Навоийнинг онаси қайси маликанинг канизи бўлган?
Алишер Навоийнинг шахсини тушуниш учун унинг болалиги, тақдири, кейинчалик шахсий ҳаётида из қолдирган тарихий шахслар, воқеалар муҳим аҳамиятга эга.
Навоий “Бадое ул-бидоя” девонига ёзган сўз бошисида, уларнинг оиласи темурийлар хонадонига яқинлигини, ўзининг “ота-онадан етти пуштигача”, “олий даражали хонадоннинг самимий хизматчиси” эканлигини қуйидаги сатрларда янада аниқроқ ифодалайди:
Отам бу остоннинг ҳокбези,
Онам ҳам бу саро бўстон канизи.
Манга гар худ бўлай булбул ва гар зоғ
Ки ушбу даргоҳ ўлғай гулшану боғ.
Бошқа манбаларда ҳам, таржимаи ҳолида ҳам шоирнинг онаси ҳақидаги маълумотлар келтирилмайди. Айрим адабиётшуносларнинг тахминий маълумотларига кўра, шоир онасининг исми Ҳалима ёки Салима эканлиги айтиб ўтилади. У Қобулнинг амирзодаларидан Шайх Абусаид Чангийнинг қизи бўлган. Отасининг исмига қўшилган “амир” лавозимини инобатга олсак, у ҳам темурийларга йиллар давомида садоқат билан хизмат қилганлигини тасдиқлайди.
Шоирнинг ота-онаси, ака-укалари, у вояга етган оилавий муҳит ҳақида тасаввурга эга бўлиш учун она томонидан яқин қариндош бўлган тоғалари ҳақидаги маълумотлар муҳим аҳамиятга эга. Тоғалари ҳақидаги аниқ маълумотни Алишер Навоий ўзининг “Мажолис ун-нафоис” тазкирасида келтиради: “Мир Саид эл орасида “Қобулий” лақаби билан машҳурдир, фақирға тоғойи бўлур. Яхши табъи бор эрди, туркчага мойли кўпроқ эрди дея маълумот берса, яна бир тоғаси Муҳаммад Али (Ғарибий) ҳақида “Ҳуш муҳовада ва хушхулқ ва хуштаъб ва дардманд йигит эрди. Кўпроқ созларни яхши чолар эрди. Уни ва усули хўб эрди. Мусиқий илмидин ҳам хабардор эрди. Хутутни (хатнинг кўплиги) ҳам битур эрди” дейди.
Юқорида келтирилган маълумотдан уларнинг хонадонида шеъриятга алоҳида меҳр, хаттотлик санъатига эътибор, мусиқа илми чуқур ўрганилганлигини билиб олишимиз мумкин. Оталарининг исмига “Чангий” тахаллусининг қўлланиши ҳам бу хонадонда мусиқа илмига эътибор катта эканлигини тасдиқлайди. Оила муҳитидаги юксак маданият, санъатга ошуфталик шоирнинг онасига ҳам таъсир этмаслиги мумкин эмас эди. Худди шундай маърифатли муҳит Ғиёсиддин Кичкина авлодлари хонадонида ҳам давом этган. Алишер Навоийнинг ота-онасидаги шеъриятга қизиқиш бўлажак шоирнинг уч ёшидаёқ шеър ёд олиши тасодифий ҳол бўлмай, балки ирсият билан боғлиқ.
Темурийлар даврида фаолият олиб борган тарихчилар, олий табақага мансуб аёллар, маликалар, уларга хизмат қилган канизлар, жориялар, чўрилар ҳақида маълумот беришда ниҳоятда эҳтиёткорлик билан иш тутган. Лекин умумий ишора тарзида берилган маълумотлар ичкарида макон тутган соҳибаларнинг ҳаёти, ҳис-туйғулари, орзу-ўйлари, ҳатто изтироблари ва фожиаларини тасаввур қилиш имконини беради.
Шоҳруҳ Мирзо, Абулқосим Бобур саройидаги маликаларга бўлган муносабат бошқа хонлару амирларникидан фарқ қилган. Уларнинг саройда тутган мавқеига қараб алоҳида сарой ва кўшклар, Ҳиротнинг оромбахш ва гўзал жойларида ҳар бирига атаб боғлар барпо қилинган. Мазкур сарой ва кўшклар маликага атаб қурилганидан келиб чиқиб, айрим маълумотлар халқ орасида тарқалган. Бу каби бунёдкорликлар асосан мамлакатда ҳукм сурган тинчлик, осойишталик даврида амалга оширилган. Ҳиротдаги маликаларга яратилган шарт-шароитларда шубҳасиз, бош малика Гавҳаршодбегимнинг ўрни беқиёс эканлигини муаррихлар эътироф этади. Айниқса, маликаларга хизмат қиладиган ходимларни, канизларни танлаш, сарой ичкарисида бўлиб ўтадиган тўй-ҳашамлар, турли тадбирлар, кўнгилочар машваратлар унинг хоҳиш-иродасига қараб амалга оширилган. Айнан ана шу даврда ўиёсиддин Кичкина хонадони темурийлар эътиборида бўлиб, саройнинг нуфузли оилаларидан бири ҳисобланган.
Ғиёсиддин Кичкина тахминан 1438-1439 йилларда Шайх Абу Саид Чангийнинг қизига уйланади. Бу никоҳдан амир Шайх Бахлул, амир Алишер Навоий ва Дарвеш Али дунёга келади. Уларнинг қизлари бўлган ёки бўлмаганлиги ҳақидаги маълумотлар бирор манбада учрамайди. Ғиёсиддин Кичкина хонадони, ёш оила Ҳиротда истиқомат қилганида мамлакатни темурийзода Шоҳруҳ Мирзо бошқарган.