ННТлар жамиятдаги муаммолар ечимида қандай ўринга эга?

Самарқанд шаҳридаги Дўстлик ва нодавлат нотижорат ташкилотлари уйида илк йиғилиш - Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциациясининг ҳудудий конференцияси бўлиб ўтди.

Унда вилоятдаги ННТлар, фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари вакиллари иштирок этди.

Дастлаб Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси раиси ўринбосари Н.Маҳмудов иштирокчиларга соҳадаги янгиликлар хусусида маълумот берди. Таъкидландики, ўтган йиллар давомида ННТларга грант олиш, лойиҳа якунлари бўйича ҳисоботлар тайёрлаш ва тақдим этиш масалалари бўйича доимий кўмак берилмоқда. Шу йил вилоят ННТлари учун ажойиб совға – «Дўстлик уйи» барча шарт-шароитлари билан фойдаланиш топширилди. Унда нодавлат ташкилотлар фаолият олиб бориши учун хоналар, коворкинг маркази, кутубхона, музей, фаоллар зали ва бошқа қулайликлар мавжуд.

- Шу йил маҳаллий бюджетдан нодавлат нотижорат ташкилотлари учун 1 миллиард сўм миқдорида грант танловлари эълон қилинди, - дейди вилоят ҳокимининг ўринбосари Д.Мамадқулов. – Турли йўналишлар бўйича эълон қилинган танловда ҳар бир ННТ ўз йўналиши бўйича иштирок этиб, жамиятдаги муаммоларнинг ечимига ҳисса қўшиши мумкин. Шунингдек, республика миқёсида ҳам шундай танловда қатнашиш имкони бор. Буларнинг барчаси нодавлат нотижорат ташкилотларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш учун яхши имкониятдир.

Анжуманда республика ҳисобот-сайлов конференциясига делегатлар сайланди, шунингдек, грант танловларида иштирок этиш бўйича амалий-услубий ёрдам кўрсатилди.

Гулруҳ Мўминова.