Ногиронлигимга қарши чиқмадим, балки у билан яшай олдим...
Қатарлик бу йигит ҳақида ўқигач, ҳаётга муносабатингиз, турмуш тарзингиз ўзгариши тайин. Чунки у танасининг 4/1 қисми билан ҳам спортда, тадбиркорликда катта муваффақиятларга эришиб келмоқда.
Ғоним Мифтаҳ Қатар пойтахти Доҳада бошланган футбол бўйича 22-Жаҳон чемпионатини Қуръони каримдаги: “Эй одамлар! Биз сизларни бир эркак ва аёлдан яратдик ва сизларни ўзаро танишишингиз учун халқлар ва қабилалар қилиб қўйдик. Албатта, Аллоҳнинг ҳузурида энг ҳурматлингиз энг тақводорингиздир. Албатта, Аллоҳ ўта билувчидир, ўта хабардордир” ("Ҳужурот" сураси, 13-оят) оятини ўқиш билан бошлади. У “Ногиронлик устидан ғолиб” лақабли қатарлик ёш йигит бўлади.
Жисмнинг “тўртдан бири” билан ҳаёт кечираётган имконияти чекланган йигит деярли имконсиз кўрингандай нарсаларга чақириқ ташлаган, ҳаёт учун курашган инсондир.
У жуда ноёб бўлган “каудал ажралиш синдроми, пастки тана қисмисиз бўлган деформация ва бел умуртқаларининг деформацияси” касалликлари ташхиси билан оғриган.
Ғоним ўсмирлик вақтида “Осиёга меҳрли қўллар” фонди томонидан “Яхши ният элчиси” деб танланган, шунингдек, Кувайт амири Сабоҳ Аҳмад ас-Сабоҳ томонидан Қатар молия маркази рекламаларидаги иштирокидан сўнг “Тинчлик элчиси” дея танланган эди.
Ҳаракатланиши чекланган, саломатлигидаги жиддий муаммоларига қарамай у фигурали учиш, альпинизм, футбол, баскетбол каби спорт турлари билан шуғулланади. Сузиш борасидаги эришган муваффақиятлари натижасида денгизга 18 метр чуқурликка шўнғишга ҳам эришган.
Ғоним Мифтаҳ Форс кўрфази давлатлари, кўплаб араб давлатларида ўтказилган халқаро мусобақа ва турнирларда иштирок этиб, кўплаб мукофотлар олган. БААда ҳам ўсмирлар ўртасида ўтказилган спорт мусобақаларида медалларни қўлга киритган.
У шундай дейди: “Спорт мен учун мушакларимни чиниқтиришга ва ўзимга бўлган ишончни ортишига ёрдам бўлади”. Имконияти чекланган бўлишига қарамай, Ғоним яна тадбиркорлик билан шуғулланади ва ҳозирда унинг музқаймоқ ишлаб чиқариш компанияси бор ва уни бошқа ҳудудларда ҳам кенгайтириш ниятида.
Матонатли йигит кўп маротаба ногиронликка таслим бўлмасликка аҳд қилганини, доимий тиббий муолажалар ва бу борадаги улкан муаммоларга қарамасдан, сабр-тоқат, чидам ва яхши ният, келажак ҳақидаги ижобий ўй-фикрлар билан енгиб чиққанини айтади. “Мен онамдан бу оламда иложсиз нарсанинг ўзи йўқ эканини билдим” дея ҳикоя қилади.
“Ногиронлигимга қарши чиқдим, дейдиганлар ҳам бор, лекин мен ногиронлигимга қарши чиқмадим, балки у билан яшай олдим ва ҳаётдан катта умид билан ўз йўлимда давом этдим, дейман”, - дейди у.
Шунингдек, Ғоним Мифтаҳ ижтимоий тармоқлар ва бошқа алоқа воситалари орқали имконияти чекланган инсонлар ҳам жамиятда ўз ўринларига эга фаол инсонлар бўлишлари мумкинлиги ҳақида ижобий рисолалар, мурожаатлар юборишни ҳам йўлга қўймоқчи.
***
P/s: Ғоним Мифтаҳ 2002 йилда Доҳа шаҳрида туғилган. "Ғоним доим омадли" китоби муаллифи. Автомашинани жуда яхши бошқаради. Ютубда 900 мингга яқин аъзоси бўлган шахсий саҳифаси бор.