Нарпайда қанча одам марказлашган ичимлик суви тармоғига уланган? Паст Дарғом, Пайариқ ва Оқдарёда-чи?

Халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи ва тегишли ташкилот мутахассисларидан иборат ишчи гуруҳ юқорида қайд этилган туманларда аҳолининг сифатли ичимлик суви билан таъминланиши аҳволини ўрганиб чиқди.

Ўрганиш давомида бу борада амалга оширилган муайян ишлар билан бирга, соҳада ўз ечимини кутаётган муаммолар ҳам мавжудлиги аниқланди.

Мисол учун, бугунги кунда Нарпай тумани бўйича марказлашган ичимлик сув билан таъминланган аҳоли 75 фоизни, Паст Дарғом туманида 68 фоизни, Оқдарё туманида 15 фоизни, Пайариқ туманда 45,9 фоизни, ташкил қилмоқда.

Ушбу туманларда вилоят “Сувоқова” давлат унитар корхонасининг туман филиаллари ҳисобида жами 348 та сув иншоотлари мавжуд. Бугунги кунда уларнинг 156 таси фаолият юритиб келмоқда. Хусусан, Нарпай туманидаги 15 та сув иншоотлари ер ости сувлари шўрланиб ичишга яроқсиз бўлиб қолганлиги сабабли, Оқдарё, Пайариқ, Паст Дарғом туманларидаги 177 та сув иншоотлари техник даврий муддати ўтганлиги учун ишламаяпти.

Аҳолига етказиб берилаётган ичимлик сувининг сифати, санитария қоидалари, гигиена нормативларига мувофиқлиги ўрганилганда, Нарпай туманидаги Тортувли, Олти ўғил, Янгиобод, Дедан, Болғали, Тошработ, Галақассоб, Ноғорахона, Янгиқўрғон, Арабхона маҳаллаларидаги сув иншоотларида хлоратор қурилмалари, сув ҳайдаш иншоотлари, сув заҳира миноралари бузилиб, қаровсиз ҳолатга келиб қолгани кузатилди.

Пайариқ тумани маркази ва Челак шаҳарчасида 30 дан зиёд кўп қаватли уйларнинг аксарияти 70 йилларда қурилган. Ўтган давр мобайнида уларнинг канализация тармоқлари ишдан чиққан. Шунингдек, кейинги йилларда туманда марказлашган канализация тармоқлари ва чиқинди сувларни тозалаш иншооти қурилмаган. Паст Дарғом туманидаги Жума шаҳарчаси, Гўзалкент ва Чархин қўрғонидаги кўп қаватли уйларни оқова сувлари марказлашган канализация тармоғи йўқлиги сабабли бетонлаштирилган чуқурга қуйилмоқда. Нарпай тумани Халқобод маҳалласидаги уйларнинг канализация тармоқлари яроқсиз ҳолатга келиб қолгани оқибатида чиқинди сувлар 2 та чуқурга йиғилиб, махсус техникалар ёрдамида чиқарилмоқда.

Ҳудудларда жойлашган таълим, соғлиқни сақлаш муассасаларидаги ҳолат ҳам ўрганилди. Жумладан, Пайариқ туманидаги тиббиёт бирлашмасида хирургия, педиатрия, саломатлик маркази, регистратура, умумий амалиёт шифокори, урология хоналари сув билан таъминланмаган. Саломатлик марказида ўрнатилган аристон, лаборатория хонасидаги сув иншооти умуман ишламайди.

Оқдарё туманида 20 та мактабгача таълим муассасаси, 36 та мактаб пишма кран (качалка)дан олинадиган ичимлик сувидан фойдаланмоқда.

Ўрганиш натижалари халқ депутатлари вилоят Кенгашининг олтмиш тўртинчи сессиясида муҳокама қилинди.

Унда умумий аҳволдан келиб чиқиб, пишма кран (качалка), булоқ ва қудуқ сувларидан фойдаланилаётган ҳудудларда сувнинг умумий қаттиқлигини доимий мониторинг қилиб бориш, ҳар битта аҳоли хонадонлари эгалари билан якка тартибда тушунтириш ишларини олиб бориш таклифи киритилиб, маъқулланди.

Бундан ташқари, барча таълим, тиббиёт муассасаларида сув иншоотлари ва канализация билан таъминланганлик ҳолатини мониторинг қилиш, мавжуд муаммолар бўйича аниқ чора-тадбирлар, “Йўл харитаси” тузиш ва унинг ижросини таъминлаш чораларини кўриш белгиланди.

Албатта, ушбу йўналишда биз депутатлар, шунингдек, депутатлик гуруҳлари олдида ҳам муҳим вазифалар турибди. Жумладан, бу борада ҳукумат ва маҳаллий дастурларда белгиланган вазифаларни доимий жамоатчилик назоратига олишимиз талаб этилади.

Т.ХОЛИҚОВА,

халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати.