Очиқлик ва ошкоралик нафақат ОАВ, балки жамият тараққиётига хизмат қилади
Матбуот — ижтимоий ҳодиса. Бунинг маъноси шуки, у инсон маънавияти шаклланишига, фикр ва дунёқараши юксалишига хизмат қилади.
Инсон ташқи кўринишидаги қусурларни ойнага қараб тўғрилагани каби жамият ҳам ўзидаги муаммо ҳамда камчиликларни оммавий ахборот воситаларида кўриб, уларни бартараф этиб боради. Шу маънода, матбуот жамият кўзгуси, адолат ва ҳақиқат жарчиси, маърифат тарғиботчисидир.
Президентимиз томонидан Ўзбекистоннинг янги қиёфаси шакллантирилар экан, демократиянинг қон томири бўлган сўз ҳамда матбуот эркинлигини таъминлаш йўлида ҳам салмоқли қадамлар ташланмоқда.
Бугун журналистга ўз маҳорат ва салоҳиятини, жасоратини намоён этиши учун ҳеч қандай тўсиқ йўқ. Ҳар бир инсоннинг янгилик тарқатиш, эркин сўз айтиш ҳуқуқи қонун билан кафолатланган. Истаган киши газета, журнал, телестудия, радиоканал, сайт очиши мумкин. Давлат нафақат давлат муассислигидаги, балки нодавлат ОАВни ҳам қўллаб-қувватламоқда. Парламент ҳузуридаги Жамоат фонди танловларида истаган журналист ва ОАВ вакиллари қатнашиб, грант ютиб олиш имкониятига эга. Маълумотлар очиқлигини таъминлаш йўлидаги ишлар изчил давом этмоқда.
Зеро, сўз эркинлиги фақат ОАВгагина эмас, аввало, давлатнинг ўзи учун зарур ва фойдалидир. Чунки очиқлик, ошкоралик бор жойда тараққиёт кушандаси бўлган коррупция, тамагирлик, турли жиноятчилик, қонунбузилиш ҳолатларига қарши кучли жамоатчилик назоратини ўрнатиш имконияти юзага келади.
Шу маънода, кейинги йилларда давлатимиз раҳбарининг оммавий ахборот воситаларини ривожлантиришга доир кўплаб ҳужжатлари қабул қилинди. Бундан ташқари, Президентимиз деярли ҳамма учрашув ва йиғилишларда оммавий ахборот воситаларига алоҳида эътибор қаратиш лозимлигини қайта-қайта таъкидлаётир. Раҳбарлар фаолиятига жамоатчилик билан қанчалик мулоқот ўрнатгани, матбуот саҳифалари, ижтимоий тармоқларда чиқаётган мақолалар, танқидий фикрларга нечоғли муносабат билдираётганига қараб баҳо берилмоқда. Фаолияти танқид остига олинган ҳар қандай мансабдорга тегишли чоралар кўрилаётганини эса ҳаётда барчамиз кўриб, гувоҳи бўлиб турибмиз.
Юртбошимизнинг бу борадаги ташаббус ва ибратини нафақат халқимиз, балки хорижлик экспертлар ҳам эътироф этишяпти. Президентимизнинг парламентга Мурожаатномасида мамлакатдаги аҳвол очиқ-ойдин таҳлил қилиниши, энг оғриқли муаммолар тан олиниб, уларни бартараф қилиш йўллари кўрсатиб берилиши барчамизни ўз тақдиримизга, юрт тақдирига бефарқ бўлмасликка ундамоқда. Давлат раҳбарининг одамлар ҳузурига бориши, очиқ мулоқотлари аҳолида ўз кўнглидаги гапларини айта олишга кўникма уйғотмоқда. Бу ҳам жамиятда ошкоралик муҳитини қарор топтиришда муҳим аҳамият касб этяпти.
Ҳақиқатан ҳам, инсон эркин гапириши учун эркин яшаши лозим. Эркин яшашнинг шарти Ватан ичида Ватанга, оилага, муқим иш жойига эга бўлиш, иқтидорига муносиб рағбат кўриш, фарзандлар тақдиридан кўнгил тўқлигидир. Бинобарин, “Янги Ўзбекистон!” шиори остида кейинги уч йилда қабул қилинган қонун, қарор ва фармонлар мазмун-моҳияти ана шу мақсадга қаратилган. Аҳолининг рўйхатга олиш тизими соддалаштирилгани, етимлар, боқувчисини йўқотганларга, кўп болали оилаларга арзон уй-жойлар берилиши, бандлик бўйича қатъий чоралар кўрилиши, хусусий мулк бўйича ўзгаришлар — буларнинг барчаси бизда жамият овозининг ҳисобга олиниши натижаси, деб биламиз.
Қувонарлиси, бугун кўплаб раҳбарлар журналистлар, блогерлар чиқишлари, фуқаролар мурожаати билан ҳисоблашишмоқда. Бу жараённинг мунтазам ва изчил мониторинги ҳам шаклланяпти.
Бугун қалам аҳлига ижро ҳокимияти идораларининг деярли барча йиғилиш ҳамда анжуманларида иштирок этиш имконияти яратилди. Кўп тадбирлар телевидение ва ижтимоий тармоқлар орқали тўғридан-тўғри эфирга узатиляпти. Гарчи ҳали ўз вазифасини биз кутганчалик олиб бормаётган бўлса-да, ижро ҳокимияти идораларида ахборот хизмати жорий этилиши ҳам мамлакатда ахборот муҳити ранг-баранглигини таъминлаётир.
