Нега бойиб кетмаяпсиз?

Бойлик. Инсон борки бадавлат бўлишни хоҳлайди. Лекин дунёдаги саноқли инсонларгагина жуда бой бўлиш насиб этган. Ёзувчи ва бизнесмен Бодо Шифер бойлик инсон туғилганда унга эга бўлиш ҳуқуқи билан дунёга келади, деган фикрни билдиради. Нега унда ер сайёрасидаги аҳолининг барчаси бадавлат эмас.

Дунёдаги бойликнинг 85 фоизи бор-йўғи бир фоиз бойларнинг қўлида тўпланган. Ўйлаб кўрилса, ўша бойлар ҳам оддий одамлар, аксариятининг имкониятлари ҳам бирдек, аммо уларнинг ютуғи катта меросга эга бўлгани ёки кутилмаган хазина топиб олгани эмас, балки машаққатлардан толмасдан излангани, ҳаракат қилгани, мағлубият ортидан муваффақият келишига ишонганидир. Биз ҳавас қиладиган дунё бойлари тарихини ўргансангиз ҳам улар ёшлигида катта қийинчиликларга учрагани, иш бошлашда ҳам кўп тўсиқларга дуч келганини кўрамиз, лекин улар ўша муаммоларга ечим топган, қийинчиликларни енгиб ўтиб, мақсадига эришган.

Ҳоким ёрдамчиси лавозим эмас

Замонамиз иқтисодчиларининг фикрича, ғояни амалга ошириш орқали оддий тадбиркорнинг етук бўлиб кетиши, ғоя муаллифини катта маблағга эга бўлиши кўп жиҳатдан омад, билим ва муваффақиятга боғлиқ. Лекин бутун мамлакат аҳолисининг аёт тарзини яхшилаш, камбағалликдан фаровонликка олиб чиқиш ҳақиқий қаҳрамонлик бўлади. Ҳозиргача бу ишни фақат Хитой уддалади, холос. Улар 1990 йилларгача қийин шароитда ҳаёт кечирган аҳолисига экин экиш учун ер бериш орқали одамларни иш билан таъминлашни бошлади. Дастлабки йилларда улар учун солиқ имтиёзлари берилди, кичик ишлаб чиқариш линиялари ташкил этишга имконият яратилди. Натижада бир неча йил ичида тадбиркорлар синфи шиддат билан ўсди, солиқ тушумлари каррасига ошди, камбағаллик қисқариб, ишсизликка барҳам берилди. Бизда ҳам муҳтож аҳолига 10 сотихдан 1 гектаргача ер бериляптику, нега унда бойиб кетмаяпмиз? Бойиб кетиш учун фақат экин экиб уни хомашё сифатида сотиш эмас, маҳсулотни қайта ишлаб бозорга чиқариш керак. Бу бозорнинг ажралмас қонуни, кимда қайта ишлаш имконияти бўлса у шунча кўп даромад олади. Ҳар бир маҳаллада ҳоким ёрдамчиси лавозими жорий этилиши аҳолини тадбиркорликка ўргатишда муҳим омил бўлди. 1126 та маҳалла иш бошлаган иқтисодчи ҳоким ёрдамчилари ишга лаёқатли, касб ўрганиш, тадбиркорлик, деҳқончилик қилиш истагидаги фуқароларни хатловдан ўтказишди. Натижада қарийб 139 минг нафар ишсиз фуқаро турли даражадаги иш билан банд этилди, 20713 нафар тадбиркорлик истагидаги фуқарога 481,2 миллиард сўм имтиёзли кредит ажратилиб, ишлаб чиқариш ускуналари билан таъминланди. Лекин тажрибали иқтисодчиларнинг фикрича қарзга иш бошлаган тадбиркор фақат қарзини тўлаш ҳақида ўйлайди, холос. Бор имкониятдан фойдаланиб, керак бўлганда банкдан кредит олмасдан, ҳаттоки, сармоядорни шерик қилган тадбиркор кўпроқ ва яхшироқ маҳсулот чиқариш орқали бозорда ўз ўрнини топишга интилади.Дунё миллиардерларининг бойиш тарихига назар солсангиз улар банкдан кредит олишдан кўра ўз компаниялари акцияларини IPO ва SPO орқали сотиш билан зарур сармоя тўплаганига гувоҳ бўламиз. Бунга  электрон савдо платформаси бўлган “Алибаба” компанияси асосчиси, хитойлик Жек Мани мисол келтириш мумкин. У банкдан кредит олишдан кўра компанияси акцияларини Нью-Йорк фонд биржасида сотиш орқали миллиардерга айланган.

Иқтисодчи ҳоким ёрдамчилари ҳам хомашё етиштирувчиларни бозорга тайёр маҳсулот чиқариш, кичик корхоналарни кенгайтиришга ўргатишса, кутилган натижага тезроқ эришиш мумкин бўлади.

Ўктам Худойбердиев.