Мутолаа: Султоннинг тўртта хотини. Улар кимлар эди?

У бошқа хотинларидан кўра ёш ва ширинсўз тўртинчи хотинини яхши кўрарди. Султон сара кийим-кечаклар, қимматбаҳо тақинчоқлар ҳадя этиб, уни эркалаб ардоқлар эди.

У ўзининг ниҳоятда гўзал учинчи хотинини ҳам яхши кўрарди. Бошқа мамлакатларга сафарга чиққанида бошқалар ҳам бу гўзалликдан баҳраманд бўлиши учун доимо ўзи билан олиб юрар, лекин бир кун келиб хотини уни ташлаб кетишидан хавотирланарди.

Султон айёр ва фитналарда чиниққан иккинчи хотинига ҳам жуда яхши муносабат қилар, ўта меҳрибон ва сабр-қаноатли хотини унинг доно сирдошига айланиб қолган эди. Бирор бир муаммони ҳал қилиш керак бўлганда, у иккинчи хотинига ишонарди, хотини эса эрига қийин вазиятлардан осон чиқишда маслаҳат бериб, оғир кунларни енгиб чиқишига ёрдам қиларди.

Биринчи хотинининг ёши катта эди ва у ота-онаси томонидан мажбурлаб олиб берилган эди. Аёл эрига жуда садоқатли бўлиб, уни ортиқ даражада ҳурмат қиларди, Султоннинг ўзи ва бутун мамлакати бойлигини асраб қолиш ва кўпайтириш учун ҳеч нарсани аямасди. Шунга қарамай, Султон биринчи хотинини севмасди, унга ҳатто эътибор ҳам бермасди.

Кунларнинг бирида султон бетоб бўлиб қолди. Шунда у ўзининг ўтиб кетаётган ҳашаматли ҳаётини кўз олдига келтирди ва ўйлади: “Менинг тўртта хотиним бор, агар ўлсам, ёлғиз қолиб кетаман...”.

У тўртинчи хотинини чақириб сўради:

- Сени ҳаммадан кўра кўпроқ севардим, эҳсонларнинг энг яхшисини берардим, сени асраб-авайладим. Энди мен ўляпман, мен билан бирга ўликлар дунёсига кетишга тайёрмисан?

-  Йўқ, бу ҳақда ҳатто ўйлаб ҳам кўрманг, – жавоб берди эрка хотин ва бошқа бир оғиз сўз демасдан чиқиб кетди. Унинг сўзлари эркак юрагига ханжар каби санчилиб кетди.

Ғамга ботган султон учинчи хотинидан сўради:

- Бутун умрим давомида сенга мафтун бўлиб яшадим. Энди мен ўляпман, мен билан бирга соялар дунёсига боришга тайёрмисан?

- Йўқ! – жавоб берди учинчи хотини. – Ҳаёт шундай ширин ва гўзалки, мабодо сиз ўлсангиз, мен бошқага турмушга чиқаман.

Султон хафа бўлди, унинг юраги ҳеч қачон бундай дардни билмаган эди.

Кейин у иккинчи хотинидан сўради:

- Мен ҳар доим сендан кўмак сўраб келганман, сен эса доимо менга ёрдам бериб, менинг энг доно маслаҳатчим бўлиб келгансан. Энди ўлаётган пайтимда, мен билан бирга хира соялар нола қилиб қалблар ҳукмдоридан раҳм-шафқат сўрайдиган жойга эргашишга тайёрмисан?

- Афсусдаман, лекин бу сафар сизга ёрдам бера олмайман, - жавоб берди иккинчи хотини. – Лекин ҳурмат бажо келтириб, сизни муносиб дафн этишга ваъда бераман.

Унинг жавоби Султон қалбига минглаб момақалдироқ ва чақмоқдек зарба берди.

Шу пайт унинг қулоғига бир овоз эшитилди:

- Сиз қаерга борсангиз, мен сиз билан бирга бораман ва охиригача орқангиздан эргашаман!

Султон овоз келган томонга қаради ва озғин, қайғудан чарчаган, деярли таниб бўлмайдиган биринчи хотинига кўзи тушди. У ҳайратда қолди ва унга қараб “Мени кечир, аслида иложи борича сенга яхши муносабатда бўлишим керак экан”, деди.

Қиссадан ҳисса шуки, ҳар бир кишида тўртта хотин бўлади:

Тўртинчи хотин – бу бизнинг ТАНАМИЗ. Унга қанча куч ва вақт сарфламайлик, ўлганимизда у бизни тарк этади.

Учинчи хотин - бу эришган МАВҚЕИМИЗ. Жамиятдаги ўрнимиз, пулимиз, бойлигимиз, ижтимоий аҳволимиз. Биз ўлсак, улар бошқаларга тегади.

Иккинчи хотин - бу бизнинг ОИЛАМИЗ ва қариндошларимиз. Улар ҳаёт дамида бизга қанчалик ёрдам беришмасин, ўлганимизда бизга ҳурмат бажо келтириб, қабргача кузатиб қўйишдан бошқа ҳеч нарса қилолмайди.

Биринчи хотин - бизнинг РУҲИМИЗ. Кўпинча биз бойликка, куч-қудратга, ҳузур-ҳаловат олишга интилишимиз туфайли у эътибордан четда қолиб кетади.

Шунга қарамай, қаерга бормасак, руҳимиз ҳар доим, ҳар жойда, қаерда бўлганимиздан қатъий назар биз билан бирга эргашади. Унга эътибор ва ғамхўрлик қилиб, биз дунёга ва ўзимизга энг катта туҳфа бера оламиз.

Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.