Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Нарпайда профилактика инспектори тунда ўғирлик қилаётган 3 нафар шахсни қўлга олди

2020 йилнинг 17 декабрь кунидан 18 декабрь кунига ўтар кечаси Нарпай тумани ҳудудида жамоат тартибини сақлаш, жиноятчиликнинг олдини олиш ҳамда унга қарши курашиш бўйича тунги патруль хизматига жалб қилинган Нарпай тумани ИИБ ҲПБ ТП профилактика инспектори, катта лейтенант Ўткир Бўркиев тунги соат 02:30 ларда Нарпай тумани Ўзбеккенти ва Тепақўрғон маҳалласи ҳудудида ўз хизмат вазифасини бажариш чоғида, ушбу маҳаллалар ҳудудида жойлашган, “Ўзтелеком” АЖ “UZMOBILE” уяли алоқа компаниясига тегишли таянч база станциясида бўлган антенна атрофида шубҳали шахслар ҳаракатланиб юрганини кўриб қолади.

Шу ерда бўлган “Дамас” русумли автомашина ёнига борган вақтида, Пахтачи туманида яшовчи 3 нафар фуқаро ушбу антеннага тегишли бўлган 2 дона “ҳаво совитгич” ва 1 дона “ёнғин ўчириш қурилмаси”ни ўғирлик йўли билан, яширин тарзда автомашинага жойлаштираётган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олган.

Профилактика инспекторининг бир ўзи 3 нафар жиноятчиларнинг қўлига кишан солиб, жазо муқаррарлигини таъминлади.

Самарқанд вилояти ИИБ ахборот хизмати хабарига кўра, ушбу ҳолат бўйича дастлабки тергов харакатлари олиб бориш давомида ушбу 3 нафар гумондор шахс муқаддам туман ҳудудида, шунингдек, Каттақўрғон тумани ҳамда Навоий вилоятининг Хатирчи туманларида ҳам бир неча маротаба ўғирлик жиноятларини содир қилиб келганлиги аниқланган.

Профилактика инспектори мазкур жиноятни иссиқ изидан аниқлаб, фош қилди ва ушбу шахслар томонидан келгусида жиноятлар содир этиш фаолиятига чек қўйди.