ЖЧ-2022: Марокашдан янги сенсация ва бутун дунёдаги мухлисларнинг муносабати
Хабар қилганимиздек, 6 декабрь куни футбол бўйича жаҳон чемпионатида асосий ва қўшиб берилган вақтда гол ура олмаган Марокаш ва Испания терма жамоалари ўз омадларини пенальтилар сериясида синаб кўришди. Бу футбол лотореясида марокашликлар 3:0 ҳисобида устун келди.
Испанияни сенсацион тарзда мағлуб этиб, биринчи марта жаҳон чемпионатининг чорак финалига чиққан Марокаш терма жамоаси айни кунларда ҳам бутун дунё бўйлаб ўз мухлисларини хурсанд қилишда давом этмоқда.
Работда ҳатто қирол Муҳаммад VI ҳам машинасидан чиқмасдан байрамда қатнашган.
Қатарнинг ўзида ҳамда ўйиндан сўнг меҳмонхонага етиб келган терма жамоа футболчилари ўз мухлислари билан хурсандчиликни баҳам кўришди.
Париж марказида ҳаяжонланган фанатлар транспорт ҳаракатини бузди. Брюсселда байрам тартибсизликлар келтириб чиқарди. 800 мингга яқин марокашлик истиқомат қиладиган Испанияда ҳам оммавий байрамлар бўлиб ўтди.
Бу - 2010 йил жаҳон чемпиони - Испания пенальтилар сериясидан кейин чиқиб кетган кетма-кет учинчи йирик турнирдир. Ва қизил фурия мухлисларининг яна бир бор бунга гувоҳ бўлишлари қанчалик қийинлигини тушунса бўлади.