Нобель мукофотини олишда омади чопмаган машҳур кишилар

Нобель қўмитаси қарорлари баъзида чалкашлик ва умидсиз тортишувларга сабаб бўлади. Мукофот мавжуд бўлган узоқ вақт давомида “ўз қаҳрамонини топа олмаган” ҳолатлар кўп бўлган.

Бугун ушбу мукофотга бошқаларга қараганда тез-тез даъвогар бўлган, аммо орзу қилинган “соврин”ни қўлга кирита олмаган машҳур кишилар ҳақида батафсил айтиб берамиз.

 Маҳатма Ганди 5 марта номзод бўлган

ХХ асрнинг энг таъсирли, шу билан бирга баҳсли сиёсатчиларидан бири 5 марта Нобель тинчлик мукофотига номзод бўлган. Бироқ ҳозирги кунгача нафрат ва қон тўкилишини камайтириш учун Гандига қараганда кўпроқ  ҳаракат қилган одамни топиш мушкул бўлишига қарамай у бу мукофотга лойиқ топилмади.

Эйнштейн у ҳақида шундай ёзган эди: “Гандининг фикрлайдиган одамларга кўрсатган ахлоқий таъсири ортиқча қўпол куч ишлатиб натижага эришишга қараганда анча маънилидир. Бизга келажак авлодларга йўл кўрсатадиган шундай ажойиб замондошни берган тақдирдан миннатдормиз... Эҳтимол, келажак авлод у каби оддий инсон фоний дунёда яшаб ўтганлигига ишонмас...”.

Марк Твен 9 марта номзод бўлган

Марк Твен Нобель аренасидаги муваффақиятсизликларга ўзига хос тарзда қарар эди. Мукофотдан кўра унга китобхонларнинг эътирофи муҳимроқ эди.

Ёзувчининг ишлари ҳамкасблари томонидан юқори баҳоланган. Масалан, Эрнест Хемингуэй бутун Америка адабиёти аслида битта, Марк Твеннинг “Гекльберри Финнинг саргузаштлари” китобидан келиб чиққанлигини бир неча бор таъкидлаган.

Гилберт Льюис 30 мартадан зиёд номзод бўлган

Америкалик физикохимик 1912 йилда дастлаб ўз-ўзидан кимёвий боғланишнинг электрон назариясини таклиф қилди ва ишлаб чиқди. У кимёвий термодинамика, фотокимё ва ядро физикаси соҳасида кўп тажрибалар ўтказган. Айнан Льюис нурланишнинг энг кичик бирлигини белгилаш учун “Фотон” атамасини киритган.

Деярли ҳар бир иши учун Нобель қўмитаси уни номзодлар рўйхатига киритди. Аммо ҳар сафар муносиброқ даъвогар чиққанлиги сабабли, у мукофот соҳиби бўлишга муваффақ бўлмади. Льюис Вашингтондаги Миллий Фанлар академиясининг аъзоси, СССР Фанлар академиясининг фахрий аъзоси сифатида ўз ишини давом эттирди. 1970 йилда эса Ойнинг кратерлардан бири унинг номи билан аталган.

Зигмунд Фрейд 32 марта номзод бўлди

Таниқли австриялик психоналитик Зигмунд Фрейд номзоди 32 марта қўйилганлигига қарамай, у “ҳайкалча”ни қўлга кирита олмади. Ҳар сафар у мукофотдан бир қадам нарида бўларди, чунки комиссия унинг ишини етарли даражада ишонарли эмас деб ҳисоблаган.

Арнольд Зоммерфельд 81 марта номзод бўлган

Нобель мукофотининг энг омади чопмаган номзоди назарий физик  Арнольд Зоммерфельд ҳисобланади. Ўзи 81 марта номзод бўлган олимнинг 6 нафар шогирди бу фахрий мукофотга сазовор бўлган.

Зоммерфельд мукофот олмаганининг бир неча сабаблари бор. Биринчидан, рақобатчилар. У Эйнштейн, Планк, Франк ва Бор каби буюк физиклар билан бир вақтда номзод бўлган. Иккинчидан, Нобель қўмитаси аъзоларига унинг иш услуби ва йўналиши ёқмасди. Айниқса, ҳакамлар ҳайъати таркибига кирган физика профессори Карл Озеейн уни қаттиқ танқид қилган.

Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.