Ноумидлик исканжасида: Ғазода минглаб одамлар очлик ва касалликдан ҳалок бўлмоқда. Исроил нимани кўзлаяпти?

Икки миллион аҳолига эга Ғазо сектори Исроил томонидан жорий қилинган блокада туфайли ташқи дунёдан узилган. БМТ маълумотларига кўра, уларнинг камида тўртдан бири ҳозирги пайтда очлик ва оғир касаллик туфайли ҳалок бўлиш ёқасида турибди.

Гарчи Исроил мудофаа армияси (ЦАХАЛ) инсонпарварлик ёрдамининг айрим турларига рухсат берган бўлса-да, етказиб бериш унча катта эмас — икки миллионлик аҳоли эҳтиёжини қондириш учун етмайди. Ҳудудда тоза ичимлик суви ва дори-дармон кам, талон-торож ва зўравонлик авж олган. Ҳатто энг оддий озиқ-овқат маҳсулотларини ҳам фақат қора бозорда — жуда қиммат нархда харид қилиш мумкин.

АҚШ президенти Дональд Трамп яқин кунларда оташкесим эълон қилиниши ҳақида баёнот берган бўлса-да, Исроил ҳарбий амалиётни кенгайтирди ва «ўнлаб террорист ҳамда юзлаб инфратузилма объектларини йўқ қилингани»ни маълум қилди.

 Ноумидлик «бозори»

Кенг кўламли очлик ва тарқалган эпидемиялар сабаб, шаҳарларда қуролланган гуруҳлар пайдо бўлди. Улар тинч аҳолидан охирги озиқ-овқат ва дориларни тортиб олмоқда.

БМТнинг болаларга ёрдам кўрсатувчи ташкилоти — ЮНИСЕФ маълум қилишича, ҳар куни камида 100 нафар бола ва ўсмир озиқ-овқат етишмаслиги ва бомбардимонлик оқибатида ҳалок бўляпти. Бир йил аввал Европа Иттифоқи ва АҚШнинг босими остида Исроил ҳукумати чекловларни бироз енгиллаштирди. Лекин шундан сўнг ҳам фақат бир нечта гуманитар юк машинаси Ғазога киритилди, холос. Улар ҳам манзилига етмасидан, йўлдаёқ мародёрлар томонидан таланди. Исроил ҳукумати эса карвонларни ҳимоя қилиш бўйича самарали чоралар кўриш таклифини рад этади. Бошқа манбаларга кўра, ёрдам юкларининг катта қисми ғорат қилинаётган ва кейин қора бозорларда юқори нархларда қайта сотилаётган экан.

 Исроил ҳарбий амалиёти ва қурбонлар

Исроил блокадани эълон қилди ва бу ҲАМАСнинг АҚШ махсус вакили Стив Уиткофф таклиф қилган тинчлик режасини қабул қилиши билан бир вақтга тўғри келди. Бу икки ойлик отишмалар тўхташи даврининг тугаши билан ҳам мос тушди. 2024 йил майда Исроил мудофаа армияси «Гидеон араваси» номли операцияни бошлади. Операциядан мақсад — ҲАМАС жангчиларини бутунлай йўқ қилиш ва Ғазо секторида тўлиқ назорат ўрнатиш. Бундан бир ой ўтар-ўтмас Ғазода ҳалок бўлганлар сони 55 минг нафардан ошди, 140 дан ортиқ объект бомбардимон қилинди.

Вайроналар остидаги террор

ҲАМАС ўз баёнотларида блокада туфайли юзага келган қурбонлар учун бутун жавобгарликни Исроилга юкламоқда. Бироқ ташкилотнинг ўзи аввалроқ инсонпарварлик ёрдам юкларини талон-торож қилгани фош этилган. Бундан ташқари, ҲАМАС Исроилга «агар блокада бекор қилинмаса, улар ўнлаб яҳудий гаровдаги шахсларни қатл қилиши»ни айтиб таҳдид қилмоқда. Исроил блокадани бекор қилиш эвазига тинч аҳолини озод этишни таклиф қилса, ҲАМАС барча ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишни талаб қилмоқда. Томонлар тинчликка яқинлашгани ҳақида ҳозирча айтиб бўлмайди.

Бошқа давлатлар ва халқаро босим

Буюк Британия, Франция ва Канада Исроилга нисбатан санкциялар қўллаш билан таҳдид қилди. Улар Исроилнинг гуманитар ёрдамни таъминлашдаги ҳаракатсизлигини халқаро ҳуқуқни бузиш сифатида баҳоламоқда. «Исроил ҳукумати фуқароларга зарур ёрдамни тақдим этишдан бош тортгани — халқаро инсонпарварлик ҳуқуқи бузилиши бўлиши мумкин. Биз, шубҳасиз, зарур чоралар кўрамиз, жумладан мақсадли санкциялар ҳам қўллаймиз», дейилади Буюк Британия, Франция ва Канада ҳукуматлари қўшма баёнотида.

АҚШ ҳукумати вазиятни дипломатик йўл билан ҳал қилиш ҳаракатида. 7 июль куни Биньямин Нетаньяху АҚШга ташриф буюришни режалаштирган. Дональд Трамп билан бўладиган шахсий учрашувда Ғазо секторидаги урушни тўхтатиш масаласи муҳокама қилиниши керак.

Инсонларни қутқаришга тайёр эмас

Ёпиқ чегаралар вазиятни янада оғирлаштирмоқда. Ҳеч қайси араб мамлакати муҳожирларни қабул қилишни истамайди. Улар Исроилни қоралайди, лекин тинч аҳолини қутқаришда қатнашишга тайёр эмас. Фақат Иордания АҚШ билан келишиб, 2 минг болани қабул қилди. ҲАМАС инсонпарварлик вазиятни назорат қилиш қобилиятига эга эмас, дейди таҳлилчилар. Исроил эса ҳар бир вазиятдан ҲАМАСга зарба бериш учун фойдаланмоқда. Одамлар эса ноинсоний ҳаёт кечириб, омон қолмоқда, яшамоқда, дунёдан ўтмоқда.

Гулнора Холдорова тайёрлади.