Мутолаа: Ёзувчиликни ким ўргатади? Ҳажвия

Николай Самохин

Ёзувчи бўлишни бизда ҳеч қаерда ўргатмагани ёмонда. Йўқ,  адабиёт институтлари, турли хил дарслик ва қўлланмалар бор албатта, айтишларича, улар унчалик қолоқ ҳам эмас. Мен умуман бошқа нарсани назарда тутяпман. Асосийси йўқ. Бирор бир қатъий ва ягона  йўриқнома йўқ. Масалан, ўша йўриқномада меъёрлар аниқ белгиланган бўлиши керак: шундай дейилади ёки мана бундай. Айнан шунинг учун институт ва қўлланмаларга қарамай, ёзув масаласида даҳшатли келишмовчиликлар кузатилмоқда. Ҳар ким ўз томонига эгади ва ўзича талқин қилади.

Буни шу қадар ишонч билан айтганимнинг сабаби шундаки, бу масалада бўкиб тўйганман. Ортиғи билан. Бу билағонлар мени деярли юрак хуружи ва ақлдан оздиришига сал қолди. Чин сўзим.

Бирор бир ҳикоя ёзаман. Қисқагина, одамларни толиқтириб қўймаслик учун. Газета муҳарририга олиб бораман.

- Илтимос, ўқиб, фикрингизни айтсангиз.

У ўқиб айтади:

- Схематик равишда ёзилган.

- Яъни? – сўрайман. – Сизни тушунмайроқ турибман. Мен расм эмас, ҳикоя олиб келувдим.

- Бу шундай маъжозий ибора, - тушунтиради у.

- Буниси тушунарлироқ, - дейман. Нима қилиш керак? Маслаҳат берсангиз, ҳар ҳолда сиз шу бўйича таълим олгансиз.

- Бу схемани гўшт билан тўлдириш керак.

- Хўш! – дейман. – жуда қизиқ. Гўшт? Нимага балиқ эмас? 

- Истасангиз балиқ бўла қолсин, - рози бўлди у.

- Билсангиз, эътироз билдирдим, - сиз профессионал тарзда гаплашмаяпсиз. Сиздан бошқа нарса кутгандим. Бу ер ахир таҳририят, қассоб дўкони эмас-ку.

У хафа бўлди:

- Унда бошқа жойга бора қолинг. Балки у ерда сиз билан профессионалроқ гаплашилар...

Бошқа жойга  - журнал таҳририятига бораман. У ерда узоқдаги нарсаларни яқиндагига қараганда яхшироқ кўрадиган бир хоним ўтиради. У менинг ҳикоямни бармоқ учлари билан олиб, узоқдан туриб, ёруғликка тутди ва баён қилди: 

- Мужмал.

- Тушунтириб берсангиз, - илтимос. – Қайси маънода?

- Ишланмаган. Хом.

- Қандай қилиб пиширсам экан?

- Биласизми... – иккиланади хоним. - Буни дарҳол қила олмайман... Бу ижодий... алоҳида вақт ажратиб қилинадиган иш.

- Ҳар ҳолда, бирон бир тавсиянгиз бордир?

- Классиклардан ўрганинг, - маслаҳат беради у.

- Классиклар-чи, классиклар кимдан сабоқ олган экан?

Хоним яна иккиланади:

- Энди... энг аввало – истеъдод.

- Ҳа, тушуниб етяпман. Демак, мен ғирт тўнка эканман-да.

- Мен бундай деб айтганим йўқ, - у орқага қайтди. Товба! Гўёки девор билан гаплашаётгандай!

Учинчи жойга – нашриётга бораман. Нашриётдаги муҳаррир ҳали анча ёш, лекин кўринишидан ўқимишли ва қаттиққўл. Кўзойнакда.

- Биласизми, - дея тушунтира бошлади у. – Аслида бу ерда ҳали ҳикоя йўқ, аксинча бу машқ, лойиҳа... 

