Мутолаа. Сендан угина, яна сендан бугина... (Ҳажвия)
Тўлқин Сиддиқ
Маҳалламизда ёзувчилар кўп. Ҳаммаси ҳар хил ёзади. Энг машҳурлари уч киши. Бири - ҳикоя ва қиссалар ёзадиган Жиян Қўзи (Жиянбой Қўзиев). Иккинчиси – аҳоли муаммоларини ижтимоий тармоқларда ёритадиган блогер Хурсанд Маҳзун (бундан 5-6 йил аввал уни ҳамма “чап қўл ёзувчи” деб атарди). Кейингиси Олдибой Караев. Бу йигитнинг исми аслида Олтибой бўлиши керак эди. Бир оёғининг бармоқлари 6 та бўлгани учун момоси унга шу отни қўйган. Аммо паспортида Караев Олдибай Маллабаевич деб ёзилган. У туғилган йилда “ЗАГС” бўлимида ишлаган, рус мактабида ўқиган Апипа чеча гувоҳномасига шундай ёзиб қўйган экан.
Хуллас, бугун сизга қишлоғимиздаги шу – “учинчи ёзувчи” ҳақида ҳикоя қиламан. Тўғрисини айтсам, “иккинчи ёзувчи”миз - блогер Хурсандбой бор-ку, ўша йигит кимга қандай ёзиш кераклигини Олдибойга ўргатиб туради. Олдибойнинг Хурсандбойдан фарқи ўзининг муаммолари ҳақидагина “катта”ларга ёзади.
Исмгаям кўп нарса боғлиқ экан. Адашиб бўлсаям гувоҳномасига Олдибой деб ёзиб қўйилгани учун бўлса керак, бу йигит фақат “олади”. Бировга бир нарса берганини эслолмайман. Кўчадан қайсидир таниши ўтиб қолса бўлди, “келинг, бир “юз-юз” олайлик”, дейди кўча бошидаги дўконга имо қилиб. Сотувчи Сотволди амаки камдан-кам нақд пулга савдо қилади. Қарияларга “пенсия тарқатганда оларман”, деса, ёшроқларга “ойликдан ё болаларнинг пулидан берарсиз”, деб молини ўтказишга ҳаракат қилади. Олдибой билан кимдир бирга кириб, ароқ ичадиган бўлса, тўлови албатта, ўша одамнинг бўйнида. Сотволди амаки ҳеч қаерда ишламайдиган Олдибойдан қарз ундириш қийинлигини билиб, унинг номига ёзмайдиган бўлган.
Кейинги пайтларда Олдибойнинг ёзган хатлари инобатга олиниб, маҳалламизда уч марта раис алмашди. Хатларга жавобан ижтимоий ҳимояга муҳтож, деб унинг оиласига ёрдам кўрсатиляпти. Масалан, бепул товуқ берилди. Томорқасида 2 сотихлик иссиқхона қурилди. Ўзини сектор раҳбариман, деб таништирган бир қориндор одам ёрдамчилари билан икки қути асалари бериб кетди. Мамлакатда касаллик тарқаб, карантин эълон қилинган паллада маҳалла раиси Бердимурод аканинг тавсияси билан 1 миллион сўм пул ҳам олди Олдибой. Ҳотамбой тадбиркор қишлоқдаги баъзи хонадонларга ун, шакар, картошка, пиёз тарқатгандаям у қуруқ қолмади. Қуруқ қолса, “маҳаллаком”нинг боши балога қолиши аниқ эди. Ёза-ёза бир соғин сигирли ҳам бўлди.
Бир куни у “устоз”и Хурсандбойнинг маслаҳати билан ҳокимнинг аҳоли учун ўтказган сайёр қабулида қатнашди. Имтиёзли кредитга аравачали мотоцикл сўраб, уловлиям бўлди.
Барибир ҳаётдан кўнгли тўлмаётган Олдибой одатдагидек “маҳалла ёрдам қилмаяпти”, деган мазмунда телевидениега хат ёзди.
Яқинда қишлоғимизга видеокамера ва микрофонларини кўтариб, журналистлар келди. Маҳалла раиси ва уларнинг ўринбосарлари билан хат муаллифи Олдибойнинг ҳовлисига кирди.
