Нусрат Раҳмат: “Танқидчиларимиз ҳали компьютерда ишлашни ўрганмаганга ўхшашади”
Энди гонорар, яъни қалам ҳақи масаласига андак равшанлик киритмоқчиман. Тараққий этган мамлакатларда бу соҳа анча яхши йўлга қўйилган. У ерларда ёзувчи асарни ёзгандан кейин уни нашрга ёки адабий сайтларга жойлаштирадиган агент билан боғланади. Агент дегани ёзувчи билан шартнома тузади. Масалан, Россияда бир босма тобоқ 1800 рубль атрофида баҳоланади. Европа мамлакатларида бу нарх анча баланд ҳам. Шартнома бўйича асар тўласинча агент ҳисобига ўтиши ва уни (муаллиф номи билан, албатта) истаган нашриёт ёки сайтга сотиши ҳамда фойда олиши мумкин. Бундай ҳолда ёзувчи асарни ўзга нашриёт ёки сайтга бериш ҳуқуқига эга бўлмайди. Иккинчи варианти, агент китобни нашриёт ёки адабий сайтга топшириб, фойданинг 15 фоизини олади. Қолган пул ёзувчи ва сотувчи (нашриёт ёки сайт соҳиби) орасида тақсимланади.
Гоҳида ёзувчининг ўзи ҳам нашриёт ва сайтга топшириб, қалам пули ишлаши мумкин. Ёзувчи Сергей Лукяненко ўзининг "Ночной дозор" романига электрон китобларидан 5000 доллар, нашриётлардан эса ундан кўпроқ ҳақ олганини ёзади. Лекин бунинг ташвишлари, харажатлари ҳам анчагина бўлар экан.
Ҳар ҳолда, бундай шароитда ёзувчи қалам ҳақи билан рўзғор тебратиши мумкин бўлади. Бизда эса адабий сайтларда қалам ҳақи олиш механизми энди бошланяпти. Масалан, "Kitobim.com" сайти муаллифларнинг қоғоз ва электрон китобларини сотиб беришни бошлади.
Ўша чет мамлакатларда ҳам номдор ёзувчилар билан бирга компьютерни обдон ўзлаштирганлар, шу билан бирга, корчалонлар яхши гонорар ишлаётганини ёзишди. Бизнинг адабий хўжалигимизда ҳам яқин йилларда шундай манзара юз бериши табиий.
Адабий сайтлар ва "Facebook"да талай янги асарлар ҳам эълон қилинди. Аммо уларга баҳо берилмади. Назаримда танқидчиларимиз ҳам ҳали компьютерда ишлашни ўрганмаганга ўхшашади.
Миллатнинг йўлчи юлдузлари – ёзувчилар, шоирлар, танқидчилар дунё тамаддуни ва тараққиётидан ортда қолишга ҳақли эмаслар.
"Файзибоғ" – бизники. Унинг мавқеи, обрўсини ошириш ҳам ўзимизнинг зиммамизга тушади. Клавишни босаётганимизда ана шу масъулиятни унутишга ҳақли эмасмиз.
Дўстлар! Дунё – ғанимат. Лоақал "Файзибоғ"да учрашиб турайлик, ундан узоқлашиб кетмайлик! Бир-биримизни яхши кўрайлик, қадрлайлик!
Нусрат РАҲМАТ.