Мутолаа: Реклама қурбони. Ҳикоя
Эмиль Золя
Пьер Ландри бекорчилар дориломон санқиб юрадиган Сен-Оноре кўчасидаги бозор яқинида дунёга келди. Энагаси унга омборлар пештахтасида осиғлиқ эълон ва рекламларни бўғимларга бўлиб ўқишни ўргатди. Пьер бу улкан қизил, сариқ, кўк қоғоз парчалари билан дўстлашди, ўсиб улғайганида ва кўчаларда айланиб юра бошлаганида бу кўп сонли жимжимадор ҳарфлар билан ёзилган рекламаларга хуштор бўлиб қолди.
Унинг ўз ишларини ортда қолдирган пайпоқдўз отаси ҳар оқшом унга ўқиш учун газетанинг охирги саҳифасини берарди, ахир болалар учун рекламаларни ўқиш осон, деб ишонилади, чунки улар катта ҳажмдаги рангдор ҳарфлар билан босиларди.
Йигирма ёшида Пьер Ландри етим қолди. Отаси унга жуда катта бойлик қолдирди. Энди у тараққиёт ва цивилизациянинг барча афзалликларидан фойдаланиб, фақат ўзи учун яшашга қарор қилди. Отаси кўп меҳнат қилган эди, лекин Пьер шаҳар бўйлаб ёпиштирилган эълонлар ва сон-саноқсиз рекламалардан дарак берадиган олтин асрнинг таърифлаб бўлмайдиган шодликлари орасида дам олади.
“Бизнинг асримиз буюк аср”, - ўйларди у, - дунёни англаш ва роҳат-фароғат олиш даври. Ўзини инсоният бахтига бахшида этган одамлардан кўра таъсирчанроқ нарсани тасаввур қилиб бўлмайди; улар ҳаётнинг тинч ва фаровон бўлиш ташвишида доимо мўъжизалар ихтиро қилишади ва барча неъматлар ҳаммабоп ва ҳамма учун ҳамёнбоп бўлиши учун ғамхўрлик қилишади. Ўйлаб кўринг-а, бу валинеъматлар бизга тирикчиликнинг барча неъматларини майда-чуйдасидан тортиб, катталаригача қаердан ва қандай баҳода топишимиз мумкинлигини эълон қилишни ўз зиммасига олади! Лекин шундайлар борки (уларга тасаннолар айтиш керак!) улар биз ўзимизни бахтиёр ҳис этишимиз учун ҳатто ўз молини зарарга сотишга рози бўлади. Ва уларнинг ҳеч бири фойда ҳақида ўйламайди – уларнинг барчаси инсоният фаровонликда яшаши учун жон-жаҳди билан тиришади. Бўлди, менинг ҳаёт режам олдиндан белгилаб қўйилди! Замонамнинг барча ноз-неъматларига тўғри эргашаман. Тараққиёт билан ҳамнафас бўлиш учун эрталаб ва кечқурун газеталардаги эълонларни ўқиш ва бунинг учун бу олий раҳбарлар менга маслаҳат берган барча нарсаларни диққат билан кузатиб боришгина кифоя. Мана ҳақиқий донолиг-у, мана бахтга олиб борадиган ягона ҳақиқий йўл!”.
Ўша кундан бошлаб Пьер Ландри рекламаларни ўзининг мавжудлигини бўйсундириши керак бўлган асосий ҳаёт қонуни сифатида қабул қила бошлади. Реклама унинг учун уни ҳар бир ҳаётий эҳтимолга йўллайдиган ажралмас қўлланмага айланиб, ўзгармас йўл кўрсаткич бўлиб қолди; у рекламанинг қудратли овозига қулоқ тутмасдан ҳеч бир нарса сотиб олмас, бирор бир иш қилмас эди. Эрталаб у виқор билан газеталарни кўздан кечириб, янги ихтиро ва янгиликларнинг барчасини виждонан ўрганарди. Унинг уйи Парижда ишлаб чиқарилган номдор барча бемаъни янгилик ва барча намуналар уюмини топиш мумкин бўлган турли хил лаш-лушлар омборига айланди.
