Мутолаа: Пенальти. Ҳажвия

Тоғаймурод Шомуродов

Азалий рақиблар “Барселона” билан “Реал” жамоалари ўртасидаги ўйин қизигандан қизиди. Яқиндагина “Реал"га келиб қўшилган Берди полвон номдор жамоада биринчи марта майдонга тушганига қарамай, алдамчи ҳаракатлари, чаққон югуриши билан рақиб жамоа ҳимоячиларини эсанкиратиб қўйди.

Ишқибозларнинг “Берди! Берди! Баракалла! Яша, ур, теп!“ деган ҳайқириқларидан стадион ларзага келди.

Мана, тўп яна Бердида. У икки ҳимоячи ўртасидан жарима майдончасига илдам ёриб кирди. Зарба берса бўлди, гол муқаррар! Бироқ қаршисига югуриб чиққан дарбозабон уни чалиб йиқитди.

Ҳакамнинг ҳуштаги янгради: сариқ карточка ва ўн бир метрлик жарима тўпи - пенальти! Уни Берди полвоннинг ўзи тепадиган бўлди.

Берди ҳаяжон билан тўпни ўн бир метрлик белгига қўйди. Дарвозабон қулочини кериб жойида маймундай диконглаб турибди. Ҳакам ҳуштак чалиб тўпни тепишга рухсат берди. Ишқибозлар нафас ютиб, голни кутиб туришибди.

Берди полвон орқага уч-тўрт метр тисарилиб, шиддат билан югуриб келди-да ўнг оёғида тўпни зарб билан тепди...

 ... - Вой, вой, вой оёғим, - деворга кучли зарб билан урилган оёғи оғриғидан уйғониб кетган Берди полвон додлаб юборди.

Эртаси куни қўлтиқтаёқ суяниб, гипсланган оёғини судраб келган Берди полвонни кўрган ҳамкасби Нишон ачиниб унга қаради.

- Нима, бўлди?   

Берди полвон афтини буриштириб, бўлган воқеани гапириб берди. Ўнг оёғининг бош бармоғи синибди.

- Ҳм, тушунарли, - деди кулиб Нишон, - уйқуда футбол ўйнамаслик керак, жўра!..