- Мен Бердимурод Аллобердиев “маҳаллаком” бўлганимдан бери бу оилага фақат кўмак бериб келинади, - дея маҳалла раиси интервью бера бошлади ва Олдибойга берилган моддий ҳамда маънавий ёрдамларни бирин-кетин санаб кетди. – Мана, ўзингиз кўринг, каттагина томорқаси бор. Ҳайронман, нима етишмайди яна.
Телеоператор томорқани, хароб аҳволда ётган иссиқхонани, тўзиб ётган молхона атрофини, ковшаниб турган сигирни, ҳовли ўртасида турган асалари қутиларини тасвирга олди.
Шундан сўнг камера объективи хат муаллифи Олдибой Караевни “нишон”га олди. Журналист уни саволга тута бошлади.
- Маҳалла раисининг гаплари ростми?
- Рост!
- Товуқлар кўринмайди.
- Қуруққа касал бўб ўлиб кетмасин деб сўйиб еб қўяқолдик.
- Касалланган товуқ гўштини ейишга қўрқмадингизми?
- Ҳали касаллик тегмаганди уларга. Мабодо касалланиб ўлиб-нетиб қолмасин деб...
- Тушунарли, - деди журналист. – Мана, маҳалла фаоллари ёрдамида бинойидек иссиқхона қуриб берилибди, нега самарали фойдаланмаяпсиз?
- Бунинг ичи иссиқ бўларкан. Бу ерда ишлаб, терлаб ташқарига чиқсам ва шамоллаб қолсам, “маҳаллаком” даволатмайди-ку мени?
- Бир мавсумда қанча асал оляпсиз?
- Билмайман, янгангиз шуғулланади. 10 килоча олдиёв?!
- Аравачали мотоцикл кўринмайди.
- А, уни қайноғамга бервордим. Ўзимнинг ҳайдовчилик гувоҳномам, ҳайдашга уқувим йўқ... Кредитни қайтаришим ҳам амримаҳол.
- Сигирингиз мунча озғин, шунақа ориқ сигир беришдими ҳомийлар.
- Йўқ, келганда ойдайгина эти бор эди. Ем-хашакдан қийналяпти. Мен хат ёзишимнинг асосий сабабиям шу эди ўзи, - деди Олдибой кўзлари чақнаб, ниҳоят, маҳалла раисининг айбини топган одамдек. – “Маҳаллаком”га қачондан бери айтаман, бир тележка сомондан ёрдам қилинг, деб. Маҳалламизда қанча фермер бор, бировига бир оғиз айтса, бу кишининг гапини ерда қолдирмайди-ку. Катта-катта фермерлар бир тележка сомонни менга ўхшаган муҳтожга берса, бир жойи камайиб қоладими?! Қайтанга савоб бўлади.
- Яхши, - деди журналист микрофонларини йиғиштираётиб. – Ҳаммасини телевизорда кўрсатамиз.
- Бирор бир натижа бўладими? – деди Олдибой. – Бир тележка сомон оберсаларинг бўлгани, бошқа шикоятим йўқ.
- Вазифамиз сомон оберишмас, сизнинг шикоятингизни кўрсатувимиз орқали раҳбарларга етказиш.
- Буни бутун республика кўрадими? – суҳбатга қўшилди бир чеккада турган Олдибойнинг хотини.
- Ҳа!
- Дадаси, битта қаранг, - хотини Олдибойни четроққа тортиб, алланималар деди.
Қайтиб келиб, журналистни саволга тута бошлади:
- Мухбир ака, бу ҳовлимизни cъёмка қилиб нима қилардингиз?
- Биз холис бўлишимиз керак. Борини кўрсатамиз.
- Барини кўрсатасизми?
- Ҳа, барини борича кўрсатамиз.
- Манов “парник”ниямми? Молхоналаримизниямми?
- Албатта, маҳалла томонидан нима ёрдам кўрсатилган, сиз ундан қандай фойдаланяпсиз, кўрсатамиз-да.
- Э, қўйинг-ей, мухбир ака! Одам уялади, телевизорга чиқарманг! Қаранг, қандай расво бўб ётибди. Уйимга келишларингизни, видеога олишларингизни хаёлимгаям келтирмабман. Шунчаки “маҳаллаком” билан телефонда гаплашиб, шу Олдибойнинг сомон-помонига ёрдам қиб туринг, деб айтасизлар, деб ўйлабман. Керакмас-ей, ҳеч қандай сомон-помон!