Нью-Йоркда Самарқанд шаҳри салоҳияти тақдим этилди
БМТнинг Нью-Йоркдаги штаб-квартирасида Ўзбекистоннинг доимий ваколатхонаси томонидан «Самарқандга йўл: 2025 йилда ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессияси ўтказиладиган манзил» мавзусида брифинг ўтказилди.
Тадбирда БМТнинг юқори мартабали шахслари, жумладан, бош котиб аппарати раҳбари Эрл Кортеней Раттрей, ташкилотнинг Туркия, Саудия Арабистони, Миср, Озарбайжон, Арманистон, Германия, Франция, Люксембург, Швейцария, Корея Республикаси, Қатар, Марокаш, Малайзия, Баҳрайн, Руминия, Сингапур доимий вакиллари қатнашди.
Брифингда Самарқанд вилояти ҳокимининг ўринбосари Ойбек Ҳамроев иштирокчиларга бўлажак ЮНЕСКО Бош конференциясини юқори ташкилий ва мазмунан бой тарзда ўтказиш учун Самарқанд шаҳрида яратилган шарт-шароитлар ҳақида батафсил маълумот берди. Тадбиркорлик ва маданий, тиббий ва гастрономик туризм объектларини ўзида мужассам этган янги йирик «Ипак йўли» халқаро туризм марказининг имкониятларига алоҳида эътибор қаратилди. Иштирокчилар, шунингдек, Самарқанднинг иқтисодий ва сармоявий салоҳияти билан яқиндан танишдилар.
Таъкидланганидек, кейинги йилларда қадимий ва бетакрор Самарқанд бир қатор долзарб масалалар юзасидан глобал мулоқот марказига айланди. Сўнгги олти ой ичида шаҳарда БМТ мандати остида учта форум бўлиб ўтди. Бутунжаҳон сайёҳлик ташкилоти Бош ассамблеясининг 25-сессияси, БМТнинг чўлланишга қарши кураш бўйича конвенцияси қўмитасининг 21-йиғилиши ва БМТнинг Ёввойи ҳайвонларнинг кўчиб юрувчи турларини сақлаш бўйича конвенцияси (CMS COP14) иштирокчилари конференцияси 14-йиғилиши шулар жумласидандир.
Самарқанд 1985 йилдан буён ЮНЕСКО Бош конференцияси унинг штаб-квартирасидан ташқарида ўтказиладиган илк мезбон шаҳарга айланиши таъкидланди. Ташкилотнинг асосий қадриятларини янада тарғиб этишга улкан ҳисса қўшишга қаратилган ушбу нуфузли халқаро форумни муваффақиятли ўтказиш учун барча саъй-ҳаракатларни сафарбар этиш бўйича Ўзбекистон ҳукуматининг қатъий интилиши алоҳида таъкидланди.
Брифинг иштирокчилари Ўзбекистонда ҳаётнинг барча жабҳаларида амалга оширилаётган кенг кўламли ўзгаришлар, ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессиясини муваффақиятли ўтказиш борасидаги саъй-ҳаракатларни юқори баҳолади. Самарқандда халқаро форумларни юқори савияда ташкил этиш учун яратилган инфратузилма ва бошқа имкониятлар ҳақида ижобий фикрлар билдирилди. Самарқанд сессияси ЮНЕСКО тарихидаги ноёб воқеа бўлиб, цивилизациялар ва маданиятлар ўртасидаги ранг-баранглик ва мулоқот рамзига айланишига ишонч билдирилди.
- Ўзбекистон Президентининг ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессиясини Самарқандда ўтказиш бўйича ташаббуси БМТ тизимидаги асосий тузилма фаолиятидаги муҳим қадам бўлди, - деди БМТ бош котибининг Европа, Америка ва Марказий Осиё бўйича ёрдамчиси Мирослав Енча. - Ўтган йили Ўзбекистонга ишчи ташрифим чоғида Самарқандни зиёрат қилиш имконига эга бўлдим ва тез ўзгариб, янада гўзал бўлиб бораётган шаҳарнинг замонавий қиёфасидан жуда қувондим. Халқаро конференцияларни ташкил этиш учун мукаммал шароитлар яратилган, деб ҳисоблайман. Ишончим комилки, ЮНЕСКО Бош конференцияси бўлажак сессиясининг барча иштирокчилари тадбирнинг ташкил этилишидан мамнун бўлади.