Қолаверса, унинг мулоҳазалари қандайдир мантиқдан холи эмас эди. Тараққиётга босқичма-босқич қадам қўяркан, кундалик ҳаётида фақат реклама лирик шоирлари алоҳида иштиёқ билан мақтаб кўкларга кўтарган нарсаларни танлаб, тўлиқ фаровонлик масаласини ҳал этаётганини ғурур билан айтарди, чунки у энг мукаммаланган цивилизациянинг фақат асл маҳсулотларидан фойдаланарди.
Афсуски, бу шунчаки мулоҳаза эди. Ҳақиқат кундан кунга ёмонлашиб борарди. Ҳамма нарса иложи борича яхши ўтиши керак эди, бироқ акси бўлиб чиқди. Айнан ана шу ерда фожиа бошланди.
Пьер Ладрининг ҳаёти жаҳаннамга айланди. У бир бўлак ўпиринди ер сотиб олиб, унинг устида қурган уйи аста-секин тупроққа бота бошлади. Энг сўнгги тизим бўйича қурилган бу уй шамолда қалтираб, жала остида бузилди. Уйнинг ичида моҳир тутун чангини ютиш воситалари билан жиҳозланган каминнинг дудлашидан кўр бўлиб қолиш мумкин, электр қўнғироқлари ўжарлик билан жимлик сақлар, патентланган моделга мувофиқ ишлаб чиқарилган ваннахона даҳшатли ахлат ўрага айланди; оддий ва қулай механизмлар билан ҳаракатга келтирилиши керак бўлган тортма ва эшиклар очилмасди ёки ёпилмасди. Устига-устак оғир, жирканч минғир овозли пианино ва ўғирликка берилмайдиган, бузилмайдиган оловга чидамли шкафни қиш кечаларининг бирида ўғрилар хотиржамлик билан елкаларига ортиб, олиб кетишди.
Гарчи бошқача тарзда бўлса ҳам, худди шундай воқеа Пьерни Аркейлда сотиб олган қишлоқ уйида такрорланди. Дарахтлар ўрнига у ерда ким билади нима экилган; у ноёб ўсимликларни кўпайтирмоқчи эди, бироқ ўрнига буғдой ўтининг ориқ пойлари униб чиқди. Эълонларнинг бирида қурувчиси жар солиб мақталган сузиш ҳавзаси қулаб тушди ва эгаси бир вақтнинг ўзида босилиб қолиш ва чўкиб кетиш хавфидан аранг қутулиб қолди.
Пьер Ландри бу нохушликлар ва қайғу ичида беихтиёр табассум қилди. Унинг эътиқоди бузилмади, аксинча тобора ошиб борди. “Дунёлар ичидаги энг яхшисида ҳали ҳамма нарса мукаммал эмас, - деди у ўзига ўзи, - лекин олдинга силжиш бор ва бахтсизликдан қочишнинг энг ишончли йўли - рекламани янада ғайрат билан ўрганиш кераклиги. Ҳовузнинг қулаб кетишига ўзим айбдорман: газетада етарлича иштиёқ билан тавсия қилинмаган қурувчини таклиф қилдим; қизғинроқ реклама қилинганини топиш керак. Охир-оқибат мен шубҳасиз, мукаммаллик ва мутлақо фаровонликка эришаман!".
Бахтсиз Ландрининг нафақат мулки, балки унинг ўзи ҳам жабр кўрарди. Кўчада чиққанида унинг кийган костюми ёриларди - у уларни фақат молларни ҳисобга олиш ёки компания тугатилиши баҳонасида эълон қилинган савдоларда зиқналиги туфайли эмас, замона мурувватидан фойдаланиб қолиш имкониятига эришиш хурсандчилигидан сотиб олишга интиларди.