- Йигитча! – дейман. – Сиз нима деб номлашингизнинг менга аҳамияти йўқ. Асосийси, бу ердаги ҳамма нарса ҳақиқат. Ҳаётдан кўчирилган. Борлиқдан.

- Биласизми, - у қошларини кўтаради. – Қандай тушунтирсам экан?..  Ҳаёт ҳақиқати бошқа, бадиий ҳақиқат эса...

- Шундай денг! – дейман. Унда тушунарли. Агар сизда ҳақиқат тури шунчалик кўп бўлса, унда адолатга қандай эришар эканмиз?

Улар мени шу даража чўқишдики, охири адаштириб қўйишди. Қанча ҳикоя олиб борган бўлсам ҳам - натижа бир хил: жуда мужма, гўшти йўқ – фақат суяклар, суяги йўқ –  ғирт гўшт... Ҳатто ёшлар газетасидаги бир узунсоч йигит менга ҳаётни яхши тушунмаслигимни билдирди.

Менми ҳаётни яхши билмайдиган! Ахир мен олов ва мис қувурлардан ўтдим, тўрт марта сувда ғарқ бўлдим, топографлар билан курашдим, зиндонга тушдим, томдан йиқилдим! Кўрсатиб қўяман сенга, мишқи... тирмизак! Менга ўхшаб бир ярим соат карнизда осилиқ турсанг, қайси қўшиқни куйлаган бўлардинг?!

Бу нима билан тугашини билмай тургандим,  раҳмат, кўзимни битта яхши одам очиб қўйди. Ёши бир жойга бориб қолган журнал адабий маслаҳатчиси. У мени эслаб қолган экан шекилли, менга ҳамдардлик билдирди ва четга тортиб айтди:

- Аралашаётганим учун узр сўрайман, мен сизга оталарча маслаҳат бермоқчиман. Хафа бўлмайсизми?

- Қанақа хафагарчилик? – жавоб бердим, - хафагарчилиги қолдими?

Шунда қария яқинлашишга имо қилди ва қулоғимга пичирлади:

- Сиз шундай ёзингки, яхши йигит, - сўзлар зич жойлашсин, лекин фикрларингиз эркин бўлсин. Уқдингизми?

- Тушундим,  - дедим миннатдорчилик ҳисси билан чолнинг қўлини сиқиб.

Уйда дарҳол ёзув машинамни энг кичик оралиқда ўрнатдим, қоғоз қўйиб ўтириб олдим.

Икки ой уйдан чиқмасдан олти юздан ортиқ саҳифа ёздим. Сўзлар жуда зич жойлашган эди. Баъзилари ҳатто умуман сиғмади, мен уларни қўлда, иккинча қаватда, ён ва орқа томонда кичик қўлёзмалар билан киритдим.

Қўлёзма шунчалик қалин бўлдики, папкага сиғмади. Мен уни тиззам билан босиб туриб, камарларини тишларим билан тортиб боғладим.

Нашриётдаги муҳаррир (ўша кўзойнакли, қаттиққўл) папкамни кўриб, ўзгарди. У мени минерал сув билан меҳмон қилди, ўзи ҳам икки стакан ичди. У бутунлай бошқача одам эди – олдингиси қаерга кетди?

Қўлёзма бўйича фақат биттагина фикр билдирди:

- Хўш, – деди у, - сўзларингиз бироз тиқилишиб қолипти.

- Ҳеч қиси йўқ, - жавоб бердим мен, - тиқилинч бўлса ҳам, тотувлик бўлсин. Унга яқинлашиб яна қўшиб қўйдим: - Эътибор берган бўлсангиз, фикрлар кенг жойлашган.

Ҳозир китобим бўйича якуний қарорни кутмоқдаман. Айни пайтда мен вақтимни беҳуда ўтказмаяпман: асосий тамойил ва йўналиш билан қуролланиб, китобнинг иккинчи қисмини шошилинч равишда ёзяпман.

Рус тилидан Баҳора Муҳаммадиева таржимаси.