Ноёб буғулари билан машҳур «Зарафшон» миллий табиат боғи Экоқўмита таркибига киритилди

Вазирлар Маҳкамасининг «Зарафшон» миллий табиат боғини Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси тизимига ўтказиш тўғрисида»ги қарори тасдиқланди.

Қарорга мувофиқ, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ва Самарқанд вилояти ҳокимлиги тасарруфидаги Жомбой ва Булунғур туманларида жойлашган «Зарафшон» миллий табиат боғи Экоқўмита таркибига киритилди.

Умумий майдони 2426,2 гектар бўлган боғни топшириш ишлари бўйича комиссия тузилган ва унинг раҳбари, бир вақтда Экоқўмита раиси Нарзулло Обломуродов боғнинг мол-мулклари, объектлари ва ёввойи ҳайвонларини хатловдан ўтказади.

Экоқўмита 3 ой ичида боғ бўйича низом ишлаб чиқади ва уни давлат рўйхатидан ўтказади.
Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасига 1 ноябргача Сув хўжалиги вазирлиги, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси, Фанлар академияси ва вилоят ҳокимлиги биргаликда боғдаги Бухоро буғуларини яхлит сақлаш ва Зарафшон дарёсидаги сув сатҳи пасайиши сабабли келиб чиқадиган муаммоларга ечим сифатида таклифлар киритиши керак.

Табиатни муҳофаза қилиш соҳасидаги қонунчилик ҳужжатлари талабларига риоя этилиши юзасидан тарғибот ва давлат экология назорат ишлари кучайтирилади. Шунингдек, Фанлар академияси «Зарафшон» миллий табиат боғи ҳудудида табиий объектлар мониторингини юритиб, илмий-тадқиқот ишлари олиб бориши белгиланди.

Зарафшон боғи етти ҳудудга бўлинган. Маълумотларга кўра, учта ҳудуд сайёҳларни қабул қиладиган маскан сифатида танлаб олинган. Улар учун яёв юриш, машинада айланиш, велосипедда сайр қилиш, отда юриш маршрутлари бўйича хизмат кўрсатилади.

Боғнинг биринчи бўлими, яъни 4 километр қисми яёв юрадиган манзил. Маршрут кириш дарвозасидан бошлаб турангазор ичидан Зарафшон дарёсигача олиб боради. Шу жараёнда Бухоро буғулари ва Зарафшон тилларанг қирғовули парваришхонаси, кўчатчилик тажриба майдонларига бориш мумкин. Машина, велосипед ва отда юриш йўллари бўлим нозирлари ҳамроҳлигида бўлади.