Дарҳақиқат, сўз эркинлиги жамият учун катта эҳтиёж. Аммо шуни унутмаслик лозимки, журналистика, ошкоралик ва сўз эркинлиги муайян бир ижтимоий гуруҳ таклифи ёки талаби билан ўзгариб қолмайди. Ҳали дунёда бу тушунча ҳамда меъёрларнинг мукаммал эталони яратилган эмас ва бунинг иложи ҳам йўқ. Ҳар бир давлат тараққиётининг турли босқичларида унинг сиёсати, жамиятдаги жараён ҳақида турлича фикрлар билдирилиши табиий. Ҳар бир ижодий жамоа ўз олдига қўйилган вазифа доирасида фаолият юритади. Муҳими, айтилаётган сўз учун масъуллик ҳиссини унутмаслик, ахборотни қонун доирасида тарқатишдир. Оммавий ахборот воситалари аҳолида ижтимоий фикр уйғотиши баробарида, одамларда ўз тақдирига масъулият ҳиссини тарбияламоғи ҳам лозим.
Агар жамиятимизга теран кўз билан, қиёсий нуқтаи назар билан қарасак, кейинги йиллардаги инқилобий ислоҳотлар маънавиятимизда, руҳиятимизда, юрт тақдирига муносабатимизда катта ўзгаришлар ясади. Оддий мисол, бундан бир неча йилгина илгари шахсий мулкимизни кафолатли ҳимоя қила олардикми? Бугун эса шахсий мулкка дахл қилган шахс, ким бўлишидан қатъи назар, қонун олдида жавоб беради. Бундай ҳолатларни телевидениеда ҳам, радиода ҳам, газетада ҳам, ижтимоий тармоқларда ҳам ёритяпмиз. Бу борада қонунни менсимаганларни ошкор айтяпмиз.
Матбуотчи бўлганим учун комил ишонч билан айта оламанки, нашрларимиз қисқа фурсатда ўз мундарижаси ҳамда иш услубини ўзгартира олди ва бу иш давом этяпти, улар ўртасида рақобат пайдо бўлди. Ҳар бир жамият доимо “шов-шув”га талабгор бўлади, аммо матбуот одамларга маърифат улашиш, уларни воқеа-ҳодисаларнинг туб моҳиятидан воқиф этиш, яхши яшашга ундаш борасидаги эзгу қадриятларидан, ўз йўлидан четлашгани йўқ.
Карантин шароити бизга жуда муҳим ҳақиқатни амалда кўрсатди: ривожланишнинг, кўзланган мақсад-муддаоларга эришишнинг энг асосий омили халқнинг ички интизоми, жипслиги ва яхши фазилатлари экан. Айнан ана шу ҳолатлар етишмаганлиги боис айрим бақувват давлатлар ҳам коронавирусдан кўп зарар кўрди. Умумий фикр парокандалиги уларни бир ёқадан бош чиқариб ишлашга йўл қўймади. Оқибатда тиббиёт қанчалик тараққий этган, тиббий маданият нечоғли юксак бўлмасин, касалланганлар сони ва ўлим кўрсаткичи ниҳоятда ошиб кетди. Демак, гарчи сўз эркинлиги дунёвий шиор бўлса ҳам, бу жараён ҳар бир давлатда халқ менталитетидан келиб чиққан ҳолда амалга ошади.
Журналистика бугун, эрта маррага интиладиган марафон эмас, у жамиятнинг ичида яшайди. Шу нуқтаи назардан қарайдиган бўлсак, ҳали соҳамиз бугун аҳоли кутган даражада эмас. Соҳадаги муаммоларга илмий таҳлил орқали ёндашиб, ҳар бир ижодий жамоанинг жанговарлигини, касб маҳоратини ошириш, тизимда корпоратив ҳамкорлик ва ижодий рақобатни янада ривожлантириш вазифаси турибди. Телерадио воситаларининг сифатли материал узатиши учун технологияларнинг янада замонавийлаштирилиши, матбуот нашрларини ўқувчиларга етказиш тизимининг изчил такомиллаштириб борилиши соҳа равнақини янада юксак поғонага олиб чиқиши, шубҳасиз.
Президент Шавкат Мирзиёев ўтган йили касб байрамимиз муносабати билан табригида “Айни вақтда барчамиз бир ҳақиқатни унутмаслигимиз зарур: ахборот майдонидаги турли баҳс ва тортишувлар, аввало, ҳаққонийлик ва холислик тамойилларига асосланиши, қонун ва одоб қоидалари доирасида бўлиши, шахсий ғараз ва хусуматга, сохта обрў орттириш усулига айланиб кетмаслиги, инсон шахси ва шаънини таҳқирлашдан йироқ бўлиши, бундай салбий ҳолатларга бизнинг медиа майдонимизда мутлақо ўрин бўлмаслиги керак”, деган эди. Назаримда, давлат раҳбари бу фикрида жамият хулосасини ифода этди. Демак, бизнинг эндиги асосий вазифамиз ана шу ишонч ва мартабага муносиб фаолият кўрсатишдир.
Фармон Тошев.
("Халқ сўзи" газетасининг 2020 йил 10 июнь, 122-сонидан олинди)