Мен уни сочлари бутунлай тўкилган ҳолда кўриб қолган кун келди. Ҳамма гап ўша тараққийликда экан: миясига сочларини сариқдан қормағизга бўяш ғояси келиб қолипти. Қўллаган суюқликдан сочларининг ҳаммаси тўкилиб кетди, “Энди, - деди у, - реклама қилинган дорини қўлласам, олдингисидан ҳам қуюқ, қора сочлар ўсиб чиқади”.
Унинг ёноқлари ва ияги “аъло” даражадаги устаралар туфайли тўхтовсиз тиртиқлар билан қопланарди. Бир ҳафта ўтмай сотиб олган шляпасининг шакли бузилди, соябонлари ёмғир ёғаётган пайтда очилмай қоларди.
У ютиб юборган барча дориларни тасвирлай олмайман. Илгари у кучли ва бақувват эди. Ҳозир вазнини йўқотди ва нафас қисишидан азият чека бошлади. Бу рекламалар уни ҳолдан тойдирди. У ўзини касал деб ўйлаб, барча ажойиб реклама воситалари билан даволана бошлади. Даволашнинг янада самаралироқ бўлиши учун у ҳар бир мақталган дори-дармоннинг қайси бирини танлашда қийналиб, барча усулларни бир вақтнинг ўзида қўллай қолди.
У қанча шоколад истеъмол қилганини ҳисоблаб бўлмайди, парфюмериядан ҳам худди шундай фойдаланди ва ҳеч қандай оғриқ етказмасликка қасам ичадиган ва тинчгина жағингизни синдирадиган бу хайриячи стоматологларни ишсиз қолдирмаслик учун ҳар қадамда тишларини йўқота бошлади.
Бир табиб барча касалликларни даволайди деб ўқиб, Пьер ўзида бўлмаган касалликларни даволаш учун унинг олдига югурди. Табиб уни ёшартиришни таклиф қилиб, бор-йўғи дорилар томдирилган ванна қабул қилишни ва маълум бир суюқликни ичиш лозимлигини айтди. Пьер у билан хайрлашиб, ўзида йўқ хурсандчилик билан бундай даволаш усули тараққиётнинг сўнгги сўзи эканлигини эълон қилди.
Ўзига буюрилган ичимликни ютиб, у ваннага шўнғиди ва ўзини шунчалик ёшартирдики, икки соатдан кейин уни ўлик ҳолда топишди. Юзида бахтиёрона қотиб қолган табассумидан у энг муқаддас рекламага сиғиниб, сўнгги нафасини чиқарганини тахмин қилиш мумкин эди. Эҳтимол, Ландрининг барча мусибатлари давоси ҳам шу табиб буюрган восита бўлса, ажабмас.
Пьер Ландри ҳатто ўлимидан кейин ҳам рекламанинг камтарин хизматкори бўлиб қолди. У бир лўттибоз фармацевт томонидан патентланган усул бўйича жасадини мўмиёлаб қўядиган тобутда дафн қилишни васият қилган экан. Қабристонда бу тобут тараша ёрилди - бахтсиз марҳум лойга тушиб, тобут парчалари билан бирга кўмилди.
Фақат бир қиш давридагина картон тош ва тақлид мармардан ясалган қабр тоши об-ҳавога қаршилик кўрсата олди; тез орада қабр устида жирканч моғордан бошқа ҳеч нарса қолмади.
Агар насиҳатгўй бўлганимда, мен бу ахлат уюми устида туриб, ерга қориб юборадиган нутқ сўзлаб, Пьер Ландрининг қиссасидан фойдали хулоса чиқарган бўлардим: рекламанинг бу аянчли қурбони бизга, замонавий анқовларга агар бахтли ва ёқимли ҳаётни ваъда қиладиган эълонларга соддалик билан ишонсак, нимага айланишимизни кўрсатди. Корчалонлар ўзларига берилган эркинликдан реклама орқали суиистеъмол қилаётгани ва зараримизга бизни ўз дўконларига чорлаётгани учун уларга таслим бўлиб қолмайлик! Cохта ваъдаларга алданишимизга йўл қўймайлик! Биз Пьер Ландрига ўхшамайлик, биз мустаҳкам бўлайлик!
Баҳора Муҳаммадиева таржимаси.