Нурободда қўлда гилам тўқиш маркази очилади
Болалигимизда ҳар ёз бувимларникига дам олишга борардик. Эсимда, қиши билан жундан ип йигириб калава қилган бувим ёз келиши билан уларга турли рангларни бериб, катта ёнғоқ тагида ўрмак қурарди. Рангли ипларни камалак мисол териб чиққач, ширин бўғирсоқлар билан биз, болаларни сийлар ва гилам тўқишни бошларди. Совуқ тушгунча 4-5 гиламни келинлари ва қўшни аёллар ёрдамида тўқиб битказарди.
Ҳозиргача бу гиламларни авайлаб ишлатаман. Чунки улар ўзининг табиийлиги, қишда иссиқ, ёзда салқин сақлаши билан синтетик гиламлардан фарқ қилади.
Афсуски, бугун Булунғурда қўлда гилам тўқийдиган оилаларни деярли учратмайсиз. Бунга аввало, чорвадор оилаларнинг камайиб кетгани сабаб бўлса, бошқа тарафдан замонавий гиламларнинг кўпайиб кетганидир. Бугун кенг адирлардан иборат, чорвачилик ривожланган Нуробод ва Қўшработнинг айрим чекка ҳудудларида гиламчилик анъаналари сақланиб қолган. Аммо бугун чет эллик сайёҳлар миллий маҳсулотларимизга, жумладан, табиий жундан тўқилган гилам, пойандозларимизга эътибор бермоқда.
Президентимиз томонидан 2020 йил 26 июнь куни қабул қилинган “Республикада қўлда тўқилган гиламчилик соҳасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида қўлда гилам тўқишни ривожлантириш, гилам тўқийдиган ҳунармандларга субсидиялар ажратиш, жун маҳсулотларини олишда наслли қўй-эчкиларни кўпайтириш, яйловларни кенгайтириш бўйича бир қатор вазифалар белгиланди. Қарор гиламчиликни янада ривожлантириш орқали қишлоқ жойларда аёлларнинг бандлигини таъминлаш, рўзғорини обод қилишга қаратилгани билан ҳам эътиборли.
- Момомлар ва онамлар гилам тўқиб рўзғор тебратишган, - дейди Нуробод тумани Олға қишлоғида яшовчи Хосият Жўраева. - Деярли аксарият оилаларда гилам тўқиш дастгоҳларини учратиш мумкин эди. Кимдир бу ҳунар орқали оила тебратса, кимдир рўзғорида фойдаланган. Қизлар ўз сепини ўзлари тўқиган гилам ва пойандозлар билан безаган. Бугун ҳам туманимизда бу анъана сақланиб қолган. Бувим тўқиган қоқма гиламларни такомиллаштириб, олти киши бирдан тўқийдиган дастгоҳларни қурганмиз. Гиламнинг дарахтча, чинақай, тароқча, етти такча, атлас нухсалари харидоргир. Айниқса, чинақай гиламларимизга эътибор катта. Бу гиламимиз майда катакчалардан иборат бўлиб, тўқиш бироз қийинроқ. Лекин ўзига хос жимжимадор. Битта 4 метрга 2 метр чинақай гилам тўқиш учун тахминан 20 кило қора, жигар, оқ рангли жун, буёқлар сарфланади. Жуннинг килоси ҳам кейинги пайтларда қимматлашган. Оқ жун 35 минг сўм туради. 6 киши 5-6 кунда тўқийди. Ушбу гиламларга ўртача 700 минг ҳаражат қиламиз, 1200000 сўм атрофида сотамиз. Маълум вақт бу гиламларга эҳтиёж пасайди. Кетган харажатингизга ҳам оладиган харидорлар йўқ эди. Аммо шунақа қийин вазиятда ҳам ҳунаримни ташлаб қўймадим. Яқинда банкдан 20 миллион имтиёзли кредит олиб, тўқув дастгоҳлари, жун ва буёқлар сотиб олдим. Шу билан бирга 6 нафар маҳалламиздаги хотин-қизларни иш билан таъминладим. Ҳам ҳунар ўрганаяпти, ҳам рўзғори обод бўляпти.
Нурободда гиламчилик билан шуғулланувчи ҳунармандлар кўпчиликни ташкил этади. Бунга бу ердаги муҳит сабаб десак, бошқа тарафдан аёлларининг қон-қонига сингиб кетган момоларининг касб-ҳунари.
- Туманимизда 7 нафар устоз гиламчиларимиз бор. Уларга 30 нафар ёшлар шогирд тушиб, касб сирларини ўрганмоқда, - дейди “Ҳунармандлар” уюшмаси Нуробод тумани бўлими раҳбари Гулшан Мирзаева. – Камбағалликни қисқартириш, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш мақсадида 7 нафар аёлларимиз гиламчилик ҳунарини ўрганиш истагини билдирган. Тим, Араб ота, Жом каби қишлоқларимизда гиламчилик анъаналари ривожланиб, бугун ўз харидорларига эга. Ҳатто чет эллик сайёҳларнинг ҳам эътиборига тушган. Яқинда ҳунармандларимизга янада қулайлик яратиш мақсадида туман “Ҳунармандлар” уюшмаси қошида “Қўлда гилам тўқиш маркази”ни ташкил этмоқчимиз. Бу ерда устоз-шогирд анъаналарига кўра, моҳир гиламдўзларимиз ёшларга ўз ҳунарини ўргатиш билан бирга, маҳсулотларни сотиш имконияти ҳам яратилади.
«Республикада қўлда тўқилган гиламчилик соҳасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорга кўра, қўлда тўқилган гиламларни экспорт қилишда автомобиль, темир йўл ва ҳаво транспортида ташиш харажатларини 50 фоизигача миқдорда компенсация қилишга субсидиялар тақдим этилиши, 2021 йилдан бошлаб ҳар икки йилда бир марта Тошкент шаҳрида шарқона қўлда тўқилган гиламлар (Hand-made Oriental Carpets) халқаро фестивали ўтказилиши, Самарқанд, Бухоро, Хива ва Шаҳрисабз шаҳарларида туристлар ташриф буюрадиган маданий мерос объектлари ҳудудларида қўлда тўқилган гиламлар кўргазма-савдо расталари (дўконлари) ташкил қилиниши белгиланди.
Шунингдек, «Ўзбекипаксаноат» уюшмаси таркибидаги қўлда гилам ва ипак мато тўқиш билан шуғулланувчиларга гилам ва ипак мато тўқиш дастгоҳини харид қилиш учун харажатларга – ҳар бир дастгоҳ учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 баравари миқдорида субсидиялар ажратилиши ҳам нафақат Нурободда, балки вилоятимизнинг бошқа туманларида ҳам гиламчиликни ривожлантиришга хизмат қилиши, шубҳасиз.
Насиба ЖОНТЎРАЕВА.