“ЖЧ-2022”: Бугун яна бир Осиё қитъаси вакили – Япония терма жамоаси майдонга тушади
Қатар пойтахти Доҳа шаҳрида бўлиб ўтаётган футбол бўйича жаҳон чемпионати ҳаяжонли воқеаларга бой бўляпти.
Айниқса, чемпионатнинг илк туридан ўрин олган Аргентина – Саудия Арабистони терма жамоалари учрашуви шиддатли кечгани ва ўзининг сенсацион натижаси билан футбол ихлосмандлари тилидан тушмаяпти.
Саудия Арабистони қироли Шайх Салмон футбол бўйича терма жамоанинг Аргентина устидан қозонилган ғалабаси шарафига бугун, 23 ноябрни дам олиш куни деб эълон қилган. Қирол терма жамоа ўйинчиларининг ҳар бирига 2,5 миллион евро миқдорида пул мукофоти билан тақдирлашни ҳам ваъда берган.
Бугун бўладиган гуруҳ босқичи ўйинлари ҳам шиддатли кечиши аниқ. Осиё қитъасининг яна бир вакили – Япония терма жамоаси бугун Германия терма жамоасига қарши майдонга тушади. Мутахассислар ушбу ўйин бугуннинг асосий учрашуви экани, шов-шувли натижа бўлиши мумкинлиги ҳақида фикрлар билдирган.
Бугунги кун ўйин дастуридан қуйидаги тўртта учрашув жой олган:
Соат 15:00. Марокаш — Хорватия (F)
Соат 18:00. Германия — Япония (E)
Соат 21:00. Испания — Коста-Рика (E)
Соат 23:59. Бельгия — Канада (F)