. Кўз ёшлари думалаб-думалаб, муз томчилар бўлиб ерга тушибди. Уйга кирмоқчи бўлибди-ю, Аёз бободан қўрқибди. Ахир сўз берган-да. Ён-атрофидан қор олиб ебди. Эрталабгача шу ҳолида турибди. Оёқлари увушиб, ҳаммаёғи муз қотибди.
“Эрталаб Қорбола келсин, аввалги жойимга алмашаман”, деб ўйлабди.
Тонг пайти Қорбола ҳовлига чиққан экан, уни Жўравой имлаб чақирибди:
- Ҳой Қорбола, буёққа кел!
- Ҳа, нима гап? – дебди Қорбола.
- Бўлмас экан, кел, жой-жойимизга қайтамиз, - дебди Жўравой.
- Эй, йўқ, - бошини силкитибди Қорбола. – Мактабга бориш маза экан. Болалар билан ўйнайсан, қизиқарли китобларни ўқийсан. Биласанми, мени синфда мақташяпти. Синф раҳбари менга мақтов ёрлиғи ёзмоқчи.
- Тўхта, тўхта, - қичқирибди Жўравой. – Нима десанг, айтганингни қиламан. Фақат ўз жойимизга қайтайлик, илтимос.
- Унда дарсларни ўз вақтида қилишинг керак бўлади, – дебди Қорбола ортига бурилиб. – Ойингнинг айтганини ҳам бажаришинг керак.
- Ҳаммасини қиламан, - қичқирибди Жўравой.
- Йўқ, сен ўз гапида турмайдиган, қулоқсиз боласан, - деб Қорбола изига қайтибди.
- Қиламан, қиламан, - йиғлабди Жўравой.
Унинг кўз олдида туманлар пайдо бўла бошлабди...
***
- У алаҳсираяпти, - деди кимдир.
Жўравой кўзини очса, бошида оқ қалпоғи бор доктор амаки унинг пешонасини ушлаб турганмиш.
- Уй вазифаларни ҳам, ойимнинг айтганини ҳам қиламан, - дебди Жўравой.
- Бу яхши, - дебди доктор. – Катталарнинг айтганини бажариш – яхши фазилат. Мана бу дориларни ичсанг, тузалиб, мактабга борасан.
Жўравой бошини кўтариб, деразадан ташқарига қараса, ҳовлида Қорбола унга қўл силкиб турганмиш.
- Иссиққина уйда ётиш қандай маза-я, - дебди у. – Энди сира ҳам дарс қолдирмайман!
Бобораҳмат Муҳаммадиев,
Нуробод туманидаги 57-умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчиси.