Наҳотки динни шу йўл билан ўргатиб, тарғиб қилиш тўғри бўлса?!

Шундай давраларда ёши ўттиздан ошган бир йигит негадир Қобил билан қалинроқ сўрашадиган, уни тез-тез суҳбатга тортадиган бўлди. Акбар исмли бу йигит бошқалардан ажралиб туришга, ўзини жуда ақлли кўрсатишга ҳаракат қиларди. Баъзан қандайдир диний китоблар олиб келар ва ундан баъзи мавзуларни ўқиб берарди. Акбар кўпроқ дин, ҳижоб, намоз ҳақида гапирарди. У бошқа жойда ишларди ва иш жойини барчадан сир тутарди. Унинг тез-тез Қобил ишлайдиган жойга келиши, маърузалар ўқиши, "Қани, биродарлар, юз-юз рублдан ташлаб, бир ош қилайлик, бир ўтирайлик", деб мажбурий давра қуриши кўпчиликка ёқмасди. Лекин у келиб-кетишни канда қилмасди.

Бир сафар Акбар бир нечта китоб олиб келди ва биттасини Қобилга совға қилди. У китобни олишга олди-ю, кўнглида қандайдир ғашлик пайдо бўлди.

– Ака, бу қанақа китоб? – деди тўсатдан Акбарга қараб.

– Қизиқмисиз, Қобилжон, қанақа китоб бўлиши мумкин? Нима, мен сизга ёмон китоб берармидим? – деди ҳам жаҳл, ҳам айёрлик билан.

– Ака, мен бу ерга китоб ўқиш учун келмаганман, ишлашим керак. Китоб ўқиш эса вақтимни олади. Узр, китобингизни ололмайман, – деди ва китобни столга қўйди.

– Э, мен сизни яхши йўлга бошлайман десам, сиз шундай қиляпсизми? Бу китобни ўқимаган киши ҳеч қачон чин мусулмон бўла олмайди. Олинг, Қобилжон, мен сиздан пул сўраётганим йўқ-ку!

– Йўқ, ака, менга китоб керак эмас. Уйга, Ўзбекистонга борсак, насиб бўлса, эмин-эркин оёқни узатиб, керакли китобларни бемалол ўқиймиз, – деди ҳазил-чин аралаштириб.

– Нима, бу китоб кераксизми? Ким айтди сизга кераксиз китоб деб? Э, ўқимасангиз ўқиманг, ўқийдиган топилиб қолар, – деб зарда билан китобни сумкасига солди ва хонадан чиқиб кетди.

Орага жимлик чўкди. Суҳбатни эшитиб турган ҳамхоналари бир сўз демасдан бир-бирига қараб қўйишарди.

– Қобилжон, тўғри қилдингиз, – деди ёши қирқ бешларни қоралаган Мамат ака жимликни бузиб. – Ростдан ҳам бу ерга ишлагани келганмиз. Бизга ҳеч қандай китоб керак эмас, тўғри айтдингиз.

Ҳақиқатан ҳам Акбар ҳеч кимга ёқмас эди. Лекин бирор киши унга қарши гапирмасди. Қобилнинг тўғрисўзлиги, фикри тозалиги, дунёқараши кенглиги ва мардлиги ҳамхоналарига маъқул бўлди. Айниқса, Қобилнинг "Ҳар доим ҳушёр бўлишимиз, ҳар кимга, яъни Акбарга ўхшаганларга ишонмаслигимиз, бундайларнинг найрангларига учмаслигимиз керак. Ота-онамиз ва Ватанимизнинг ишончини оқлаб яшайлик. Россия ҳам вақтинчалик, майли, шу ерларда ишлаш бизга насиб этган экан, тинчгина ишлаб, юртимизга қайтиб борайлик", деган сўзларидан кейин уни яна ҳам ёқтириб қолдилар.

Шу-шу бўлди-ю, Акбар бу ерга қайтиб келмади…

Кунларнинг бирида Қобил шаҳар айланиб, тезюрар поездга чиқди. Одам гавжум, ҳамма қаергадир шошмоқда, ўзи билан ўзи овора. Хаёл оғушида келаётган Қобилнинг кўзи унга қизиқиш билан қараётган бир эркак ва аёлга тушди. Эркакнинг қўлида катталиги кичик экранли телевизорча келадиган сумка бор эди. Аёл эса бир нечта китобларни ушлаб олган. Қобил нигоҳини бошқа томонга бурди. Орадан бироз вақт ўтиб, бу икки шахс унинг ёнидаги бўш жойга келиб ўтирди. Кўринишидан маҳаллий аҳоли вакилларига ўхшарди.

Биринчи бўлиб аёл гап бошлади.

– Ассалому алайкум, кечирасиз, миллатингиз нима? – деди у Қобил тушунадиган тилда.

– Ўзбекман, – жавоб берди Қобил бироз ажабланиб.

– Ҳайрон бўлманг, мени Валя, турмуш ўртоғимни Фёдор, деб атасангиз бўлади. Бизлар сиз билан бир қавмданмиз, шунинг учун тилларимиз ўхшаш. Кўзимизга иссиқ кўриндингиз, – деди аёл.

– Исмингизни айтоласизми, яқиндан танишар эдик, – суҳбатга аралашди  эркак.

Қобил ўзини таништириб, аёлнинг қўлидаги китобларга имо қилиб, сўради.

– Тирикчиликми?

Шунда аёл шижоат билан гапни узоқдан бошлади. Ҳар бир инсон бирор динга эътиқод қилиши лозимлиги, Аллоҳ ягоналиги ва ҳоказо. Нутқининг кириш қисмидан сўнг (бу сўзларни доимий қайтарганлигидан ёдлаб олгандек эди) у китоб-лардан бирини Қобилга тутқазди ва юқоридаги мазмунда гапириб, рус тилида ёзилган китобга изоҳ бера бошлади.

Қобил ҳушёр тортди ва суҳбатдан ўзини олиб қочиш мақсадида ташқарига боқиб, атрофни томоша қила бошлади. Бўш келмасликка ҳаракат қилган аёл унинг диний амалларни бажариши ҳақида қизиқиб, савол бера бошлади. Бунга жавобан Қобил Нақшбандийнинг "Қўлинг ишда, кўнглинг Аллоҳда бўлсин", деган ҳикматини келтириб ўтди.

Поезд тўхтади, "тарғиботчилар" китобни Қобилнинг қўлида қолдириб, тушишга отландилар. Уни бирдан тер босди, енгил тин олиш учун у ҳам пастга тушиб, бекатдаги ўриндиққа ўтирди. Бепул ҳолда китобни ташлаб кетишлари унинг кўнглига ғулғула солди.

Наҳотки динни шу йўл билан ўргатиб, тарғиб қилиш тўғри бўлса?! Жойларда расмий мақомга эга бўлган идоралар бор-ку! Қобил шундай хаёллар билан ўз Ватани – Ўзбекистонни кўз олдига келтирди. Тошкент шаҳридаги ислом университети, диний йўналишда таълим берувчи мадрасалар, диний уламолар, масжидлар мунтазам ва эркин фаолият юритишини ёдга олди. Бундан ташқари, қайси китоб дўконига кирманг, диний-ахлоқий мазмундаги адабиётларга кўзингиз тушади. Буларнинг барчаси мусулмонларнинг эҳтиёжини етарли даражада таъминлаб келмоқда.

Қобил поезддаги кимсалар расман мақомга эга эмаслиги, шунинг учун ҳам чекка-чеккаларда юриб, содда одамлар онгини заҳарлаш билан машғул бўлишини тушуниб етди. Динни ниқоб қилувчи ғаламисларга қарши юрагида нафрат янада кучайди ва "совға"ни ўриндиқда қолдириб, поездга чиқиш учун ўрнидан турди.

Шунда Қобилнинг кўзи беихтиёр яна ўша аёл ва эркакка тушди. Улар бекатдан унча олис бўлмаган жойда яна кимгадир ўз "совға"ларини бериш билан овора эдилар.

Д.ВАЛИЕВ.