Мьянмада зилзила қурбонлари сони ошмоқда. Оқ уй Путиннинг Украинада сайловлар ўтказиш учун вақтинчалик бошқарув жорий этиш таклифига муносабат билдирди. Ғазода энг ҳалокатли ҳафта

🔹 Мьянмадаги зилзилада ўнлаб одамлар қурбон бўлган, жароҳатланганлар 200 нафардан зиёд. Сейсмологлар янги зилзилалар қайд этмоқда. Бедарак йўқолганлар сони кўплигига қараганда, қурбонлар ошиши эҳтимоли юқори.

🔹 Россия президенти Владимир Путин Украинада сайловлар ўтказиш учун БМТ ва бир қатор давлатлар шафелигида вақтинчалик бошқарувни жорий этишни муҳокама қилишни таклиф қилди. АҚШ Миллий хавфсизлик кенгаши вакили таклиф юзасидан изоҳ берар экан, Украинада давлат бошқаруви унинг конституцияси ва халқ томонидан белгиланишини эслатди. Путин яна бир бор Владимир Зеленскийни Украинанинг қонуний президенти деб ҳисобламаслиги ва у билан ҳеч қандай тинчлик ҳужжатларини имзолаш имкониятини кўрмаслигини билдирган.

🔹 Ғазо сектори можаро бошланганидан бери ўзининг энг фожиали ҳафтасини бошдан кечирди, сўнгги етти кун ичида 500 дан ортиқ одам, жумладан, аёллар ва болалар ҳалок бўлди. Бу ҳақда БМТнинг Фаластинлик қочқинларга ёрдам кўрсатиш агентлиги бош котиби Филипп Лазарини маълум қилди. Гуманитар вазиятнинг ёмонлашуви фонида Исроил қуролли кучлари турли ҳудудларга зарба беришда давом этмоқда. Халқаро ташкилотлар тинч аҳолини ҳимоя қилиш учун зудлик билан чоралар кўришни талаб қилмоқда.

🔹 Бугун Эрдўғон Путинга қўнғироқ қилиб, тинчлик музокараларида ёрдам беришни таклиф қилган. Туркия президенти яна бир бор ҳоҳ Украина, хоҳ АҚШ ёки Россия музокарачилари бўлсин, қабул қилишга тайёрлигини билдирган.

🔹 Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Арагчи Буюк Британия ташқи ишлар вазири билан телефон орқали суҳбатда Теҳрон ядро дастури бўйича дипломатик мулоқотга тайёрлигини тасдиқлади. Эрон вазири босим ва таҳдид остида мулоқот имконсиз эканини такрор таъкидлади.

🔹 Европа Иттифоқи Саудия Арабистонидаги музокаралардан кейинги баёнотлари фонида Россияга қарши янги, ўн еттинчи санкциялар пакети устида иш бошлади. Россия Қора денгизда бир қатор иқтисодий чекловлар олиб ташланиши шарти билан ўт очишни тўхтатишга розилигини билдирган.

🔹 АҚШ Фаластин тарафдори намойишларда қатнашгани учун 300 дан ортиқ чет эллик талаба визаларини бекор қилди. Йил бошида АҚШ президенти Доналд Трамп антисемитизмга қарши кураш бўйича қарор имзолаган ва Ғазо секторидаги урушга қарши намойишларда қатнашган талабаларни ҳайдаш билан пўписа қилган эди.

🔹 Сурия ва Ливан чегарани белгилаш бўйича келишувга эришди. Мудофаа вазирлари хавфсизлик бўйича ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида Жиддада учрашган.

🔹 Апрель ойи ўрталарида Саудия Арабистонининг Ар-Риёд шаҳрида Украинадаги можарони ҳал қилиш бўйича Россия ва АҚШ ўртасида маслаҳатлашувларнинг янги раунди бўлиб ўтиши мумкин.

Г.Холдорова тайёрлади.