Мьянма ҳарбий маъмурияти 19 та давлат элчихоналаридан 100 нафар дипломатни чақириб олди
Мьянманинг БМТдаги вакили Жо Мо Тун Нью-Йорк бош қароргоҳи минбаридан янги давлат ҳукумати билан алоқани узишини айтди ва барча халқлар ҳамда дунё раҳбарларини Мьянмада ҳукуматни ҳарбий тарзда эгаллаб олинишига қарши чиқишга даъват этди. Бунга жавобан Мьянма ҳарбий ҳукумати 19 та давлатдаги мамлакат элчихоналаридан 100 нафар дипломатни чақириб олди, дея хабар берди «Иравади» янгиликлар портали.
Ҳужжатга мувофиқ, Мьянма АҚШ, Буюк Британия, Австрия, Италия, Бразилия, Франция, Норвегия, Бельгия, Сербия, Хитой, Япония, Ҳиндистон, Сингапур, Таиланд, Гонконг, Индонезия, Камбожа, Жанубий Корея ва Филиппиндаги маслаҳатчи-элчилари ва элчихона котибларини чақириб олмоқда.
Шу билан бирга, ҳозирда Мьянманинг Нейпидаги Ташқи ишлар вазирлигида ишлаётган 50 нафарга яқин дипломатлари чақириб олинган ҳамкасблари ўрнига мамлакатларга юборилади, дейилади хабарда.
Мьянманинг БМТдаги элчиси Жо Мо Тун давлатга хиёнат қилганликда айбланиб, аллақачон ҳарбийлар томонидан ўз лавозимидан озод қилинган. Дипломатларнинг катта миқдорда чақирилиши Жо Мо Тунгнинг БМТдаги нутқидан сўнг, чет элда ишлаётган кўплаб Мьянма дипломатлари мамлакатда бир ойдан бери бўлиб ўтаётган фуқаролик бўйсунмаслик кампаниясига қўшилишга мойиллиги ва янги ҳукуматга ишлашни тўхтатганлиги билан боғлиқ, деб ёзади портал.